Пайшанба, 19.09.2024, 12:57
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Наср

Қ Ў Р Ғ О Н /ҳикоя/
Жўрабек РАМАЗОНОВ

ҚЎРҒОН

(ҲИКОЯ)

– Дада, қаёққа бораяпмиз?
– Қўрғонга.
– Қаерда у?
– Борганда кўрасан.
Болакай бошқа савол бермади. Туроббой отни «чуҳ»ларкан, дам-бадам ортига – аравада ётган хотинига қараб қўярди. Тоғнинг эгри йўллари ўнқир-чўнқир, арава ҳар силкинганда, Туроббойнинг кўкси ҳам қўзғалгудек бўларди. «Бечора, – деб ўйлади тағин ортига боқиб, – кўрган куни нимага арзиди?»
– Дада, қўрғонга яқин қолдими?
– Ҳали анча бор, ўғлим.
Болакай онасининг «руҳи соғинган» ўша қўрғонни бир кўриш илинжида эди. Чори табиб шундай деган. Қўрғонга етишлари билан онаси соғайиб кетади.
Осмоннинг қовоғи уюлган эди. Зум ўтмасдан ёмғир томчилай бошлади.
– Онангнинг устини яхшилаб ёп, – деди Туроббой.
Болакай чодирни онасининг устига тортаркан, бир муддат унинг юмуқ кўзларига тикилиб қолди. Нимадир айтмоқ бўлиб оғиз жуфтлади-ю, яна ўйлади: «Барибир онам қўрғонга етгунимизча гапирмайди».
Туроббойнинг бутун умри шу тоғ этакларида ўтди. Аммо умид билан улғайтирган фарзандлари унинг ярим кўнглини тўлдиролмади. Дунё экан. Тўнғичи шуҳрат изидан қувиб кетди. Шоир эмиш! Қўша-қўша китоблар чиқаргунча касалманд онангни даволат эди! Яна ҳар келганида Тошкентдаги дўхтирларни мақтаб қўяди. Чори табиб уларнинг олдида ип эшолмасмиш. Туроббой бир Тошкентга бориб, ўғлининг уйини тополмай, беш кун овора бўлиб қайтган. «Ҳайф-е сенга!» деди қишлоққа ҳам бўйинбоғ тақиб келадиган ўғли кўз олдидан ўтаркан.
– Бир нима дедингизми, дада?
Туроббой ўгирилиб, кенжасига қараб қўйди. Бор умиди шу ўғлидан. Афсус, ҳали унинг суннат тўйини ҳам ўтказолгани йўқ.
– Қўрғондан қайтсак, сени тўй қиламиз, – деди.
Бу орада ёмғир шиддат билан ёға бошлади. Қумли, тупроқли йўллар ғиж-ғиж лойга айлангач, отнинг юриши ҳам қийинлашди.
– Олға, саман! – деди Туроббой. – Беканг сени яхши кўрарди.
Чиндан ҳам Шарофат бу отга ўзгача меҳр қўйган, сабаби, у кенжа ўғли билан бир кунда туғилганди. Ўғлини ҳам эркалаб, «Саман» деб чақирарди. Кейин-кейин унинг исми Самандар бўлди.
Довон олдида араванинг чап ғилдираги лойга ботиб, унга ортилган теша ва белкурак ерга тушди. Шарофат ётган жойидан силжиганича ғилдиракка суялиб қолди.
– Онангни ушла, Саман! Мен ҳозир...
Туроббой отдан сакраб тушди. Ота-бола Шарофатни ўрнига ётқизгач, Туроббой лойга ботган ғилдиракни жон-жаҳди билан кўтарди, бўлмади.
– Отга мин! – буюрди ўғлига.
– Қўрқаман, дада.
Болакай отаси билан отга миниб, сайр қилишни ёқтирар, уни менинг саманим, дерди. Бироқ ҳали ёлғиз миниб кўрмаган эди.
– Қўрқма, ўғлим, – деди Туроббой. – У сенинг саманинг-ку?!
Самандар аравада арғамчи мисол чўзилиб ётган онасига, тиззасигача лойга ботган отасига бир-бир назар ташлади-ю, вужудидаги ёшига хос бўлмаган ғайрат билан отга минди. Арава лойдан чиқиб, улар йўлда давом этиши мумкин бўлган пайтда Туроббойнинг отга минишга ҳам мажоли қолмаганди. Аравага чиқиб, хотинининг ёнига чўзиларкан, кенжасига қаради:
– Ҳайда, ўғлим!
Ўртанчаси ўғирликда айбланиб, қамалиб кетгач, қишлоқ аҳли Туроббойдан юз ўгирди. Анча бўлди шаҳарлик қариндошлари ҳам қадамини узганига. Дунё экан. Бир лаҳзада Туроббойнинг хотини ва кенжа ўғлидан бўлак ҳеч кими қолмади. Энди эса...
Ёмғир ҳовуридан тушган, аммо табиат ўз қаҳрини намойиш этиб улгурган эди. Жиққа ҳўл бўлган болакай ўз ғайратидан шод: у ота-онасини қўрғонга олиб бораётганди. Бироқ отаси «қўрғон» деб атаган манзил ҳақида ҳеч қанақа тушунчага эга эмас эди у. Яна ҳам тўғрироғи, унинг жимит қалби бу туйғуларни сиғдира оладиган ёшга етмаган эди ҳали.
Кутилмаганда от мункиб, Самандар лойга йиқилди. Кўз олди қоронғулашаркан, аравадан сакраб тушаётган отасини кўрди...
У кўзини очганида атрофга ғира-шира қоронғулик тушган, лекин энди аравада онасимас, ўзи ётарди.
– Қўрғон қаерда қолди? – деб сўради отасидан.
– Сен уни кўрмадинг. Кўрмаганинг маъқул эди.
– Онам қани?
– Онанг... Онанг қўрғонда қолди.
Болакайга қўрғонни кўрмагани бир алам қилса, онасининг қўрғонда қолгани минг карра алам қилиб, елкалари титраганча унсиз йиғлай бошлади.
– Онам қўрғондан қачон қайтадилар? – деди йиғламсираб.
Туроббой оғир нафас олди:
– Энди онанг қайтмайди. Бир кун мени унинг ёнига олиб борасан...


Рукн: Наср | Қўшди: jurabek (30.06.2013) | Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ E
Кўрилди: 889 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 4.9/11

Шарҳлар: 2

+1  
1 Davron   (01.07.2013 09:40) [Материал]
zor
-1  
2 Samandar   (01.07.2013 16:42) [Материал]
тасвир ажойиб. максад нималиги мавхум. назаримда, муаллиф асар устида яна ишлаши керак
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0