Пайшанба, 19.09.2024, 22:26
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Қўшиқлар
МУҒАННИЙ
Кечиролмадим

Боқсанг, юрагимда тирноқ излари,
Йилларки, исмингни ўчиролмадим.
Сўнса-да севгининг қайноқ ҳислари,
Хотира тошларин кўчиролмадим.

Хиёнат тиғидан тоймади кўнгул,
Ўзининг қонига тўймади кўнгул,
Ўрганган корини қўймади кўнгул,
Хаёл қушларини учиролмадим.

Мен сендан кечдиму, кўнгил кечмади,
Шаҳид кетса, кетди – сиринг очмади,
Қисмат мозорида бир шам ўчмади.
Қонталаш кўйлагин ечиролмадим.

Мозорим бошидан бир ўтолмаган,
Ёлғончи гўзални унутолмаган,
Ўзининг ёшларин қуритолмаган,
Бетайин кўнглимни кечиролмадим.

Яраш-яраш қилайлик
Кел ёнима, Зулхумор, яраш-яраш қилайлик,
Аразни қўй, кел, хумор қараш-қараш қилайлик.

Йўлингга гул поёндоз, булбул куйи интизор,
Кел, дилга ким тез олов қалаш-қалаш қилайлик.

Қувлашиб ўйнашайлик, ҳайрон қолсин чаманлар,
Бир олмани иккимиз талаш-талаш қилайлик.

Муғаннийни унутма, наволарим маст қилсин,
Мен сенга сен менга бахт тилаш-тилаш қилайлик.

Вой аламжон...

Ёт уйида "ёр-ёр" бўлди, вой аламжон, жон алам,
Ёр ўзгага ёр бўлди, вой аламжон, жон алам.

Ёрга оҳим етмасму, видолашиб кетмасму,
Янгалар ҳушёр бўлди, вой аламжон, жон алам.

Ваъда берган гул қолсин, иншонган булбул ўлсин,
Муҳаббат бозор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Қочгани йўл кўп эди, чўккани кўл кўп эди,
Айрилиқ шиор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Тўйга борганлар айтсин, ёрни кўрганлар айтсин,
Кимга ким кўп зор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Гадо бўлди Муғанний, адо бўлди Муғанний,
Суянганим тор бўлди, вой аламжон, жон алам.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Rahimjon (12.07.2013) | Муаллиф: МУҒАННИЙ
Кўрилди: 1264 | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0