Пайшанба, 19.09.2024, 22:38
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ЙИҒЛАМА ЁР
ФАРХОДЖОН ЧЎТБОЕВ
Олабуқа райони


ЙИҒЛАМА ЁР
Хаёлингда ёшлигингдан бўлсам пайдо,
Аввалгидек қувлаб юрсам бўлиб шайдо,
Хотиралар юрагингда чалса наво
Йиғлама ёр!

Ёдга тушса сенга мактуб ёзганларим,
Васлинг истаб кўчаларинг кезганларим.
Муҳаббатнинг боғидан гул узганларим.
Йиғлама ёр!

Ойдин тунда уйқуларинг кетса қочиб,
Илк севгидан эртак айтса ой нур сочиб,
Дил дафтаринг варақласанг бир- бир очиб,
Йиғлама ёр!

Тақдир деган ҳакам бордир бу дунёда,
Шоҳларни ҳам юргизаркан у пиёда.
Сенга бахтдан тахт тиласам мен зиёда,
Йиғлама ёр!

Ҳасратингда йиқилсам гар беҳуш бўлиб,
Осмонларга руҳим учса жон қуш бўлиб,
Излаб борсам сени гоҳо мен туш бўлиб,
Йиғлама ёр!...

ЛОЛАЛАР
Зангор, қизил куйлак кийибди,
Кўзларига сурма қўйибди.
Жамолини кимлар суйибди,
Очилгандан қизил лолалар!
Зангор, қизил сирға тақибди,
Бошин эгиб ерга боқибди.
Қай кўнгилга ўтлар ёқибди
Очилганда қизил лолалар!
Зангор, қизил куйлак кийибди,
Кўриб шоир бағри куйибди.
Йўлларига бошин қўйибди
Очилганда қизил лолалар!

СИЗНИ СОҒИНДИМ
Отмаган тонгларда қолган қуёшим,
Кўнглим армони-ю битмас бардошим.
Кипригим остида пинҳона ёшим,
Оҳларим боиси, эй бағритошим,
Сизни соғиндим!
Йўллари узоғу, ўзи яқиним,
Юракка ўт ёқиб кетган чақиним.
Руҳим ороми-ю, соя-салқиним,
Тилимда такрорим, суюк талқиним
Сизни соғиндим!
Дейдилар: учратмас бир тоғни бир тоғ,
Фақат сизга аён қалбимдаги доғ.
Ўтибди неча йил, неча фурсат, чоғ.
Ёнган юрагимни ўртаб бир сўроқ
Сизни соғиндим!

***
Яшаш қийин, нақадар оғир,
Бўйнимдаги гуноҳлар билан,
Улар эзар вужудни доим,
Кўнгилдаги гувоҳлар билан!
“Тақдир” дерлар, уни ўзим яратдим,
Чамандан бир гули зебо сўратдим,
Ғунчасин кўрибоқ узмоқ бўлибман,
Очилганда нечун йўлга қаратдим!...

***
Оҳудек ҳуркаккина, оҳудек зийраккина,
Дунёда тополмассиз, харидор биздаккина.
Сўзлари майингина, ваъдаси қийингина.
Арзим айтиб, оҳ десам, сўз демас тайингина,
Қошлари қаламгина, йўллари чамангина,
Чорасиз қўйдинг мени, қилди кўп аламгина!

***
Нарги қирғоқ, нарги қирғоқ, мунча йироқсан,
Пешонамга тақдир битган мунгли фироқсан.
Ўтолмайман, етолмайман, кетолмайман ҳам,
Доим мени чорлаб турган, сўнмас чироқсан!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: Фарходжон Чўтбоев
Кўрилди: 842 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0