Шанба, 09.11.2024, 23:24
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Абдували ҚУТБИДДИН

Қуёш, юртинг қайда, сўраган эдим,
Тонг-ла нурингга дил ўраган эдим,
Мен ҳам сен бор ерга бораман дедим,
Аммо осмонингга кўймадинг, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Муйишиб, мунграйиб ишлаган эдим,
Мен ҳам кўп тошларни тишлаган эдим,
Қаҳринг шомларида қишлаган эдим,
Ҳайрон ёшлигпмни ҳўнгратдинг, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Урфу русумингдан бошлаган эдим,
Эски дўконингни хушлаган эдим,
Дуру маржонингни ушлаган эдим,
Оқибат манглайим муштладим, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Тилимни кундага кўйгил, чоп дедим,
Кейин дил уйига бориб ёт дедим,
Ўғлим у, ўзим у, аста ёқ дедим,
Кулу тўзонидан маҳв бўлгин, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Мен одам эдим-ку, мен одам эдим,
Лойдан-да йўғрилган матодан эдим,
Иблисга алданган атодан эдим,
Эй қуёш, мен сени севаман, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

* * *

Кўзимдан ўпиб қўй, Осима!
Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин.
Тишласанг, тишларинг ҳаммаси тилла,
Лабларинг ёлқин...

Хоҳласанг бераман сеҳргар каклик,
Сайраса бўғзидан тушади гуҳар,
Унинг бир қаноти атиргул, бири
Нилуфар.

Истасанг зумуррад тароғим сенга,
Сочингни тарасанг ярмиси зумрад.
Силасанг қўлингу бармоғинг бўлгай
Ложувард.

...Эшикни ёп дейсан,
Совуқ-ку ахир.
Бошим оғрияпти, бошим.

Уҳ, тортиб ойнадан ғижирлар совуқ,
Аёз ишқаб ўтар эшикка бетин.
Қуқулаб юборар ҳовлида товуқ,

Дарахтдан узилиб
Тушади — олма —
Олтиннн,
Ол-тиннн,
Доо-о-дей...

ХИЙЛА
Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Ўғри оралабди боғу равона.
Чиннидай рўёдан эшитдик — чўпчак,
Хийла бегонамиз, билсак, жаҳона.

Кексайиб кетибди тунлар биз учун,
Тақса ярқирамас эски тақинчоқ.
Хийла бекорларга яшайман маҳзун,
Хийла овунчимга сен бир ўйинчоқ.

Хийла макрларинг сеҳрли эмас,
Бало ҳам урмайди на аъжуз-маъжуз,
Ҳийла найрангларим йўлдан оздирмас,
Хийла сочинг эмас сенинг чанқовуз.

Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Бизга олакўзроқ хийла замона.
Хийла сен ҳам бир оз қаҳрли эрмак,
Хийла мен ҳам бир оз чала девона.
* * *

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобадан
Узим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг пешонам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ғам
Ариғлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Босганман гоҳ кишан, гоҳ тиканларга.
Ичган бўлсам ичдим, ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

* * *
Тахаюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда тиз чўкиб мўлтирар маъюс
Кийиклар.

Бошингда гулбаргак, қароғингда ой,
Севдим, дедим сени, манглайи ялпиз,
Қўй деди, этагинг тишлаб ётган той —
Она қиз бу,
Она қиз.

Қалдироқ бургутдай ерга ташланди,
Оёғимдан тортди, боғлади йўлга.
Йўл чопди,
Жуда кўп чопди.
Ташлади малаклар чўмилган кўлга.
Сев, сев, севв!

Тепамдан бақириб ўтди қалдироқ,
Устимдан қичқириб ўтди шамоллар.
Ёнимга келдилар
Гўзал, яланғоч —
Сев мени, дегунча
Соҳибжамоллар.

Кўзимга мил тортдим, сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар.

* * *
Ниначи қанотин ҳижоб қилсайди,
Қил-кўприк йўл топиб бера билсайди,
Ғам чексак, Бинафша овунтирсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Сени мен кўзимга солиб турсайдим,
Фақат ёш оққанда аксинг кўрсайдим,
Юракка хат ёзиб сенга берсайдим,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Қалдирғоч иккимиз олиб кетсайди,
Дунёдан-да йироқ ерга элтсайди,
Сўнг севиб ўлмоқдин сабоқ ўтсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Ё семурғ бизларни бола қилсайди,
Муҳаббат наҳрида чўмилтирсайди,
Иккимиз бир лаҳза бирлаштирсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

* * *
Не дейин, саҳрода дардкашим сароб,
Сир айтарим саксовул, не дейин.
Кундан-кун аҳволим харобдан-хароб,
Ичдим ғам майин.

Войладим, бир оҳу яқин келмади,
Қумга урдим юзим, у мендан безор,
Бирор ит мени Қайс деб билмади,
Тану жон озор...

Кўп кездим, кўрмадим бирорта карвон,
Билмадим қаёнда мағрибу машриқ.
Машақат соҳиби, арконим армон,
Амирим қашқир...

Ҳукми равонимга бўйсунмас тақдир,
Энди йўл биргина руҳлар кўшкига.
Тинч комга мен қандай тушаман, ахир,
Ишқига тўймадим.
Ишқига.

* * *
Чарх, ўткир қилиб қўй болтангни,
Чуғурчуқ, йигиргин сим, арқон,
Юзини ўгирди
Ахир ёр —
Чиқсанг — чиқ,
Кетсанг — кет, энди, жон.

Хазонинг тўпла, кўм мени, боғ,
Терингни кафан эт, эй илон,
Юзини ўгирди
Ахир ёр —
Чиқсанг — чиқ,
Кетсанг — кет, энди, жон.

Дарё, сен мурувват қил бир бор,
Йўлинга қўшиб ол лахта қон.
Юзини ўгирди
Ахир ёр —
Чиқсанг — чиқ,
Кетсанг — кет, энди, жон.

Кеча, ўғирликка чиққил, кел,
Бошимни синдиргин, уз, армон.
Юзини ўгирди
Ахир ёр —
Чиқсанг — чиқ,
Кетсанг — кет, энди, жон.

Лахча сеп, тонггинам, тўяйин.
Юракда қолмасин пушаймон.
Юзини ўгирди
Ахир ёр —
Чиқсанг — чиқ,
Кетсанг — кет, энди, жон.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (27.08.2012) | Муаллиф: Абдували ҚУТБИДДИН
Кўрилди: 1230 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 Muslim Musallam   (27.08.2012 11:08) [Материал]
Uyalib tug'ildim ,uyalib yashadim ,uyalib o'laman .degan strlarida Abduvali Qutbiddin naqadar go'zal shoir ekanligini ko'ramiz 20-asr so'ngi 80-yillar adabiyoti tom ma'noda o'zbek adabiyotida yangi ovozlarni kashf qilish davri bo'ldi Abduvali Qutbiddin ,Eshqobul Shukur ,kabi ijodkorlar o'zining yangicha ovozi bilan adabiyotga tom ma'noda yangi olam olib kirdi .Ustozni she'rlarini berib hayirli ish qilibsizlar .Ijodingizga doimo omad yor bo'lsin .
0  
2 89154094432   (10.05.2014 18:40) [Материал]
кечирасизлар. 

мен чуқур қазийман чуқур гўр
жонгинам мен билан тушиб кўр

шу сатрлар Абдували акага тегишлими? тўлиқ шеьрни қаерда мутолаа қилса бўлади. олдиндан рахмат
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0