Жума, 20.09.2024, 02:22
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Кўзларинг домига илиндим, Зебо
АБДУЛҲАҚ
***
Капалак қонини симиргим келди,
Капалак қонига бўялсин дилим.
Армонлар, ўкинчлар бағримни тилди,
Мен сенга барибир етмадим, гулим.

Соғинчим синиқди, сарғарди, синди,
Руҳим суягига қайғулар қўнди,
Йўлинг пойлаб дилим кўзлари тинди,
Мен сенга барибир етмадим, гулим.

Қўмсашлар қалбимга ҳолсиз бош қўйди,
Нигоҳинг ёшим-ла юзга ёш қўйди.
Дилим кўзларига ғамлар қош қўйди.
Мен сенга барибир етмадим, гулим.

Капалак қонини симиргим келди,
Суякларин бир-бир емиргим келди,
Симириб, емириб, семиргим келди,
Мен сенга барибир етмадим, гулим.
***
Кўзларинг домига илиндим, Зебо,
Оҳ, на қадар теран, на қадар чуқур.
Бундан қутулмоқлик мушкулдир, аммо
Қутулмоқ истамас хаёлим – учқур.

Бундан тортиб олма сочларинг билан,
Ютиб юборса ҳам майлига кўзинг.
Майлига, розиман бир умрга ман
Кўзларингда қолсам, бўлиб маҳбусинг.
***
Ғамзада ғунчалар ғуж-ғуж ғунчалар,
Бўғзимни тўлдирар фарёд-унчалар,
Чечагим, бинафшам, билсанг шунчалар,
Соғиндим,соғиндим.

Бўлаклаб бағримни минг ва юз мингга,
Узун-узун шеърлар битдим исмингга,
Гоҳи буддийлардек, жоним, расмингга
Соғиндим, Сиғиндим.

Дунёнинг не-не чўнг тошин кўтардим,
Ғанимнинг эгилган бошин кўтардим,
Севгимнинг руҳсиз бир лошин кўтардим,
Йиғладим, Йиғладим.

Орзулар сўнгида гуноҳ яралар,
Гуноҳлар сўнгида бир “оҳ” яралар,
Мен ғарибга қачон паноҳ яралар,
Билмадим, Билмадим.
***
Рақибим беаёв қилганда ҳужум,
Қўлларим кўксимни этганда ғижим.
Кўриб барча ҳайрон турганида жим,
Ёлғиз онам куяр, биргина онам.

Кимдир кўкка элтса, бериб отини,
Сўнгра олиб қўйса, кўкдан шотини...
Азоб эзганида қалб қат-қатини,
Ёлғиз онам куяр, биргина онам.

Жигаримни бўлиб бўлак-бўлакка,
Қурт симириб тушса, оҳ, семирмакка.
Менинг учун куйса, дунёда якка –
Ёлғиз онам куяр, биргина онам.

Қарғалар қағиллаб, учиб уфқда,
Фойдаланса келган мудхиш совуқдан...
Умримга қўйилса гар сўнгги нуқта,
Ёлғиз онам куяр, биргина онам.

***
Юзларимда қолган оёқ изи бор,
Мажруҳ юрагимда тирноқ изи бор.
Бул бармоқларимни ёндиргувчи, оҳ,
Эҳ, бармоқларимда бармоқ изи бор.

Йиллар олиб кетди хушларимни-ей,
Ардоғлаган нозик қушларимни-ей.
Тилкалаб, порлаб руҳларимни-ей.
Кўксимда абадий пичоқ изи бор.

Суҳбатингни тинглаб, қонмадим ўзим,
Талпиндим, топмадим, тонмадим ўзим.
Кўкка етди, сенга етмади бўзим,
Кўзларимда тийрон қароғ изи бор.

Тўкилар руҳим ҳар сайраган найдан,
Ишқни қайта-қайта қайраган найдан,
Хаёлимни бетин ҳайдаган найдан,
Найларам, абадий чақмоқ изи бор.

Йўлларингни пойлаб, карахт бўлдим мен,
Сувларингга ташна дарахт бўлдим мен,
Сўқмоқларда қолган бебахт бўлдим мен,
Қалбимда топталган байроқ изи бор.

Юзларимда қолган оёқ изи бор,
Мажруҳ юрагимда тирноқ изи бор.
Бул бармоқларимни ёндиргувчи, оҳ,
Эҳ, бармоқларимда бармоқ изи бор.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (14.08.2012) | Муаллиф: Абдулҳақ
Кўрилди: 1006 | Рейтинг: 5.0/2

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0