Пайшанба, 19.09.2024, 22:07
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

КУЗ ҚЎШИҚЛАРИ
Муслим МУСАЛЛАМ

***
Тақдирлар тақдирга омонат экан,
Нигоҳларо нигоҳга кетаркан эриб.
Шу бугун эришган соҳир лаҳзалар
Эртага кетаркан соғинчин бериб.

Дунёлар дунёдан олар имтиҳон,
Кўнгилни четидан ўчиб кетар доғ.
Одамнинг умрига ўхшаб кетаркан,
Ярми яшил, ярми сапсариқ япроқ.

2008.йил куз
* * *

Тун. Ресторан. Одамлар гавжум,
Қадаҳларда чайқалар кўзлар.
Юрагимга қиларлар хужум,
Энг дахшатли, энг оғир сўзлар.

Ташқарида ўксинади куз,
Нигоҳлардан тўкилар риё.
Ресторанда ўлтирар маъюс,
Одамлардан чарчаган дунё.

2009 йил куз.

* * *
Атиргуллар кўриб сарин туш,
Қолиб кетди ишқ соҳилида.
Кўксимдаги патли тўзғин қуш,
Учиб кетдинг куз ёмғирида.

Қолавердим исминг шивирлаб,
Бунча ишқнинг ғамлари узун,
Кетмоқдаман боғлар оралаб,
Соябонни остида маҳзун.

Ташлаб қўймас шу ҳолда мени,
Куйган бўғзим тирнаб ётган дод.
Оламдаги бор майсаларни,
Бошларини силаб турган зот.

Сен қайғурма, сира чекма оҳ,
Айрилиқ бор ишқ охирида.
Фақат ўзга юракка ногоҳ,
Кириб борма куз ёмғирида.
2010 йил, куз.

* * *

Ноябрнинг йигирма беши,
Узилмаган ҳурмолар ётар.
Томларини қировлар босган,
Бирам оппоқ тонглари отар.

Ноябрнинг йигирма беши,
Оёқларим тирайди зир–зир.
Ўтаётган умрингга боқиб,
Бир ўксиниб йиғлашга арзир.

Ноябрнинг йигирма беши...
2008 йил, куз

* * *
Деразанинг бу ёғида мен,
Деразанинг у ёғи йўлак,
Ўртадаги омонат парда,
Тор ҳонада сиқилар юрак.

Япроқлари сарғарган ўрик,
Бир чеккада қимтинар кактус.
Деразанинг бу ёғи баҳор,
Деразанинг у ёғида куз.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (04.11.2012) | Муаллиф: Муслим Мусаллам
Кўрилди: 988 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 2.0/1

Шарҳлар: 1

0  
1 gayrat95   (30.12.2012 19:06) [Материал]
Хар бир шоир уз туйгуларини шеърда изхор эта олади, аммо уз туйгуларини ташки дунё, табиат тасвири билан параллел бера олиш хамманинг кулидан келмайди. Муслимбек ана шунинг уддасидан чика олган талантли шоирлардан.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0