Ф О Л
ФОЛ
Кўзлари илонга ўхшаган аёл Олдимга оҳиста ёйди дастурхон. Кейин келажакдан бошлади-ю фол, Мавҳум тақдиримни айлади баён.
Деди: “Севганингнинг сочлари узун, Қомати ўзингдан хийла калтароқ. Қўлидан маҳкамроқ тутгансан у кун, Сочилиб кетган-а даста кўзмунчоқ.
Унинг ҳам кўнгли бор сенда ҳарқалай, Аммо дўст танлашда омадинг ғариб. Умринг ўтаяпти йиллаб пайдар-пай Дардингни айтмоққа чин дўст ахтариб.
Агар алдамаса шу ўткир кўзим, Келажагинг ёруғ бўлади, лекин Орадан икки ой ўтганда… ўлим Ҳаётингга нуқта қўйиши мумкин”.
Тош қотдим. Бўғзимда уйғонди оғриқ, Ангорига қараб туравердим без. Кўзимга чиройли кўринди борлиқ, Наҳотки айрилсам ундан шунча тез?!
Севгилимга айтдим бошқани сев деб, Дўстимга мен сендан розиман, дедим. Икки ой яшадим маҳшарни ўйлаб, Ахир, яхшигина гуноҳкор эдим.
Изсиз кўз юммоқлик дилимни доғлар, Армонлар титратиб ташлади тизни. Тоғлар-а, боғлар-а, беғубор чоғлар, Мен энди ўламан, эшитяпсизми?
…Аммо учинчи ой бўлганда тугаб, Кўксимни тарк этди бу сирли уйқу. Бордим яна ўша фолбинни йўқлаб, Бир ой олдин қазо қилган экан у.
|
Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (02.08.2013)
| Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ E
|
Кўрилди: 987 | Шарҳлар: 2
| Рейтинг: 5.0/3 |
Шарҳлар: 2 | |
0
Кўзлари илонга ўхшаган аёл... Кучли таъриф бўлибди
|
0
Агар алдамаса шу ўткир кўзим, Келажагинг ёруғ бўлади, лекин Орадан икки ой ўтганда… ўлим Бир ҳаётга нуқта қўйиши мумкин”.
шундай кўринишда маъқулроқмасмикан?
|
|
|
|
|
Статистика
Жами on-line: 1 Мехмонлар: 1 Фойдаланувчилар: 0
|