Пайшанба, 19.09.2024, 22:08
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Бугун Шавкат Рахмон таваллуд топган кун
Хотима
Хотиржамлик,
вазминлик керак
чизган маҳал олам тасвирин,
ҳар бир рангда ҳақиқат бордир,
ҳар чизиқда сирлар яширин.

Худо яшар
ҳар бир гиёҳда,
ҳар дарахтда бордир диёнат.
Айирмагин ранглардан рангни,
сен рангларга қилма хиёнат.

Дунё қизил,
дунё сариқ деб,
бекор бизга беришган сабоқ.
дунё азал рангиндир ва биз
ўйлагандан кўра рангинроқ.

Чиза олсанг
рангин дунёни,
рангин бўлса қуёши, ойи,
сендан буюк мусаввир бўлмас,
бўлмас сендан буюкроқ шоир.

ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса...
ҳеч нарса қолмас.

СОЯ

Кўп нарсага
кўникса бўлар,
лоқайд караб ёлғону чинга,
руҳнинг буюк изтиробларин,
қудратларин қамаб ичингга.
Кўзингни юм,
қулоқни беркит -
кундуздан-да ёруғдир йўлинг.
Бир кун келиб алқару сени
юксакларга кўтарар кўрлик.
Бироқ қийин,
Кўникмоқ қийин -
ҳаракатга кўнгил ташнадир.
Отиласан бу тор оламдан
калтакланган итдай ташқари.
Югурасан,
баҳайбат ойнинг
ёғдусида, мана, ниҳоят,
кувиб келиб изингдан сени
босиб кетар баҳайбат соянг.

АВЖ

Мен, шубҳасиз, парчаланаман, -
шундай тугар буюк хизматим.
Кимга, кўзим, кимга пешонам,
кимга тегар қизиқ қисматим.

Ғалаёнга тўла вужуддан
охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос...

Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим, -
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
худо берган эзгу сўзларим.

Улар янграб тинмай айланар
разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
қулоқ солиб ернинг тагида.

МУНОЖОТ

Фақат ишқ...
Фақат ишқ...
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.

Қирқта тар гулимни айладим хароб,
қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни.
Қирқта қора қул ётар мозийда,
қирқта черигини йўқотган бекман.
Абадий айрилдим қирқта ғозийдан,
бошимни тошларга урсамми дейман.
Бу дунё нимадир?
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим,
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда
шайтондан тўралган ғайирни кўрдим.
Фақат ишқ...
Ишқ гули...
Самовий гулим...
бир нафас дилимга посибон бўлсин,
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин.
Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан,
иғволар қуртлаган шўрлик диёрда
замону маконин буткул йўқотган
бир улуғ фарёднинг
боласи зорман.
Ай, қиличдай туйғу,
ай, қотил туйғу,
бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда,
юзимга юзини қўйсин ўшал гул,
дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!

ТАРИҚАТ

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга,
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.
Майлига,
чечаклар қоп-қора бўлсин,
йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир,
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин,
худойим сийлаган ҳурлигим яхши.
Бичилган қулларнинг,
қулзодаларнинг
малак сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни
иблислар тилида сўйлатган дунё.
Чиройли эрмаклар маҳзанидир ул,
мағизи қайғудан,
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул,
тупроғи жимгина қусган заҳардан.
Чайқалар жаҳолат оғочларида
неча минг Машрабу
Мансури Ҳаллож...
ҳамон юксалади йўл бошларида
одамзот қонига тўймаган жаллод.
Токай бу иблислик,
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар,
токай бижғиб ётар ғариб аламон
ичига тириклай кўмилган руҳлар.
Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёғдулари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ,
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин.
Бағрикенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга,
кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал -
жўмардлар кўмитган тариқатимга.

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар -
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса -
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинғ гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари...

Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар -
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.

Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.

Мен буни уқаман
эркалаб замин,
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
туқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».

Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ухшайман.

САВОЛ

Ким эдиму
ким бўлдим энди,
қайга кетар ёшлигим, кучим,
исёнларга, ғазаб, нафратга,
оғриқларга тўладир ичим...
Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли:
ой, кун сайин хотирам - оғир,
етти қават осмон тепамда,
елкаларим сирқираб оғрир.
Ташладими ёки бир умр
кўзимга ғам кўлкаларини,
парвардигор,
бор бўлсанг агар,
эзма ўғлим елкаларини...
Ким эдиму
ким бўлдим энди,
кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
елкаларим кўрибди кўпроқ...

***
Совқотдим,
қўлларим музлади,
осмондай сидирға ялангда
гулханга қўлларим қалайман
кўккача ўрласин аланга.
Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!
Аланга, ўсавер, ўс тағин.
Ачинма,
чинакам дўст бўлсанг,
нари тур, шамолни тўсмагин.

ВАҚТ

Вақт сенга қул бўлмас асло,
ундан кутма мурувват, таъма.
Сиғин унга, ёлворгин, авра,
бир амаллаб вужудга қама -
Қул бўлолмас сенга, барибир,
вақт ҳамиша ҳушёр, жангари -
ериб ташлар жисмингни ногоҳ,
чиқиб кетар сендан ташқари.

МУҲАББАТ

Муҳаббат - чиройли капалак,
қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёнимда,
ёдимда йўқ аммо етганим.

Юрагим ранжиган боладай
на эрмак, таскинга кўнади.
Муҳаббат - чиройли капалак,
ҳали ҳам гулларга қўнади.

Ортидан ҳаллослаб чопаман,
хижолат бўламан ғўрликдан -
қанчалик югурмай, барибир
орқада қолардим шўрликдан.

***

Ечиб оппоқ кўйлагани вақт,
кийди яшил гулли кўйлагин.
Юрак, уйғон, капалак каби
чечакларга қўниб ўйнагин.

Майсаларин тараб, парвозга
шайланади чексиз далалар.
Ўспиринлар қучоғида маст
Қирда асир тушган лолалар.

Боғларда оқ аланга гурлар,
телба қилар шамоллар иси,
гилос гулин кийган кўчада
оқиб борар қизлар кулгиси.

Гуркираган бу рангин олам
туйғуларни ўйнатиб ташлар
ва ажойиб кунлар умримда
атиргулдай очила бошлар.

***

Дунё ҳали норасо, ҳали
ўртамизда чопар айрилиқ,
чақирамиз бир-биримизни,
оғзимизни ёпар айрилиқ.
Нафрат яшар дунёда, ҳали
ёзилгандай қайси китобда
Муҳаббатнинг асрини кутиб,
ўтирибмиз икки қутбда...

***

Кунлар пиша бошлайди яна,
рангларини бошингда элар,
Хаёлингни чақмоқлар каби
ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагингда
қафасини синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
юлдузларга тегади бошинг.

НИГОР

Катталарга қарардинг сирли,
катталарга тутдинг гулингни,
катта бўлдим мен бола шўрлик,
кечалари пойлаб йўлингни.

Энди сени кутмасман ортиқ,
деразангга боқмасман маҳтал.
Кўзларингга қарайман қаттиқ,
белларингдан қучаман дағал.

Бироқ жисму жонингни ёққан
девонаваш қудратни енгиб,
деразангга жовдираб боққан
болакайга қарайсан ғамгин.

***
Кел, яшириб қўяйин сени
юракнинг энг чуқур ерига.
Кейин сен ҳам яширгин мени
юракнинг энг чуқур ерига.

Тополмасин бизларни биров!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (12.09.2012) | Муаллиф: Шавкат Рахмон
Кўрилди: 1394 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 Firdavsiy   (13.09.2012 21:08) [Материал]
тилимиз кисик деганмикинэ
шеъри бор эдику чикармадингизми
0  
2 Хасанбой Гойибов   (08.10.2012 09:12) [Материал]
мен хам шодравон устоз Шавкат Рахмон хотирасига шеър ёзганман. У кишининг ижоди менга катта таъсир килган.Оллох охиратларини обод килсин. Хасанбой Ғойиб
Шавкат Рахмон хотирасига
Муқаддас айлаган Худо бу ерни,
Бу ерда улуғлар арвоҳи кезар.
Эрк қуши бойланган пўлат занжирни,
Қилич кесолмаса, ўткир сўз кесар.
Зулфиқор руҳ билан яшадингиз сиз,
Мудом дилга тугиб ёруғ ниятни.
Ҳатто сўнгги йўлга кетар экансиз,
Уйғотиб кетдингиз буюк миллатни.
23.01.02.

Шавкат Рахмоннинг армони
Зафарга эришди яна бир карра,
«Наҳсдан бино бўлган шайтанат» аҳли.
Ҳалқчи, қолаверади ўз фикри билан
Тилида заҳрию, дилида қаҳри.
Қай бир гуноҳ учун каффоратдир бу,
Адолат насими эсмас батамом.
Қанақа эркинлик, кафолатдир бу,
Ҳақонлар бузғунчи, оломон авом.
Токай панд етайдир имонин сотмай,
Элим деб яшаган дарёдил мардлар.
Қолдими бу юртда сафсата сотмай
Тили ва дили бир бўлган жўмардлар?
Бўҳтону иғводан қилмасдан ҳазар,
Фитналар тўқилур, ҳукм ўқилур.
Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Номардлар устуну, мардлар йиқилур.
Эй, Худо, мен ожиз бандангни афв эт,
Сенга бўлсин барча ҳамду санолар.
Адолат насимин бизга насиб эт,
Ватанда янграсин шодон наволар!
05.03.2010
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0