Пайшанба, 19.09.2024, 22:36
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

ТУМАНДАГИ ОДАМЛАР
Мирзоҳид Мирзараҳимов
(1943 – 1997 )

Ўзим ҳақимда

Мен қишлоқ (Ўш вилояти Қорасув туманидаги Наримонов қишлоғи)да деҳқон оиласида туғилганман (1943 йил 16 сентябрь).

Ўрта мактабни битирибоқ (1960 й.) жумҳуриятда чиқадиган “Қирғизистон ҳақиқати” рўзномаси вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) рўзномасига айлантирилиб, Ўшга кўчиб келган куни редакцияга ишга кирдим ва унинг биринчи сонини чиқаришда қатнашдим. Дастлаб корректор ёрдамчиси, сўнг корректор, адабий ходим, масъул котиб ўринбосари, маданият бўлими мудири бўлиб ишладим. Тошкент Давлат дорилфунунини сиртдан битиргандан сўнг (1970 й.), масъул котиб лавозимига тайинландим...

...Мен умримни, куч-қувватга тўлган ёшлик давримни шу рўзномага бағишладим. Мен бунга заррача ачинмайман, аксинча, фахрланаман. Чунки у мени ёзишга ўргатди, одамларга танитди, обрў келтирди.

Ёзиш – ниҳоятда қийин ва масъул иш. Лекин журналист дала-яйловларни яёв кезиб, узун тунлар ширин уйқусидан кечиб ёзаверади. Негаки, ёзиб бўлиб ҳориган, эзилган вужудида шундай ҳузур-ҳаловат ҳис этадики, мана шу қийноқ-азоблардан кейин келадиган ширин туйғуга худди гиёҳвандлардай ўрганиб қолади. Ким қандай-ю, мен бировларнинг топшириғи ёки тирикчилик учун эмас, мана шу ёзиш машаққатларидан кейин келадиган ҳузур ва ифтихор учун, кўнгилдаги гапларни одамларга баралла айтиш имкониятига эга бўлганимдан фахрланиш туйғусидан маст бўлиб ўттиз йилдан ортиқ муттасил ёздим.

Бугун орқамга қараб, ўз-ўзимдан суюнаман. Бу севинч ва кўнгил хотиржамлиги шундаки, ҳар қачон, ҳар бир шароитда ўз манфаатимни кўзлашдан, таъмагирликдан ҳазар қилдим. Кимнинг аравасига тушсанг, ўшанинг ашуласини айтасан деган гап бор. Худога минг қатла шукрки, яёв юрсам юрдим, аммо шу пайтгача бировнинг аравасига мингашмадим, ўзимнинг сўқмоғимдан ўз қўшиғимни баралла айтиб келдим.

...Дастлабки шеърий машқларим рўзномада юз очгач, насрда ҳам қалам синаб кўрдим.

Ҳозирги тўқимачилар шаҳарчасининг (ХБК – М. С.) қуйироғидан оқиб ўтадиган сой бўйида капамиз бўларди. Дала ишлари бошланганидан то ҳосил йиғиштириб олингунча, шу капада яшардик. Капа олдида лой супа, супа устида тол ходаларидан тўсин терилиб, ялпиз ёпилган чайла бўлгич. Бир томонимиз қовунпоя, иккинчи тараф пахтазор, сойнинг нариги бети – бедапоя.

Далаларни кезиб юриб болалигим ўтган ўша мўъжаз капамиз, чайла атрофига бувим эккан майда баргли тим қора сада райҳонлар, чайла тўсинларига илинган сепоялар, косалардаги сут бетидан сузиб олинган широбчалар хотирамга тушди. Ялпиз боғламидан “от” қилиб сойда оққан бир-биридан шўх, бир-биридан содда тенгдошларим кўз олдимга келиб, ичимда ўт ёнди. Шудринг босган қовунпоя, субҳу саҳарларда тарс-тарс ёрилгучи шакарпалак хаёлимни олиб қочди. Полизда ёриб еган хамак ҳиди димоғимни қитиқлади... Ва бир кун қўмсаш ва соғинчдан зор қақшаган юрагимга таскин бериш истагида қўлимга қалам олиб, ўша кўз ўнгимда мангу муҳрланиб қолган лаҳзаларни бор ҳолича чиза бошладим. Шундай қилиб, насрдаги биринчи машқим “Висол” (“Шарқ юлдузи”, 1965 й.) дан кейин “Қовун сайли” дунёга келди. Дастлабки машқи “Шарқ юлдузи”дай мўътабар журналда ёруғ кўрган мендақа бошловчи қаламкаш ўзини осмону фалакда кўради. Бу, албатта, менга катта рағбат берди. Бирор нарсадан юрагим орзиқса, ниманики соғинсам, уни тансиқ билан одамларга илиндим – бор-борича ёзавердим. Улар тўпланиб охир “Ойдин тунлар” (“Ёш гвардия” нашриёти, 1974 й.) деган китоб бўлди. Ёзувчи Ўткир Ҳошимовдан хат келди.

Кейинги иккинчи китобим “Оқ булутлар”да (“Ёш гвардия” нашриёти, 1977 й.) ўша беғубор болалигим ўтган дала, сой бўйларини қўмсаш янада кучайди. Энди соддадил, уятчан, опамдай меҳрибон, меҳнаткаш дала қизлари кўпроқ хаёлимни тортди. Ниҳоятда ҳурмат ва эҳтиром билан, эҳтиёткорлик ва меҳр билан худди ўзимнинг опам ёки синглим қатори уларни таърифлашга ҳаракат қилдим. Ҳеч қачон кўрмаган, танимаган филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Маҳкам Маҳмудовдан совға-китоб келди. Китобда шундай дастхат бор: “Умримнинг бошланишида руҳимизни арши аълога кўтарган маънавий бойликларимизни йўқолишдан асрашга интилган дўстларимдан энг яхшиси Мирзоҳидга”. Танимаганим ҳолда китобларим орқали шундай улуғ одамларга энг яхши дўст бўлганимдан қанот чиқариб осмонларда учдим.

Пойтахтда узоқда, бунинг устига, қўшни жумҳуриятда яшаётган мендай бир одамга Ўзбекистоннинг барча матбуот ва нашриётлари эшиги кенг очиб қўйилди. “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Ёш куч”, “Муштум” жаридаларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномаси ва бошқа рўзномаларда ҳикоя ва қиссаларим ҳеч қандай тўсиқсиз тез-тез босилиб туради. “Ёш гвардия” нашриётида “Нурли занжир” номли туркум ҳикояларим (“Чашма”, 1983 йил) ва “Нурафшон олам” (1985 йил) китобим босиб чиқарилди. 1990 йили эса “Ёзувчи” нашриёти қисса ва ҳикоялардан ташкил топган “Куйган кеча” китобимни олтмиш минг нусхада чоп этди...
Касалликка чалингач, асосан ижодий иш билан шуғулланяпман. Кейинги пайтда “Бобом ҳақида ҳикоялар” туркумида ўндан ортиқ ҳикоя ва бир қисса ёздим. Бобом – Расул ота аравасоз уста эди. Амакиваччам – Усуб полвон – дурадгор. Бобом тасвири, ундаги бағрикенглик, соддалик, ҳар нарсадан яхшилик ахтариш фазилатларини икковларидан олганман. Албатта, кўп ўринларда дадам ҳам бор. Уни Мирза чаққон дейишарди, ўзи деҳқон бўлса-да, қўлидан келмаган иш йўқ эди...
Ўтганларни эслаган сари ўз-ўзимдан ҳафсалам совийди. Ердан оёғим узилиб, бошим осмонга етмай муаллақ ҳолда аллақандай ҳавойи ҳис-туйғуларга қул бўлиб, беҳуда орзу-ҳавасларнинг орқасидан қувиб, умрим ўтиб кетибди. Умр деганлари бир чимдим, беш кунлик экан-ку бу дунё! Буни нечун тушунмадим?! Яна ўзимга тасалли бераман: “Тушунмаган бир сен эмас, умри охиригача буни ҳеч ким тушунмайди, Мирзоҳид”.

3 март 1997 йил.

Тумандаги одамлар
(Ҳикоя)

– Туман эди, қора туман, икки қадам нарини илғаб бўлмайди, – энтикиб-энтикиб деди аёл. – Мен қизчадан орқароқда тургандим. Қизча икки томонга тез-тез қаради-ю, олдинга юрди. Бирдан... машина чийиллади, бир нима “гуп” этди, қизча ожизгина ингради... Бошқа ҳеч нарса билмайман, оёқ-қўлим музлаб қотиб қолдим.
– Туман бир оз тарқаб қолганди-ёв, – аниқлик киритди ўрта яшар мўйлабли киши, – бўлмаса “Жигули”нинг ранги оқ, олдинги номери “00” эканини кўролмай қолардим.
– Мен тахминан ўттиз-қирқ тезликда келаётгандим, – деди қайиш шляпа кийган ёш йигит, – у мени эллик-олтмиш қадам нарида босиб ўтди. Тезлиги етмишдан кам эмасди.
– Чироғи ўчиқ-ёниқлигини эслайсизми? – сўради ДАН ходими.
– Нега эсламай, тезлиги, бунинг устига, чироқни ёқмагани учун ғижиниб бораётган эдим ҳамки, унинг тормоз чироқлари ёнди, машина ўнг томонга сурилиб бориб, яна ўша тезликда кўздан йўқолди.
Гувоҳлар кўп эди. Ҳали ўрнидан қўзғалиб улгурмаган автобусдаги одамларнинг ҳеч бири ишдан кеч қолаётганини ўйламас, атрофдан келиб қўшилаётган тамошаталаб кишиларга ҳозиргина содир бўлган даҳшатли фожеани ҳар ким ўзича тушунтирарди. Шу пайт оломоннинг кўзи кўча ўртасида югуриб келаётган аёлга тушиб, тисланиб йўл беришди.
– Қизим, қизим! Қани у? Қизим қани?! – аёл ДАН ходимлари ип тортиб ўраб қўйган майдонда думалаб ётган таниш портфелни кўрибоқ “дод”лаганича бошига муштлай-муштлай беҳуш қулади.

* * *

Қизни кечга яқин худди ғўла ўтиндай оқ чойшабга ўраб бердилар. Кутиб турганлар унча кўп эмасди. Улар бош эгганича чуқур қайғуга чўмиб Одил акани зимдан кузатиб турардилар. У иродаси зўр эркакларга хос мардонавор бардош билан келгандан буён бир нуқтага тикилганича ювош ўтирарди.
Қизнинг жасадини кўтариб остонада пайдо бўлган қора халатли ранги заҳил кампирни Одил ака биринчи бўлиб кўрди. Сапчиб ўрнидан турди, бироқ, ерга михлаб ташлангандай оёқлари қимирламади.
– Қизим! – у қўлларини олдинга чўзди. – Жоним қизим!
Одил ака қизини уйда кўрди. У ухлаб ётганга ўхшарди. Узун-узун қайрилма киприклари бир-бирига омонат илашиб, бир нима демоқчидай юпқа лаблари хиёл очилиб қолганди. Гўё қўғирчоғига алла айтаётгандай маъсум бир ифода унинг чеҳрасини ёритиб турарди. Ота қизига узоқ тикилиб ўтирди, кейин унинг уйғонишига астойдил ишонган ҳолда туташ қошлари, кенг пешонаси, ипакдай майин сочларини силаб аста-аста:
– Қизим, қизим, – деди.
Ҳовлида ҳукмрон бўлган аёлларнинг аянчли фарёди остида ота кўксидан чиққан илтижоли бу нидо юракларни тешиб юборди. Бир томондан хотини, иккинчи тарафдан катта қизи унинг бўйнига осилиб шундай дод солдиларки, бошларини кўксиларига осилтириб оғир чайқалиб ўтирган маҳалла чолларининг ҳам елкалари силкинди, лекин биргина Одил ака йиғламади, хотинининг қўлини астагина бўйнидан олди, тасалли бергандай қизининг елкасига секин-секин уриб қўйди.
Шундагина Одил аканинг сабр-қаноатига ўзларича ҳамду сано айтиб ўтирган кексалар қалбига ғулғула тушди. Киши бардошли бўлгани яхши, бироқ ҳар бир нарсанинг ҳам чегараси бор-да. Бу чегарани бузиш оқибатсиз қолмайди.
Кексалар ташвишида жон бор эди. Бирдан бошига тушган тақдир зарбасидан Одил ака қаттиқ лат еганга ўхшарди. У қизига термулганича киприк қоқмай тонг оттирди. Фақат майитни сувга олиш пайтидагина ўрнидан турди. Каттаю кичик қизни унга қайтиб кўрсатмаслик керак деб ҳисобларди. Бироқ бундай шафқатсизлик кимнинг ҳам қўлидан келсин. Балки сўнгги видолашув таъсир қилар: бирдан у чўчиб уйғониб кетар, булар ҳаммаси тушида эмас, ўнгида бўлаётганини билиб қолар. Йўқ унда ўзгариш бўлмади. У охирги бор яна қизининг юзлари, лаблари, ияги, қулоқлари, сочларини силади. Худди кечагидай аста-аста, умид ва ишонч билан ёлворган оҳангда:
– Нодира, қи-зим, – деб чақирди.
Шунда қизнинг кўзлари ярқ этиб очилди-ю, ҳамманинг кўксида аянч ва ҳайрат тўла “оҳ” деган нидо отилди. Кимдир кафти билан қизча кўзларини беркитди, кучли қўллар Одил аканинг икки биқинидан даст кўтарди...
Орадан икки кун ўтди. Одил ака эшик олдига саҳар чиқади, кечқурун кириб кетади. Ким келди, ким кетди – иши йўқ. Бир нуқтага тикилганича ўтираверади. Фожеанинг учинчи куни соат саккизлар бўлиб қолганди. Ер бағирлаб ётган туман эндигина тарқалиб, кўчада сумка кўтарган ўқувчи қизлар мактаб томон ўтиб борардилар. Йўл четида энгашиб туфлиси ипини боғлаётган қизча илгарилаб бораётган ўртоғини чақирди:
– Барчин! Тўхтаб тур, ўртоқ.
Шунда атрофдагилар Одил аканинг бирдан сесканиб ўрнидан туриб кетганини кўришди. Барчин қизининг энг яқин ўртоғи бўлиб, Нодира унинг номини оғзидан туширмасди. Улар ҳамиша бирга ўйнашар, бирга дарс қилишар, мактабга ҳам бирга бориб-келишарди. Энди унинг Нодираси йўқ, Барчин бошқа қизга ўртоқ, унинг ўртоқлари кўп...
Бугун Нодиранинг туғилган куни. Буни Одил акадан бошқа ҳеч ким билмаяпти, эсламаяпти. У ўнга тўларди. Уйларида тўй бўлиб кетарди. У қўғирчоқдай ясаниб олар, худди бутун умрини меҳмон кутиб ўтказган бекалардай ўта бир синчковлик, ҳушёрлик билан эшикдан кирган ўртоқларини қаршилар, шилдироқ қоғозга ўралган дафтар, қалам каби совғаларни улар қўлидан оларкан, севинчдан кўзлари порпираб кетарди.
Ўтган йили қизининг туғилган кунида қуёш чарақлаб турганди. Якшанба бўлганидан Одил ака уйда эди. У, қизлар уялмасин деб, ташқарига чиқмаган, лекин ҳаммасини деразадан кузатиб, завқ-шавққа кўмилиб ўтирганди.
Бугун эса Нодиранинг “уч”и. Энди ҳеч қачон қизининг туғилган куни нишонланмайди. Уни табриклагани ўртоқлари келишмайди. Одил ака совға қидириб югуриб-елмайди, қизининг исмини ёздириб махсус торт қилдирмайди. Энди унинг “пайшанба”си, “йигирма”си, “қирқ”и келади, маъракаси, йили бўлади. Кейин аста-секин унутилади, гўё ҳеч қачон Нодира бўлмагандай...
Одил ака дам каттайиб, дам кичрайиб, иккала ҳолатда ҳам симобдай оғирлашиб кетаётган бошини икки чеккасидан маҳкам қисди. Авваллари ҳам қур-қур боши оғриб турарди. Бундай азобли дамларда одатдагидек эшик олдида кутиб олувчи қизи қулочини ёзиб югуриб келарди-да, отаси кўзларидаги зўраки жилмайиш пардалаб турган ҳорғинлик ва азобни дарҳол сезар, бирдан маъюсланиб, маҳзун бир оҳангда:
– Оғриб қолдизми, дада? – деб сўрарди.
– Салгина бошим оғрияпти, қизим.
Шўрлик қизчанинг ўша дамги ҳолати, нигоҳидаги жонсарак жовдироқ... Бирдан улғайиб оналардай меҳрибон, жонкуяр бўлиб қоларди у. Отасининг юз-кўзларидаги ифодадан бутун истагини кўриб турар, елиб-югуриб зумда уни бажо этарди. Ётиб ёстиққа бош қўйиши билан жажжи кафтини пешонасига босар, бемор оғриқ ўрнида ором ҳис этарди. Балки Одил акага шундай туюлар, оғриқ бутунлай йўқолиб кетмас, уни сезиш йўқолар. Ҳар қалай, медицина тан оладими, йўқми – қон босими кўтарилган отага қизнинг ҳолати, унинг мўъжизакор қўллари магнезия, диабазолдан минг чандон тезроқ таъсир қиларди.
Энди у йўқ. У капалакка айланиб учиб кетди...

* * *

Эшикдан тобут чиқмаган бўлса-да, ҳовли ўртасидаги оқ мармар ҳовузда рангдор балиқчалар ўйноқлаб сузиб юрган, қатор уйларнинг пештоқлари нақшдор, деворларига товус ва кийик расмлари туширилган бу хонадонда ҳам уч кундан буён мотам ҳолати ҳукм сурарди. Ҳол сўраб келаётган казо-казоларнинг кети кечаю кундуз узилмас, улар эркатой ўғилнинг саёқ юришидан, шунинг оқибатида, оила бошига ёғилган фалокатдан куйинган отага тасалли берардилар.
– Қасддан қилмаган-ку ахир, – дейишарди улар, – бола туманда яқиндан югуриб чиқиб қолган, янаям шукр қилинг, ўзига шикаст етмабди.
– Шамолдек учиб юрарди, бир балога йўлиқмаса деб жон ҳовучлаб турардим.
– Бўлар иш бўлди, болани койиш билан иш битмайди, бошқа йўлини қидириш керак.
– Нима қилай?
Йўл кўрсатувчилар кўп эди. Бири врачларни қўлга олиш керак деса, бошқаси ҳамма ишнинг жилови терговчида дерди. Яна бири гувоҳлар билан тил топишиб, улар кўрсатмасини ўзгартириш ҳақида маслаҳат берса, бошқаси даъвогарнинг икки энлик қоғози ҳаммасини ҳал қилади, дея билағонлик қиларди. Хуллас, пул бўлса чангалда шўрва.
Уч кун хонадон тепасида ваҳимали сангуллаб турган “энди нима қиламиз” деган зил-замбил жумбоқ шу тариқа ечилди. Ҳамма бирдан ҳаракатга тушиб, мотам ҳолати ишчанлик вазияти билан алмашинди. Эшик тагида қатор тизилиб турган машиналар ҳар тарафга тирқираб кетди.

* * *

Одил ака аста келиб тўхтаган нотаниш оқ “Волга”га одатича бепарво кўз ташлади. Машинадан тушаётган қизил юзли, нуроний чолни кўриб, дарвозанинг икки тарафида қатор тизилиб ўтиришган одамлар баравар ўринларидан туришди. У салобатли қадам ташлаб, айвондаги чорпояда мудраб ўтирган қариялар томон юрди. Ўз иззатини яхши билувчи меҳмон тўридан кўрсатилган жойга чиқиб жойлашиб ўтирди. Кейин атрофга бир қараб олиб, хотиржам қиёфада қироат билан тиловат қилди. Дуодан сўнг ҳам у ўрнидан қўзғалмади, ҳар замон пиёладан чой ҳўплаб, инсоф, диёнат, мурувват ҳақида маъруза айтиб ўтираверди. Ниҳоят, шом палласи авра-астар тўни ичидан кийган оқ кителининг кўкрак чўнтагидан тилла занжирли соатини олиб қарагач, томоқ қириб ўтирганлар диққатини ўзига тортди, “бизга рухсат” дея ўрнидан қўзғалди. Номаълум меҳмоннинг кетиши ҳам келиши каби сирли бўлиб, у кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Чорпоядаги мўйсафидлар анча фурсат бир-бирларига гал бермай унинг фазилатлари, улуғворлиги, сухандонлигини мақтаб ўтиришди. Кимлигини эса ҳеч ким билмади.
Майдалаб ёғаётган ёмғир туни билан ҳам тинмади. Бугун пайшанба бўлганидан ҳали тонг отмай турибоқ кишилар саф-саф бўлиб кела бошлашди. Хафақон бош эгган оломон орасида иззатталаб кишилар ҳам йўқ эмасди. Улар кўзлари олазарак бўлиб азадорни излашар, гўё “мана мен келдим, кўриб қўй” деяётганга ўхшарди. Бир пайт яна кечаги сирли меҳмон пайдо бўлди. Бугун у ёлғиз эмасди. “Волга” билан кетма-кет тўхтаган юк машинаси кабинасидан қадди-басти, юз-кўзи айнан ўзига ўхшаган ўрта яшар киши тушиб, унга эргашди. Нотаниш меҳмонлар ҳадеганда кетишга ошиқмасдилар. Вақт чошгоҳдан ўтиб, келди-кетди анча сийраклашгач, оқсоқол салмоқлаб гап бошлади.
– Яратганнинг иродаси шунақа экан, биз – мўмин бандаларнинг шукр келтирмоқдан ўзга чорамиз йўқ. Кимнинг қандай одамлиги бошга мусибат тушганда билинади. Дўсту ёрон, қавму қариндош синовдан ўтади. Мана биз ким етти ёт – бегона эдик, лекин бу мусибатдан бизнинг оила ҳам ларзага келди. Шундай оғир кунларда ҳамдард бўлгани, хонадон қайғусини бўлишгани, тақдир тақозоси ила рўй берган тасодифий фожеада ноихтиёрий иштирокимиз учун сиз – аҳли донишмандлардан узр сўрагани келдик.
Худди қадимий ғаройиб куй тинглаётгандай кўкракларига сангуллаб тушган бошларини ликиллатиб ўтирган “аҳли донишлар” бу оҳанграбо куйнинг мағзини бирдан чақолмай карахт бўлиб қолдилар. Ниҳоят, меҳмон машинадаги юкларни тушириб олиш ҳақида кўрсатма бергач, кексалар бош кўтариб журъатсизгина бир-бирларига қарашди. Анча жимликдан сўнг чорпоя қирғоғида ўтирган маҳалла комитетининг раиси Мирвали тоға ўрнидан аста қўзғалиб, кўча томон юрди.
Тўрт қоп ун, бир қоп гуруч, нақ буқадай келадиган қора қўчқор, аллақанча қанд-қурсдан иборат машинадаги юкни кўриб Мирвали тоға нима қиларини билмай қолди. Бир оз боши қотиб тургач, Одил аканинг ёнига келди, минг бир андишада тутила-тутила унга воқеани айтди.
Одил ака индамади. У ҳеч нарса эшитмагандай энди ҳеч қачон туғилган куни нишонланмайдиган қизини ўйлайверди. Қизи кечадан бери унинг хаёлида капалак бўлиб учиб юрарди. Қанотлари чиройли, гулдор. Ёмғирда ҳўл бўлиб, қулаб тушмаса деб қўрқарди у. Лекин унга ёмғир тегмас, отаси атрофида айланиб учишини қўймасди. У баъзан шундай яқиндан учиб ўтардики, ота қизининг нафас олиши, баданининг иссиғини шундоққина ҳис этарди. Капалак энди отасининг соқолли юзлари, тарашадек қурушқоқ лабларини искалар, боши, елкаларига қўнарди. Шунда Одил аканинг карахт вужуди ширин жимирлаб кетар, димоғига тоғ ёнбағрида ҳозиргина юз очган бинафшанинг беғубор иси урилгандай бўларди.
Мирвали тоға гапини такрорламоқчи бўлиб Одил акага қаради-ю, аянчли ғусса чўккан нигоҳига дуч келиб, кўзларини олиб қочди. Ҳозир унга бировнинг муруввати ҳақида оғиз очиш нақадар пасткашлик эканини бирдан англаб, ўз-ўзидан орланиб кетди.
Қора қўчқорнинг барра гўштини кўз олдиларига келтирган заҳоти оғизлари сўлакка тўлган сулҳпарвар чоллар, кимлиги ошкор бўлгач, аввалги улуғворлигини йўқотиб, кўзларига энди сатанг хотинлардай кўриниб қолган меҳмонга нима деб жавоб беришларини билишмасди. Бугун юкни тушириб қолиш мумкин эмаслиги ойдай равшан, бироқ эртанги кундан умид узмаслик керак.
Ёмғир остида ивиб, шалоббоси чиқиб кетган рутубатли жума тонги ҳам отди. Оқшом деворга суянганича мизғиб қолган Одил ака бугун бир оз тетик кўринар, кўзлари, ҳаракатларида безовталик сезиларди. У, афтидан, қизининг қайси томондан учиб келишини кутарди. Шу пайт эшик тагида яна оқ “Волга” тўхтади. Бахмал дўппи, амиркон маҳси-ковуш кийган чол ёнидан ўтиб борар экан, у Одил ака кўзига мушук бўлиб кўринди. Юввошгина, юмшоққина...
Одил ака сесканди. Қизини бир зум унутгани, бошқа биров ҳақида ўйлагани унинг хотирасига хиёнатдай туюлди.
Тушга яқин шабада қўзғалди. Ота кўнглида умид уйғонди. Ёмғир тинди, офтоб чиқди, бироқ қизи келмади, эртасига ҳам, индинига ҳам. Ҳар куни оқ “Волга” келаверди, бахмал дўппи, амиркон ковуш-маҳси кийган сатанг чол кўз олдидан лип-лип ўтаверди. “У нега келади, унга нима керак?” Ниҳоят унинг мақсади аён бўлди. Икки энли қоғоз! Даъвойим йўқ деган икки оғизгина сўз! Ахир фарзанд доғини бир оила тортиб тургани етмайдими? Яна бир оила зор қақшаганидан кимга наф. Ахир шу билан қизча тирилиб келса, у нафақат набирасини, бутун оиласини бағри кабоб отанинг оёқлари остига келтириб ташламасмиди?
Чолнинг кундалик келишлари, ғаройиб маърузалари зое кетмаганди. Ҳар галгидек ҳозир ҳам уни мўйсафидлар таъсирланиб тинглашар, у ҳақ гапни айтаётганига шубҳа қилишмасди. Бироқ бу беозор, юмшоқ чол билан жабрдийда ота ўртасида воситачилик қилишга ким журъат қилади?
Гап икки томоннинг бўлишида, ўртачилар ҳамиша топилади. Таажжубки, улар хайрли иш қилаётганларига шубҳа қилмайдилар. Бундай “шарафли” вазифани ўз зиммасига олган Мирвали тоға жон куйдириб гапираркан, жабрдийда ота шундай хулоса чиқарди: “Демак, чекаётган изтироблари бекор. Бу мен ўйлаганча оғир фожеа эмас. Йўқотиш қанча катта бўлмасин, топилдиқ ҳам шу қадар улкан. Бир қизимнинг ўрнини шундай катта, бадавлат, саховатли оила тўлдирай деб қўл қовуштириб турибди. Салгина имо қилсам, бас, қизлари сочи билан эшигимни супуришади, ўғиллари ўла-ўлгунимча ёнимга суянчиқ. Қанда мўъжиза!”
Жасади устига чиқиб бамайлихотир тепкилаётган бу имонфуруш қўшмачи устидан, уни ўртага қўйиб
Ишнинг оқибатини кутиб ўтирган тамошабин одамлар дастидан дам дод солгиси, дам қаҳқаҳа отиб кулгиси келарди унинг. Лекин уни ким тушунади? Бу муросасоз оломонга ҳозир икки энли қоғоз керак. Бусиз унга тинчлик йўқ.

* * *

Муроди ҳосил бўлган чолнинг қораси ўчди. Бироқ тўртинчи куни эрта наҳорда, ҳали қарға нонушта қилмай туриб, кўча бошида яна оқ “Волга” кўринди-ю, Одил аканинг таъби тирриқ бўлди. У ёлғиз эмасди. Машинадан Одил ака ишлайдиган мактаб директори, шаҳар маориф бўлимининг мудири ҳам тушди. “Уларни нега бошлаб келдийкин, яна нима истайди у?” Ҳар гал бошини қуйи эгиб, ўғри мушукдай ўтиб кетадиган одам бугун дадил келиб, Одил акага қўл узатди. Одил ака кўришар экан, худди юмшоқ, шилта балчиқни ушлаб олгандай сесканди. Димоғига гуп этиб қалампирмунчоқ ҳиди урилди. Улар нари кетгач ҳам, ўткир ҳид тарқамади. Одил акага қўли қонга беланиб қолгандай туюлди, худди олов ҳўплаётгандай нафас олиши оғирлашиб, ҳовли этагидан ўтадиган анҳор томон одимлади.
Анҳор унча катта бўлмаса ҳам, болани бемалол оқиза оларди. У мана шундан қўрқарди. Ишдан қайтганда, баъзан қизи дарров дарвоза олдида кўринмаса, то уйга киргунча, ўпкаси бўғзига тиқилиб қоларди. Ажабо, нега шундай? Бир кунмас бир кун фалокат юз бериши, қизидан ажраб, қақшаб қолишидан ҳамиша қўрқиб яшарди у. Ҳолбуки, бу ҳовлида ундан бошқаям уч қиз, икки ўғил ҳеч қандай хавф-хатарсиз вояга етганди. Нега бунчалар аярди уни? Умри шунчалар қисқа эканини ота юраги сезганмикин?
“– Яна баҳор келди. Анҳор лимшиб оқяпти, новдаларда куртаклар чок-чок кўксини ёряпти, қушлар чуғур-чуғур қўшиқ айтишяпти, ана қуёш ҳам чиқиб келяпти, мен қандай чидайман, қизим!”
“– Сиз полвонсиз, сабр қилинг, дадажон!”
“– Овозингдан ўргилай, қизим, қаердасан, дийдорингни бир кўрай!”
“– Чок ёраётган куртаклар – мен, сайроқи қушлар – мен, юзингизни силаётган офтоб менман, дадажон!”
Одил аканинг хаёли бўлинди. Орқасида томоқ қириб шарпа бераётган Мирвали тоғага норизо қаради.
– Меҳмонлар кутиб қолишди, – деди у журъатсизгина, – ахир улар сизни деб келишган.
Одил ака индамади.
– Биласизми, – деди Мирвали тоға бош кўтариб, –тунов кунги қоғоз ўрин ўтмабди.
– Нима қилай? – Одил ака суҳбатдошининг калтакесакники каби совуқ, кичкина кўзларига қаттиқ тикилди. – Улар учун бошқа қонун чиқариб берайми?
– Отангни ўлдирганга онангни бер, деган гап бор, бунда ҳикмат кўп, иним, келинг, яна яхшилик қилинг.
– Хўш, айтинг, нима қилай?
– Улар керакли одамлар билан гаплашибди, ҳамма гап сизда қопти. Шу денг... ҳалиги...
У гапиролмади. Бошига тегиб турган тол новдасини синдириб, майда-майдалаб сувга улоқтира бошлади.
– Қийналманг, айтаверинг...
– Улар яхшиликни ерда қўйишмайди, нима десангиз хизматингизга тайёр.
– Истаклари нима?
– Арзимаган нарса. Фақат ўша тилхатга бир оғизгина қўшимча бўлса бас.
– Қандай?
– Шу... улар дейдики, агар... қиз сал ҳалигидай... ё... кўзлари ожиз бўлса...
– Войдод! – Одил ака қўлларини кўкка чўзди, сўнг юрагидан ўқ еган арслондай бошини чангаллади. – Эвоҳ! Қандай кунларга қолдим, қи-зим!
Одил ака кўз ўнгида гавдаланган Нодира бу гал жовдирамади, тасалли бермади. Бу не кўргулик, бу не даҳшатки, кўзлари йўқ эди унинг! Ота энди бардош беролмади. Кўксидаги зардоб лиммо-лим коса қаттиқ чайқалиб, таранг тортилиб турган асаб торлари чирт-чирт узилиб кетди. Кўзи тинди, қулоғи шанғиллади, вужуди музлади. Қора қуюн уни чирпирак қилиб осмонга кўтарди. Ер, қуёш, осмон гир айланди... Қушлар, куртаклар, анҳор – борлиқ аралаш-қуралаш бўлиб кетди...
Бошини чангаллаганича букчайиб қолган Одил акадаги ўзгаришни Мирвали тоға дарҳол сезмади. Кейин унинг кўзларига кўзи тушиб, сесканди.
– Сизга нима бўлди?!
Одил ака бирдан чўчиб уйғонгандай атрофга аланглади.
– Қани? – деди у.
– Нима?! – Мирвали тоға қўрқиб кетди.
– Беринг! – деди Одил ака қўлини чўзиб. – Беринг, деяпман!
– Ё алҳазар! – ёқасини ушлади Мирвали тоға. – Нималар бўляпти ўзи?
– Сиз олгансиз, беринг, қизимнинг кўзларини беринг!
Мирвали тоғанинг ранги қув ўчди. Даҳшат қотиб қолган кўзларини Одил акадан узмаган ҳолда кетига тисарилиб бораркан, оёғи чалишиб йиқилди, ўрнидан туриб, бошидан учиб кетган дўпписига ҳам қарамай қочди.
Одил ака уни орқасидан қўлини чўзганича узоқ турди. Охири қўллари толди, кўзларини туман босди.
– Беринглар, – деди у ялинган оҳангда, – қизимнинг кўзларини беринглар...


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: МИРЗОҲИД МИРЗАРАҲИМОВ
Кўрилди: 774 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0