Пайшанба, 19.09.2024, 22:10
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Матбуот

Ғайрат УСМОНОВ: ОЛОВ ЎЧМАСА БЎЛДИ
Даврон Ҳотам суҳбатлашди

"IJODKOR"нинг бугунги суҳбатдоши санъат оламида ўз ўрнига, ўз овозига эга бўлган хонанда Ғайрат Усмонов бўлди.

Ғайрат Усмонов билан боғланиш унчалик қийин бўлмаган бўлсада, хонанданинг тўй хизматлари сабаб суҳбат учун қулай вақтни узоқроқ кутдик. Ва ниҳоят суҳбат фурсати келгач, вақт ажратганига миннатдорчилик билдириб, саволларни бера бошладим.

Ғайрат ака, ижодингиздаги сўнгги янгиликлардан хабардор қилсангиз?

Ҳозир, мухлисларимизга ҳавола этилган сўнгги "Ёр-ёр айтамиз" клипидан сўнг яна бир клипни суратга олдик. "Тақдир" деб номланган бу қўшиқнинг сўзи Мирзо Каримники, клипини эса Дилмурод Абдулҳамидов ишлаган.

Аксарият қўшиқларингиз Муғанний сўзи билан яратилган. Муғанний шеърларига биринчи марта қачон мурожаат қилгансиз?

Биринчи бор Муғаннийнинг китобидан "Бугун сизнинг уйингизга ёр ёр келар" шеърини олиб қўшиқ қилганмиз. Бундан кейин шоир ўз қўли билан "Бетайин кўнгил" шеърини ёзиб берган. Кейин эса бу кишининг ижодидан яна бир қатор қўшиқлар яратдик. Масалан, "Яраш-яраш қилайлик", "Ажаб иш бўлди" шулар жумласидан. Боя айтганим охирги қўшиғимиз "Ёр-ёр айтамиз" ҳам Муғанний сўзи билан айтилган.

Қўшиқ сўзлари ҳақида гап очилиб қолганда яна бир сиз ҳамкорлик қилган шоирни ҳам айтиб ўтмасак бўлмаса керак. Чунки назаримда ана шу шоира Рислиғой Ҳотамова сўзи билан айтилган қўшиқларингиз ҳам сизнинг ижодингизда ўз ўрнига эга.

Ҳа, албатта. "Йиғлаб, йиғлаб сурнай айтди, тўйинг бўпти", "Сенинг ичинг тўла гап", "Ялинсам хато", "Куласан" каби қўшиқларимиз Рислиғойнинг қаламига мансуб.

Шоу бизнес оламида тик туриш, турли синовларига дош бериш қанчалик қийин. Умуман санъатдаги рақиб ва рақобат ҳақида айтиб берсангиз?

Биласизми, рақобат бу аслида мардлик билан бўлса жуда яхши нарса. Агар мард инсонлар рақобатлашса бу инсонни ҳаётда чархлайди. Лекин номардлар билан рақобатлашиб қолсангиз, бу рақобат эмас бир душманликка айланиб кетади.

Гапнинг очиғини айтганда, санъаткорнинг асосий иши бу рақобат билан шуғулланиш эмас, унинг иши ижод. Агар ижодда ўзингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз ва бу йўлда ҳаққоний меҳнат қилсангиз, ижодингизни маҳсули зўр бўладиган бўлса ўзидан- ўзи турли "рақобатлар"га ҳожат қолмайди. Мана ҳозир сиз сўраяпсиз анализ қилишликни, шунинг учун айтмоқчиманки бугунги кунда қўшиқчилар эмас, бастакорлар ўзаро рақобатлашяпти. Лекин рақобатлашадиган бастакорнинг ўзи йўқ. Бўлса ўзи битта ёки иккита бастакор бор холос. Ҳамма бориб, гўё фабрикадан конверда бир нарса чиқаргандек, қўшиқ ҳам шундай чиқариляпти. Бу ижод дегани эмас. Ҳар бир қўшиқчи ўзининг устида ишлаб ижод қилиши керак.

Тушкунликка тушган вақтларингизда нима ёки ким сизга руҳий далда бўлади?

Шунақа маҳалда... Одам ҳар бир иш худодан эканига ишониши керак. Агар ёмонлик келганда худони эслаб, яхшилик келганда уни эсга олмасак тўғри бўлмайди. Шунинг учун ишларинг зўр бўлиб кетганда ҳам ортиқча қувониш керак эмас. Агар ишлар орқага кетиб қолса ҳам ортиқча хафа бўлишнинг кераги йўқ. Чунки бергувчи ҳам, олгувчи ҳам худо-да!

Ғайрат ака ҳеч ўзингизни энг юлдузли онларингиз ўтиб кетди деб ўйлаганмисиз?

Ўйлайманки, аввалги вақтлардан кўра ҳозир машҳурроқман. Сабаби, ўша вақтларда қилинган ижоднинг маҳсули ҳозирги кунгача ўз кучини ушлаб туради. Бундан кейин ҳам мен яхши қўшиқ чиқараманми, чиқармайманми... Лекин, ҳеч бўлмаганда йилда битта хит қўшиқ тақдим этиб турамиз.Масалан, ўтган йилга назар ташласак, "Яраш-яраш қилайлик" қўшиғи ҳам ўз мухлисларини топди, тўғрими?

Энди шунақа ватлар бўладики, ҳаммаёқ ҳам фақат олдингга қараб юравермайди. Инсоннинг бошида яхши кун ҳам ёмон кун ҳам бор-да.

Cизга айтишими мумкинки, ҳозир мен яхши ижод палласидаман. Ҳеч бир рақобатдан қўрқмайман. Ўз кучимга ишонаман. Ҳозирги кунда тўхтаб қолган санъаткорлар тоифасига ҳам кирмайман. Тинимсиз меҳнат қиляпмиз.

Ҳаммаёқ ҳозир рекламага боғлиқ. Тўғри балки телевиденияда кам кўриняпти, ижод қилмай қўйдимикан, деб ўйлайдиганлар бўлиши мумкин. Бу албатта табиий савол. Буни ҳам тўғри тушунамиз. Ҳақиқатда орада кўринмадик. Нимага деганда бунинг ҳам ўз сабаблари бор. Лекин ўша вақтларда ҳам ижоддан тўхтамадик.

Бир вақтлар бозорда магнитафон сотган экансиз, шу тўғрими?

Йўқ, бу нотўғри. Мен санъатдан бошқа бирорта касб ҳам танлаганмасман, бошқа тирикчилик ҳам қилган эмасман.

Ҳаётингиздаги қайси дамларни энтикиб эслайсиз?

Ҳар бир ортда қолган кунни эсласангиз, сиз учун қанақадир бахтли кун бўлиб туюлаверади.Лекин, менда асосий орзуларим амалга ошаётган давр бўлганда... Авваллари умуман ўзбек санъатида Ғайрат Усмонов деган ном бўлган эмас. Шу ном шоу бизнес оламига кириб бориб, ўзбек санъатига Ғайрат Усмонов деган ном кирганда мен ўзимни бахтли хис қилганман. Ҳар бир оилада менинг қўшиқларим янграганини кўриб ҳурсанд бўлганман. Чунки мен ўша ишни уддасидан чиқа олдим.

Сўнгги сўз сифатида нималар дейишни истардингиз?

Мени сизга саволим бор. Мана сиз, журналистлар, халқ менинг ижодим ҳақида ҳозирги кунда қандай фикрдасизлар?

Биринчидан, мен фақат ўз фикрларимни айтишим мумкин холос...

Очиғини айтаверинг...

Агар сизнинг ижодингиз бирор нарсага арзимайди деб ўйлаганимда сиздан интервью беришни илтимос қилмаган бўлардим. Лекин, очиғи мен ҳам сизни рекламаси оз қўшиқчи деб биламан. "Йиғлаб йиғлаб сурнай айтди" қўшиқларини яратган пайтингизда ижодингизда бир поғона ўсиш бўлганди. Ундан кейин эса яна бир текисликдек... Лекин барибир Ғайрат Усмонов санъатда ўз ўрнига эга деб ҳисоблайман. Бу менинг шахсий фикрим.

Раҳмат. Тўғри бугун кўп нарса рекламага боғлиқ бўлиб қолди. Бир машҳур инсоннинг "Мен реклама қилиб, ахлатни ҳам едириб юбораман", деган гапи бор. Лекин, санъат бу ахлат эмас. Ахлат барибир ахлатлигича, санъат эса санъатлигича қолади. Ўйлайманки, халқимизнинг юрагига, қалбига ўз ижоди билан кириб борган санъаткор ҳеч қачон унутилмайди ҳам, йўқ бўлиб ҳам кетмайди. Лекин, олов доим ҳам бир хилда ёниб турмайди. Олов бирда баланд бўлиб кетади, бирда пасаяди. Асосийси, ана шу олов ўчиб қолмаса бўлди.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Davron (07.12.2012) | Муаллиф: Даврон Ҳотам
Кўрилди: 1187 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Хасанбой Гойибов   (09.12.2012 12:18) [Материал]
OK!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0