Пайшанба, 19.09.2024, 13:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ЯНГИ ҚЎШИҚЛАРДАН
ЯНГИ ҚЎШИҚЛАРДАН
Муғанний
Алишдим
Муҳаббат деб, ишонганим сароб чиқди,
Ёшларимнинг шўри қуриб, зардоб чиқди,
Ҳасратларим ҳисобласам юз боб чиқди -
Достонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Ишқимизни кўролмаган кўзлар еди,
Ирқимизни ўйланмаган сўзлар еди,
Иккимизни оҳлар еди, бўзлар еди -
Армонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Ким кўрибдур ишқ аҳлининг доносини,
Гулистондан ортиқ кўрар саҳросини,
Ким айтодур бу хилқатнинг маъносини -
Чистонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Бир лаҳзага армонлари йўқлар қани?
Иймонидан кўнгуллари тўқлар қани?
Юрагимни орзу қилган ўқлар қани -
Зиндонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Келин тушган кўчангдан жим ўтиб кетдим,
Хатларингни остонангга отиб кетдим,
Борлиғимни арзонгина сотиб кетдим -
Эҳсонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Қоматингни кўрган бўлсам суманларда,
Йўл йўқотдим ҳижрон деган туманларда,
Қолармидим сен юрмаган чаманларда -
Карвонларга алишдим, мен, муҳаббатни.

Май тафтидан ёниб кетган майхонаман,
Оловланиб Кўкка етган парвонаман,
Чин ошиқлар ватан тутган остонаман-
Осмонларга алишдим, мен, муҳаббатни.
19 апрель 2003

Соғинчларинг ғунчалар
Юрагимнинг ҳавозаси тўкилди,
Муҳаббатнинг дарвозаси бекилди.
Ишқимизни ҳавас қилган йўлларга,
Айрилиқнинг овозаси экилди.

Ситамларинг қийнар энди ўзингни,
Мужгонларинг игналайди кўзингни.
Ялинсам ҳам бўйлатмаган сочларинг,
Кўчамизда юмдалайди изингни.

Оҳ, мунчалар золим қизга берилдим,
Ёр кўнглида танҳоман деб, керилдим.
Муҳаббатда омадлари кулмаган,
Ошиқларнинг қаторига терилдим.

Қолганмиди кўнглинг мендан шунчалар,
Юзларингдан уздирмадинг кулчалар.
Ширмонларинг хаёлимдан синдирсам,
Кўзларимда соғинчларинг ғунчалар...

Бор экан-да, йўқ эканда муҳаббат,
Оч экан-да, тўқ эканда муҳаббат.
Бахши айтган афсонага айландик,
Ортга қайтган ўқ эканда муҳаббат.

Битмас экан қайтган ўқнинг яраси,
Камон отса мерганларнинг сараси.
Яраланган ошиғингни бир ўпгин,
Шифо бўлсин лабларингнинг шираси...
4 декабрь 2003


Рукн: Шеърият | Қўшди: Rahimjon (10.02.2014) | Муаллиф: Муғанний
Кўрилди: 780 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0