Пайшанба, 19.09.2024, 22:33
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

САБР ЧЕЧАКЛАРИ
АЪЗАМ РАҲИМ
ЎШ


УЧОҚДАГИ ТАШБЕҲЛАР
Осмонинг мағриби алвон лолазор,
Машриқдан ёйилар бўри галаси.
Шом қоронғусида осмон муқаддар.
Сукунатни ёрар учоқ ноласи.

Мени чорлаётган шафақ устида,
Аждарнинг қиличдай тили узаяр.
Гўёки ямалмай ютмоқ истаги
Амррига бўйсуниб мордай бўзарар.

Чоғдай ойнагача тинчи бузилган,
Пароканда еллар урилар увлаб,
Қуйига қарасам кўкдан узилган,
Юлдузлар товланар бир-бири қувлаб.

Кўзга ташланади ястанган тоғлар,
Ер бетига сингиб кетаётгандай.
Қандайдир ҳижиллик дилимнм боғлар,
Қалбда умид шамси ботаётгандай...

Йўқ, йўқ, умидим ул доғли шафақда,
Бораман журъатдан оқ тортиб.
Майли илинжларим ҳиммат қилмаса,
Қайтарман ул қора доғларни артиб...

ҚАСД
Ғуссага айланиб борур илинжлар,
Тотли ҳаёлларни ортда қолдириб.
Бешафқат ғулғула қалбим хивичлар.
Ҳукм сураётган сукутни ёриб.

Ўз жонимда бордек етилган қасдим,
Бир зум ҳам ором йўқ менинг дастимдан.
Тилка – пора бўлган афтода жоним,
Судраб кетяпман баланд-пастимдан...

Тарс этиб ёрилиб кетгудек бардош,
Тобора юксалиб борар осмонга.
Ҳар бир инқироздан кўзимдаги ёш,
Дарёдай қуйилар шўрбағир жонга...

Бир туйғу уйғонар илҳақ кўнглимда,
Сарсари тебраниб умид елига.
Кучли ҳаяжондан,
ташвиш-ғанимдан,
Вужудим чўмилар терлар селида.

Оҳ, бу тушовини йўқотган дунё,
Сайқаллаб туради армонларимни.
Яна жон кўринар туманлар аро,
Овутиб бу инжиқ туғёнларимни...

***
Дилимда уйғонса ғаш тўла уммон,
Бардош беролмаса бунга ҳеч сабрим,
Қирғоқларни излаб қолса ҳар замон,
Сен фақат ҳукм қил, менга, эй, қалбим!

Боши берк кўчага кириб қолсам гар,
Ташна бўлиб кетса қонимга қоним,
Йўлимни тополмай қийналиб кетсам,
Фармонингни бергин, менга виждоним!

Шак келтириб қўйсам билмай тангрига,
Ажратолмай қолсам яхши-ёмоним,
Аввал иллатларим юлиб олгин, сўнг
Мустаҳкам қалъангдан жой бер, Имоним!

***
Жонимни минг битта бўлакка бўлиб,
Бир гиёҳ умримча сурилиб,
ўлиб,
Япроқ қисматидан азобга тўлиб,
Ёзаман сабрнинг чечакларини...

Совуқдан қалтирар қоғозда сўзлар,
Бир умр қийнагай термулган кўзлар,
Қаламим ўзимдан аввалроқ бўзлар,
Ёзаман оғриқнинг куртакларини...

Шикаста кўнгилнинг юзи сарғаяр,
Хаёл аросатда қолиб киртаяр,
Юрагим менимас,
севгимни аяр,
Ёзаман ҳижроннинг эртакларини...

Тўлишган ойнингда битта ками бор,
Тақдирнинг бағрига шамол тегмай хор,
Соғинчни ҳовучлаб югураман зор,
Ёзаман кўнгилнинг тилакларини...

РУҲИЯТ
Мўъжизалар кутиб яшайди юрак,
Қуёшга тик боқмоқ бўлар кўзларим.
Ўзимни тушунмай бу жоним халак,
Ғаддора фалакдан келар бўзлагим.

Кўзларимга ботиб кетади қуёш,
Дилимни эгаллар зулумот, қадар.
Тилимда калдираб сўзларим адош,
Ботиний ҳайқириқ бўғзимда қолар.

Қулоқларимдадир сойнинг шовқини,
Балки теракларга овунчоқ шамол.
Қалбимда туғилган вулқоннинг ини,
Оний сукунатга тилайди завол...

Ногаҳон кўкдаги бир илоҳий нур,
Сутдайин ёритар зулмат қаърини.
Вужудимга тўлар оловли ғурур,
Ёриб бу муқаддар ғашлик бағрини.

РИЗҚ
Ўзи нима бўляпти, эгам,
Тушунолмай қолдим ўзимга.
Тор кўринар бу ёруғ олам,
Ботиб кетган зулмат кўзимга.

Дўстларни ҳам озурда кўнгил,
Негадир ҳеч хушламай қолди.
Завқ оларди кўкка боқсам дил,
Термулишдан нигоҳим толди.

Юрак, сендан сўрайман ҳамон,
Бўлиб қолдинг бучалар маъюс.
Руҳиятим сезгандек осмон,
Қуюқлашар, олар қора тус.

Зор қақшатиб фалакни чақмоқ,
Ёмғирлардан элчи юборар.
Шошиб биллур томчилар шу чоғ,
Танбеҳ билан бошимни ёрар.

Кел, атрофга термулгин бир пас,
Қандай гўзал бу қайсар дунё.
Тутқичини ушлаб олсанг бас,
Азобларинг бўлур бир рўё.

Умидларни сочиб йўлингга,
Кутар сени Бахт исмли қиз.
Тангри таоло берган қўлингга,
Умр деган энг муқаддас ризқ.

ЁЛҒОН
Ҳиёнатнинг икки қизи бор.
Телба Иккиланиш – каттаси.
Қариб қолган кўнглида ғубор,
Шундан доим қўлда паттаси.

Кичик қиз – чи гўзал ёлғоной,
Қизмисан қиз бўлди,
етилди,
Уялгандан, хатто кўкда ой,
Бағрин пора-поралаб тилди.

Рақибаси Ишонч чидамай,
Шубҳа билан ўзини сўйди.
Иккиланиш турмушга чиқмай,
Ёлғон бурун болалаб қўйди.

КУЗ
Абрнинг кўксида илон болалар,
Уфқ ҳам қизармас,
куймайди лаби.
Елвизак тиллари ҳар ён оралар,
Жимликни кўтармас табиат таъби.

Сўкибми ё шу дам кимнидир қарғаб,
Қағиллаб ўтади дайди қарғалар.
Заминга бахмалдан поёндоз тўшаб,
Дарахтдан тўкилар тилло сирғалар.

Узуқ-юлуқ эслаб қолар дарахтлар,
Далли шамолларнинг эртакларини.
Гўё табиат ҳам унутиб қўяр,
Баҳорнинг тилаган тилакларини.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: АЪЗАМ РАҲИМ E
Кўрилди: 907 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0