Пайшанба, 19.09.2024, 22:20
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ПАРЧАЛАНГАН ДИЛ
Абдураҳим ҳожи УБАЙДУЛЛОҲ

ПАРЧАЛАНГАН ДИЛ

Нетар кўнгил, агар тақдир урар ниш,
Нетарки ул ҳаёлидур фаромиш.
Киши илкида йўқдирки ихтиёр,
Қадар чоҳида сақлар эрса турмуш.
Нетар кўнгилки топмас ҳаловат,
Ҳаловатдин топар эрса ҳиёнат.
Бузуб вайрон этарга жаҳд этгум,
Кўнгилдин топмадим асло адолат.
Варақлаб нетурсан тафтиш- дилозор,
Кўнгилнинг китобин тўлдирди озор.
Қиёси йўқ они ранжи макони,
Қилур ҳис ўзни бунда беэтибор.
Эй кўнгил кетайлик олис, йироққа,
Шу йўлдин етайлик ягона ҳаққа.
Бевафо бу даҳр унутсин бизни,
Айланиб кетайлик замин - тупроққа.

ХОЛИС СЎЗ

Пасту баланд ўтар умр карвони,
Устига ортилган ҳақ имтиҳони.
Сарбон ўзим дема, адашиб ногоҳ,
Аслида тангримдир унинг сарбони.
Банда қайдан билсин борар манзилин,
Азобу роҳатму қай бири, бу кун,
Агар бахт тиларсан дин ичра изла,
Ўргану ўргатгин динини сокин.
Фосиқ боши узра дин вазмин келар,
Шариат тартибин бузар сар – басар.
Фитнадан мўминлар бўлди нотовон,
Виқор суннатида амал мухтасар.
Эй азиз, ҳовлиқма бу катта ҳикмат,
Ҳикмат ила мақбул бўлур шариат.
Ўргану ўргатгин, такрор айтаман,
Холислик ўзи бир катта ибодат.

ЧАРЧАДИМ

Чарчадим тангрим таъоло, расволиғимдан чарчадим,
Дилдаги дардим билурсан, танҳолиғимдан чарчадим.
Қўрқаман осийлиғимдан, турлий азобинг бор сани,
Маъсиятларга ҳанузлар, ҳамролиғимдан чарчадим.
Беадад куксимда оғриқ офият жонимда йўқ,
Кичкина бағримда юзлаб ғавғолиғимдан чарчадим.
Юз тубан этди фалакким, меҳнатлари қаддим эгиб,
Бош тутиб дунёда бепарволиғимдан чарчадим.
Сенга ҳақ мустар бўлай деб зор этурман куну тун,
Воҳ ажаб бегоналарға ошнолиғимдан чарчадим.
Лек муҳаббат сенга ёлғиз, сенга боғлиқ оқибат,
Ҳар нафас элчинг кутиб терс донолиғимдан чарчадим.
Эй раҳим, тангрим суяр, дардинг гўзал, меҳринг гўзал,
Оқизиб битдим меҳрни, дарёлиғимдан чарчадим.

К Е Ч

Жонга ниш урса фалак, бевафо дунёни кеч,
Жон азиз, жонон азиз, бесамар ғавғони кеч.
Эгма бош фосиқ агар тутса шамшир бошинга,
Сотма иймон гавҳарин, ҳам гадо ҳам шони кеч.
Бахт эмиш жумбоғ тугун ечгали доно керак,
Бўлмаса доно рафиқ, ундайин донони кеч.
Жонки ўз жонинг эрур, ўзга жон олмас ғаминг,
Кимки оҳинг билмаса, ундайин расвони кеч.
Келдингу дунё сари, ихтиёринг йўқ эди,
Бўлмаса соҳилда бахт бу шитоб дарёни кеч.
Учма ҳар ким пандига ногоҳ онанг панд берур,
Бўлмаса пандида ҳақ у зарар тақвони кеч.
Эй раҳим, қавлинг ажаб, не алам дил доғлади,
Чун зарар берган киши бўлса ҳам лайлони кеч.

НАМОЗХОНЛАР

Миллатим рамзи, очиқ хужжат намозхонлар,
Диёнатнинг сархати, қудрат намозхонлар.
Агар дин бўлмаса бош кимга қилур сажда,
Таниб онг бирла ҳақни, хикмат намозхонлар.
Балоғат кези очгай лавхи амалларга,
Тутар масъул ҳаётинг, қиммат намозхонлар.
Дилим ҳаргиз чекмаса хайбат яратгандан,
Яқиндир мозор яна ибрат намозхонлар.
Беш маҳал анхор суви пок айласа жисмим,
Қолурму хеч бадандан ахлат, намозхонлар.
Рўзи махшар сўроқлар роббим аввало,
Намоздандир ҳисобо, хазрат намозхонлар.
Мусулмон миллатидир барча намоз аҳли,
Ўгайдир бенамозга миллат, намозхонлар.
Намоз дил ҳузури, жону гавҳари иймон,
Бўлур сўнгги сўзимга сархат, намозхонлар.
Қоронғу қабрда ким хол топмади ночор,
Бошим узра муҳаққил-улфат, намозхонлар.
Икки элчи сўроқлаб қабримга келгай,
Жавобимдир намозим, холат намозхонлар.
Сиротнинг панжаси тиғ, йўли қилдан нафис,
Бўлур икки қанотим тоат, намозхонлар.
Киши содиқ намозга қолмас пушаймонда,
Топар олий оқибат-жаннат, намозхонлар.
Қилиб парво намозга дилдан ўқинг холис,
Топарсиз минглаб фазилат намозхонлар.
Намоз покиза этди мункар, фахш фелдан,
Бенамозлик кўп гуноҳ иллат, намозхонлар.
Қулар ислом устуни кибру риёлардан,
Вайлнинг чохида кўп ҳасрат, намозхонлар.
Намозсиз ўтган умр зое, қилинг фарёд,
Қазосини тиклангиз, албат намозхонлар.
Раҳим сен ҳам намозга парво қилурсан оз,
Сақар тоғи эслаки, қат-қат "намозхонлар".

ЮРАК ЖОН МАНЗИЛИ

Юрак жон манзили, умр чироғи,
Асли бир парча гўшт, жасад яроғи.
Уни булғаб бўлмас нопок ризқ ила.
Танингни суғорур конинг булоғи.
Айтчи.
Унга зийнат бўлмаса тақво,
Бўлмаса саломат покиза виждон,
Ўртамаса уни ишқ деган савдо,
Уни ёритмаса нур ила иймон.
Исён кўтармаса куфр, фитнадан,
Қояга бош уриб бўлмаса дарё,
Қуёшдек тафтидан куймаса бадан,
Қўрқинч номусидан қилмаса ҳаё.
Кўрмаса кўзлари адл тобутин,
Хали, хануз унда ўлик бўлса қалб,
Тош каби бетасир турса у матин,
Ягона эътиқод топмаса у таъб.
Хануз мухмал бўлса тентак сой каби,
Кунга боқар мисли ичи пук поя.
Асли харсанг – ёниб турса ой каби,
Шухрат ёнида у узилмас соя.
Ватангадо бўлса ватанда туриб,
Яшаса эхтиёж дардини уриб.
Эркнинг сийнасини тирнаса хиссиз,
Охир тупроқ сари йўқолса изсиз.
Дардсиз ўтса хануз билмай хидоят,
Кўнгил навосига қилса итоат.
Шунчалар кўр бўлса идроки кўзи,
Бу юракка қандай қилурсан тоқат!
Даханида нафас тутган бир хайвон,
Ризқидан хашарот ютганин қара,
Агар ҳақдан юрак бермаса фармон,
Лайқага кўмилган оддий қурбақа!

ТАҚВО КЕРАК

Бир ушоқ нон ерда ётса, олгани тақво керак,
Ҳақ учун ҳақ сўзни дилга солгани тақво керак.

Эй азиз, кўнгилни қиста, тоййиба даргоҳида,
Бе мисил бахтдир хидоят билгани тақво керак.

Заррадек солех амалдин хорланиб кетсин риё,
Токи камтарлик сафида қолгани тақво керак.

Беамал тўти забондин олма тақво дарслигин,
Ҳар оқибатнинг ўйига толгани тақво керак.

Изладинг дунёни аммо, ҳар улуш тақдирдадир.
Бе самар ўтган умрдан кулгани тақво керак.

Рўзи махшар кун сўроқ кўп давлату ҳар дам учун,
Дилни эллик минг йилида тилгани тақво керак.

Эй раҳим, тақвони холис ушлаким, ширкдир риё,
Ҳақ учун ҳақ сўзни дилга солгани тақво керак.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Абдурахим (24.06.2013) | Муаллиф: Абдураҳим Ҳожи УБАЙДУЛЛОҲ E
Кўрилди: 852 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0