Жума, 20.09.2024, 02:20
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Сен кетдинг аста-аста
МУҒАННИЙ
Оқбуранинг суви тезроқ оқиб кетсин,
Ёрим умр йўлдошига ёқиб кетсин.
Бизга висол эшикларин очолмасдан,
Деразадан гирён-гирён боқиб кетсин....

Бир кунда Ёр бегонага айланди-я,
Ёт уйига келин бўлиб сайланди-я,
Ваъдаларин унутолмай қийналди-я,
Исмим тезроқ эсларидан чиқиб кетсин.

Бу йўллардан армон ўтар охири йўқ,
Муҳаббатда ул гўзалдан моҳири йўқ,
Достон битар Зуҳроси бор, Тоҳири йўқ,
Ёзганларин ёлғиз ўзи ўқиб кетсин.

Бир умрли ҳижронига бор тоқатим,
Ёқармикин ёрга шундай садоқатим,
Ҳар баҳорда эсга тушиб муҳаббатим,
Кўзларига оқ мунчоқлар тақиб кетсин...
1988

Олам қайтди замин қаъридан,
Онагинам, бир сен қайтмадинг.
Гўдак қалбим қувонтиргани
Чечаклардан салом айтмадинг.
Аллаларинг соғиндим, Она.

Ҳаёлимда нурли жамолинг,
Фарёдимда туганмас фироқ.
Уринтирма ўзгинангни, деб
Айтганларинг ёдимда, бироқ –
Аллаларинг соғиндим, Она.

Қалдирғочлар сени эслашиб,
Бир зумгина қолдилар тинчиб...
Сўнг, йиғлашиб кўз ёшларини
Кипригимга кетдилар санчиб...
Аллаларинг соғиндим, Она.

Соғинчимни сиғдиролмадим,
Сенга қўйган қабр тошимга.
Афсоналар ҳақ бўлса агар,
Тушларимга қайтгил қошимга...
Аллаларинг соғиндим, Она.

Титратиб қўй киприкларимни,
Кўз ёшларим турса эринчак.
Тебратиб қўй ҳаёлларимни,
Ҳаёлларинг менга беланчак...
Аллаларинг соғиндим, Она.

*****
Орзуларим оғулаб, сен кетдинг аста-аста,
Бормоқдаман ёҳулаб ортингда хаста-хаста.

Мен телба ошиғингни қайларга еткирурсан,
Икки қўлимдан айлаб зулфингга баста-баста.

Гулга гул берган ошиқ, қайда жазога лойиқ?
Мен сенга гуноҳкорман гул тутиб даста-даста.

Ҳам мени қийнаюрсан, ҳам ўзинг йиғлаюрсан,
Билмасмидинг, нигоро, жонинга жон пайваста?

Жонимни нишон айлаб, ғамзангни ҳаволатма,
Раҳм айлагил бир бора, норастаман, нораста.

Пойингда адо бўлсам, ўзгага даъво қилма,
Ул жоду кўзларингдан жонимни иста-иста.

Наволанма Муғанний, сен телбага сон қайда,
Ёр йўлинда ошиқлар турганда раста-раста.
1984



Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (03.09.2012) | Муаллиф: Муғанний
Кўрилди: 1076 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0