Жума, 20.09.2024, 04:33
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Элга қилган яхшилигинг, меҳнатинг қолар.
Шукруллохон Авлиёзода
1940 йилнинг 11 январида Ўш вилоятининг Лайлак туманидаги Андархам қишлоғида туғилган. Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетини битириб, 1963 йилдан нафақага чиққунга қадар Овчиқалъачадаги 37-Ўрта мактабда Ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган.
Шоирнинг шеърлари 70-йиллардан бошлаб вилоят ва жумҳурият матбуотида босилган. "Қадр" ва "Ёруғлик одамлари" мажмуаларига туркум шеърлари киритилган. "Қўшқанот" (2004) ва "Муножот"(2010) номли китоблари нашр этилган. Рубоийлари тожик тилига таржима қилиниб, нашрга ҳозирланган.
Шукруллохон Авлиёзода овчиқалъачалик ижодкорларнинг чин маънодаги устози, Ўқитувчиси эди. Шоир 2009 йилнинг 20 ноябрида Овчиқалъача қишлоғида вафот этди.
Ҳар йили шоир Шукруллохон Авлиёзода хотирасига бағишлаб анъанавий шахмат мусобақаси ўтказилмоқда.


ҲАМШИРАГА

Дарпардани туширма, синглим,
Ташқарини кўриб ётай мен.
Йўлакларни тўлдириб ўтган
Ёш-қарини кўриб ётай мен,
Дарпардани туширма, синглим.

Ожизгина жилмаяр қуёш,
Киролмасдан менинг ёнимга.
Ҳув, дарахт ҳам аста тебрар бош,
Раҳми келиб бемор жонимга,
Ожизгина жилмаяр қуёш.

Чумчуқ чирқиллайди бутоқда,
Ёлғизликка бардош беролмай.
0чиққанми, дон илинжида
Мусичалар ку-кулар тинмай,
Чумчуқ чирқиллайди бутоқда.

Бир болакай учирди варрак,
Ёдга солиб олов ёшлигим.
Ҳаёт яна кўринди гўзал,
Тарқаб кетди кўнгил ғашлигим,
Бир болакай учирди варрак.

Деразамни очиб қўй бирпас,
Янгилансин хонам ҳавоси.
Қаердадир тўй бўлаяпти—
Чалинмоқда сурнай навоси,
Деразамни очиб қўй бирпас.

ЁЛFОН ИШҚДАН АЙИР МЕНИ, ОЛЛОҲИМ

Оллоҳ, ақл бердинг, ўзингни топдим,
Излаб-излаб охир сўзингни топдим,
Сочларим оқариб ўзимни топдим,
Ўзлигимдан айирмагин, Оллоҳим,
Қанотимни қайирмагин, Оллоҳим.

Шўх дарёдек тўлиб тошдим ёшликда,
Яхшилардан кулиб қочдим ёшликда,
Йўлдан чиқиб дедим, ахир, ёшликда,
Тўғри йўлдан адаштирма, Оллоҳим,
Кўзларимни қамаштирма, Оллоҳим.

Дедим: Ўйнаб қолай, дунё ғанимат,
Маъшуқни куйлаган наво ғанимат,
Ёрга ошиқлигим илоҳий неъмат,
Ёлғон ишқдан айир мени, Оллоҳим,
Чин севгига қайир мени, Оллоҳим.

Май улфатим бўлди ҳар шом, ҳар саҳар,
Некбин умидларим кетдилар бадар,
Тилларим дарғазаб, вужудим заҳар,
КЎнглимни ҳаромдан пок эт, Оллоҳим,
ДЎст деб билганимни хок эт, Оллоҳим.

Айбимни шайтонга тўнкаганим рост,
Душманлик қилгандан олдим мен қасос,
Ранжитдим бегуноҳ дилни беасос,
Ўзимни ҳақ билдим ҳар вақт, Оллоҳим,
Фақат Ўзинг ҳақсан, барҳақ, Оллоҳим.

Пушаймонман букун қилган ишимдан,
Баҳор деб билганим қаттиқ қишимдан,
Титрайман қўрқув-ла кўрган тушимдан,
Ўтган умрим сароб бўлди, Оллоҳим,
Юрган йўлим хароб бўлди, Оллоҳим.

Ичдим қақшаб даҳрийларнинг онтини,
Маймун дедим боболарнинг отини,
Ёлғон-яшиқ бирла тўлди ботиним,
Ботинимни ҳалол қилгин, Оллоҳим,
Бу бандангни увол билгин, Оллоҳим.

Мен бир нотавон қул–гуноҳкор банда,
Сен олий ҳимматли шоҳи бахшанда,
Тонгла машҳар куни этма шарманда,
Нуринг зиёсидан ичир, Оллоҳим,
Неки қилган бўлсам кечир, Оллоҳим.

1989.

СЕН КЕТАРСАН

Сен кетарсан қайтмас бўлиб, хизматинг қолар,
Элга қилган яхшилигинг, меҳнатинг қолар.

Бу дунё бир қўнимгоҳдир, сен бир мусофир,
Меҳмон билан бўлиб еган неъматинг қолар.

Хасис бойлар зиқналикдан ўлиб кетсалар,
Сахийликдан тоғдек бўлиб ҳимматинг қолар.

Саховатли кишиларнинг қадри баланддир,
Юрт биносин пештоқида қимматинг қолар.

Етим-есир, бечорага ош берсанг агар,
Fариб дилда нақшланган тўйхатинг қолар.

Эзгу ишда яхшиларга ҳамдам бўл мудом,
Яхшиларнинг дафтарида рўйхатинг қолар.

Шошил дўстнинг дийдорига фурсат ғанимат,
Кетар вақтинг кўзида ёш улфатинг қолар.

Кўнгилларни забт эт ширин ашъоринг билан,
Жаҳон олган жаҳонгирдек қудратинг қолар.

Гал бермасдан сўзлайверсин маҳмадоналар,
Эй Шукрулло, эл оғзида ҳикматинг қолар.

1996.

БУЮК АРМОНИМ

Давлат сўрамадим сендан Оллоҳим,
Тилаганим бўлди фақат омонлик.
Беадад шукрким, етибди оҳим,
Кўрмадим элимдан зарра ёмонлик.

Мансаб сўрамадим сендан Худойим,
Дедим: обрў бергин, этма шарманда.
Ҳамду сано бўлсин номингга доим,
БЎлдим яхшиларга азиз-арзанда.

Юсуфнинг чиройин этмадим ният,
Дедим: чор мучалим бутун бўлса бас.
Ўзингга муносиб ҳусну латофат,
Жамолингни кўрмоқ муқаддас ҳавас.

Рустам қувватини орзу қилмадим,
Чиқмаган жонимга айтдим шукрона.
Сендек паҳлавонни ҳаргиз билмадим,
Жумла жаҳон ичра Ўзинг ягона.

Аҳли аёлимга қўймадим меҳр,
Фарзандлар шунчаки, дедим ёрдамчи.
Пари-пайкарда йўқ сендаги сеҳр,
Меҳру муҳаббатда ўзинг бирламчи.

Ошнолар орттирдим яхшию ёмон,
Гоҳи жабр кўрдим, гоҳи мурувват.
КЎрмадим сенингдек дўсти бенуқсон,
Сен менинг кўнглимда энг олий ҳилқат.

Эй менинг ишонган умид қўрғоним,
Ёлғиз топинганим--танҳо саждагоҳ.
Сенга нисор бўлсин буюк армоним,
Қутлуғ даргоҳингдан бер менга паноҳ.

Йиғлаб тиланганим—дийдоринг кўрсат,
Ҳуснинг зиёсидан роҳатлар олай.
Бу ошиқ қулингга айла шафоат,
Ширин оғушингда мангуга қолай.

ОРТИҚ

Оқиллар булбули гўёдан ортиқ,
Сўзлари асалу ҳалводан ортиқ.

Аҳли таъмизларга туҳфа қил жонни,
Жононлар бўлолмас донодан ортиқ.

Ҳушхулқу ҳалимлар элда мукаррам,
Беамал олиму муллодан ортиқ.

Кўнгил овлагувчи жанда кийган дўст,
Банорас чопонли ошнодан ортиқ.

Ҳамиша очиқ юз, гулгун чеҳралар
Тунда порлаб турган Зуҳродан ортиқ.

Бир оғиз ширин сўз хаста дилларга
Луқмон Ҳаким қилган даводан ортиқ.

Шукрулло, забонинг қандга йўғрилган,
Сўзинг эркаловчи наводан ортиқ.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (02.11.2012) | Муаллиф: Шукруллоҳ Авлиёзода
Кўрилди: 739 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0