Пайшанба, 19.09.2024, 22:31
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ОНА ЮРТ
ҚЎЛДОШ МИРЗО
Ўш

ОНА ЮРТ
Мен – сенда
Сен- менда, она юрт.
Сенсиз мен бир қўнимсиз булут.
Гоҳида йўқ, гоҳида борман,
Манзил излаб бўшлиқда хорман.
Сен чироқсан қалбим қасрида,
Қалбим сенсиз –нурсиз хонумон.
Мен ҳам сенда чироқ аслида,
Менсиз сен ҳам жонсиз биёбон.
Мен – сенда
Сен мендасан, юртим.
Неки даврон – мен сенда сурдим.
Сен ўзану мен эса дарё,
Дарё бўлмас ўзансиз асло!

ЎҚИЛМАГАН КИТОБ
Мени ўқи, болам, мен ўзим китобман,
Гоҳ жавоб кутиб ғўдайган хитобман.
Гоҳ тишлари ғижирлаган итобман,
Гоҳида ободу гоҳо харобман,
Гоҳо сокин дарё, гоҳо шитобман.
Хулласи, мен ўзим оташу обман.
Мени ўрган, болам, чистон чаққандек
Чақ обдон,
Мен мазмуни чақилмаган китобман.

СЎЗЛАР
Сон минглаб сочларим тўкилди
Китоблар орасига.
Кўзларим қорачиғи эврилди
Сиёҳнинг қорасига.
Сўзлар... теграмда нуқул сўзлар.
Сўзлар... гўё ота ва онам.
Дунё топиб оширган болам,
Еру кўкка улоққан нолам.
Сўзлар... сиз оға ва иним,
Опа ва синглим,
Қоғоз қўйнидаги барҳаёт кўнглим.

ЎШ ҚИЗИНИГ НИДОСИ
Бобур Мирзо, эсингдами?... Ўш қизиман мен,
Ватанингнинг қалбингдаги изиман мен.
Она шаҳрим кўчасида кўрганман сени,
Сирли, соҳир кечасида кўрганман сени.
Содиқ дилим Барокўҳга айланган, билсанг,
Тақдиргинам тақдирингга бойланган, билсанг.
Дилим узра сен тиклаган ҳужра – иморат.
Иморатки, муҳаббатдан мангу далолат.
Кўйда эмас, кечаларда қайтгин сен энди,
Дил розини юлдуз бўлиб айтгин сен энди.
Маъзур тутгин, тушларда-ку учрашмоқ – мубоҳ,
Учрашувга, майли, шаҳрим бўлсин бир гувоҳ.
Мени чақир, “Ҳурқиз” дея шоён қил нидо,
Ўша замон мен “Ҳувв” дея бергум акс садо.

МЕН МАҚОМ ТИНГЛАЙМАН

Мен мақом тинглайман...
Соғинганимни
ундан топаман.
Асрлар аёзида тўнғганимни
ундан топаман.
Пирим Навоийнинг қутлуғ изини
ундан топаман.
Бобур боғларининг турфа исини
ундан топаман.
Фарғонанинг ёш-шанг чоғини
ундан топаман.
Бувигинам тинч қучоғини
ундан топаман.
Жумла жаҳонга айтар сўзни ҳам
ундан топаман.
Қиблагоҳим, отам, Сизни ҳам
ундан топаман.
Мен мақом тинглайман, кўзларимда ёш...
Ундан топаман сен ҳам, Халқим!
Мен мақом тинглайман, кўтараман бош:
Яшамоққа бор хали ҳаққим!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: Қўлдош Мирзо
Кўрилди: 754 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0