Пайшанба, 19.09.2024, 22:13
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Ўзбекистон » Шеърият

ОГОҲНОМА
3

Ҳозир болалар кекса
Чолни мазах қилади.
Чунки уч яшари ҳам
«Ноутбук»ни билади.
Бармоқлари адашмай,
Бир неча сон босяпти:
«Ало, олиб кетинглар,
Боғча опам шошяпти».
Икки яшар қизим бор,
Кўп эркалик қилади.
Озодбекнинг ўн битта
Қўшиғини билади.
Яхшиямки, билмайди
Жавобсиз саволларни;
Сайёра кушандаси –
Ядровий қуролларни.
Эҳ, атом инсонларни
Нима кўйга солмаган –
Ҳатто олти юз турна
Ясаб, тирик қолмаган.
Мана, бизда қуриди
Урушларнинг уруғи.
Бироқ ундан даҳшати –
Ахборотлар хуружи.
Асрагандик ёшларни
«Ҳизб»идан ҳам «Нур»идан,
Оқиб келди заҳарлар
“Ўргимчакнинг тўри”дан.
Ёш болага телефон
Олиб бердик қулай деб,
Унинг қаердалигин
Ҳар дақиқа билай деб.
Дарсда зериккан қизлар
Кимгадир сим қоқади.
Болалар интернетнинг
Ирмоғида оқади.
Эй, кўзи очиқ инсон,
Термулиб боқ болангга.
Айт: арзимас телефон
Биттагина толангга.
Унга «уяли» деган
Ҳакам олиб бермагин,
Беш-олтита такрорий
Рақам олиб бермагин.
Топилмаса қайлиғи,
Топар дугонасини.
Шу телефонда сўкар
Кимнингдир онасини.
Кейин у на сен, на бир
Инсонни эшитади.
Кеча-кундуз қандайдир
«Уммон»ни эшитади.
Тўғри, биз ҳам гоҳ-гоҳи
Кайф-сафони ўйлардик;
Бир маҳаллар тўйларда
«Ламбада»га ўйнардик.
Аммо таниш эмасди
Бу рақс ҳатто пича –
Орқасин қимирлатиб
Ўйнаган қиролича.
Энди сурув сулувлар
Давраларда қайнайди;
«Лазги»ни ҳам унутиб,
«Сурхонча»га ўйнайди.
Ҳаттоки май ичмаган
Эркак кўкси ғимирлар,
Чунки сулув қизларнинг
Ҳамма ёғи қимирлар.
Қани қирқта малакка
Устоз Мукаррамхоним?
Қизлар қоши титраса,
Титраб кетади жоним!
...Ие, тағин айланиб,
Аёлларга келибман.
Мен ўзи шоирликдан
Йироқлашиб бўлибман.
Йўқса, гўзал қизларнинг
Қарашин ёзмасмидим?
Қарашлари жонимни
Сўрашин ёзмасмидим?
Чиндан гапирмасмидим
Кўзларингга ўлай деб?
Айтмасмидим лабингда
Бир хол бўлиб қолай деб?
Бармоқларинг тафтидан
Яшагим келар, дердим.
Бисотимни пойингга
Тўшагим келар, дердим.
Нигоҳларинг умримни
Узайтирар дер эдим.
Хулласи, мен одаммас,
Бошдан оёқ шеър эдим.
Аммо улар ўзлари
Бор илҳомни йиртишди;
Сочларини аямай
Қайчилашди, қирқишди.
Кейин уларни турфа
Рангга олиб кирдилар.
Косметика деганин
Фанга олиб кирдилар.
Қулоқларга, бурунга
Темир-терсак тиқишди.
«Гўзаллик» деган уйдан
Сунъий бўлиб чиқишди.
Дуч келасан, ёшини
Сўролмай уяласан.
Тўйга борсанг, келинга
Қаролмай уяласан.
Дегинг келар: келинчак,
Илкис қадам ташлама.
Таъзим қилма, илтимос,
Бир балони бошлама!..

4

Гапларимни мияси
Тор одамлар англамас,
Қизи тенги хуштори
Бор одамлар англамас.
Эй инсон, биз на инсон,
На ҳайвонга ўхшаймиз.
Тарсо қиз деб югурган
Шайх Санъонга ўхшаймиз.
Шартми Каломуллоҳни
Ахир, ўтда ёндирмоқ?
Шунча қийинми сенинг
Эҳтиёжинг қондирмоқ?
Нима қилибди ўғлинг
Гоҳ ёлланиб ишласа,
Баъзан бутун, баъзида
Яримта нон тишласа.
Биз ҳам болалик чоғлар
Савоб, дуо топардик –
Қариялар ерини
Доим текин чопардик.
Оч қолмадик, ризқимиз
Бериб турди Худо, юрт.
Мана, узоқ йилларки,
Шукрким, устимиз бут.
Мана, болам жилмаяр,
Кўрсайдинг кулишини!
У эшитмай улғаяр
Порохлар товушини.
Эрта-индин кўрасан,
Бизники марра, дейди.
Атом не деб сўрасанг,
Энг кичик зарра, дейди.
У билмас, икки атом
Тушиб Японияга,
Неча минглаб инсонни
Айлантирган куяга.
Худди ўша юрт аҳли
Яратдик деб аппарат,
Зилзилани олдиндан
Айтамиз деди албат.
Биз дунёга ҳокиммиз,
Бошқа ҳамма ожиза.
Энди бизга керакмас
На Худо, на мўъжиза...
Темирга жон бердим деб
Нега унутдинг Уни –
Сон-саноқсиз жонсизга
Жон бериб олгувчини...
Ўша оқшом ер билан
Битта бўлди Токио.
Керак бўлар экан-ку
Барибир Раббинг – Худо.
Унга бориш ўрнига
Ундан қочмоқ бўласан.
У боғлаган тугунни
Нега ечмоқ бўласан?
Сулаймоннинг олдига
Келган эди бир авом,
Рангида қон қолмаган,
Қўрқувдан бўлиб тамом.
Деди: «Эй олам шоҳи,
Раҳм қил ғариб жонга;
Шамолга айт, тез мени
Етказсин Ҳиндистонга.
Чунки бугун Азроил
Менга ёмон қаради;
Афтидан у жонимни
Олмоқчи кўринади».
Сулаймон амри билан
Тез амалга ошди бу –
Кўзин очиб юмгунча
Ҳиндистонда бўлди у.
Эртаси Азроилни
Кўриб қолган пайғамбар
Ундан секин сўради:
«Нима гаплар, биродар,
Бир бечора ғарибни
Чўчитиб қўйдинг чунон,
Мен уни шамол билан
Жўнатдим ҳинди томон».
«Эй Худонинг элчиси,
Асли мен жон ёққандим;
У инсонга шунчаки
Ҳайрон бўлиб боққандим.
Чунки Оллоҳ шу оқшом
Ўша банданинг жонин
Ҳиндистонда оласан,
Деб берганди фармонин.
Ишонардим, бу тақдир,
Уни четлаб ўтолмас.
Аммо минг қилса, бугун
Ҳиндистонга етолмас.
Кўрдинг бироқ, яшашни
Яхши кўрар одамлар,
Оқибатда қисматин
Ўзи сўрар одамлар...»
Эй нодон, сен ўзингни
Шунча ерга урдингми;
Худодан қутқар, дея
Бандасига бордингми?
Бошингга кулфат тушса,
Унга борар эдинг-ку?!
Ёлғиз қолсанг, мадад бер,
Деб ёлворар эдинг-ку?!
Қарзни қайтар, деганда,
Сичқон ини минг танга.
Бу юз билан маҳшар кун
Нима дейсан, эй банда?
Ким қарзини қистар деб
Қочади бировлардан.
Ким қочишни истайди
Коммунал тўловлардан.
Оллоҳ тўрт унсур: шамол,
Сув, тупроқ, олов берди.
Эвазига шунчаки
Арзимас «тўлов» берди...

5

Бугун сенга не бўлди;
Бош эгмай фидоликка,
Нега даъво қиляпсан
Ҳақликка, Худоликка?
«Клон» деган бир сўзни
Олам узра таратиб,
Ўзингча худо бўлдинг
Бир қўзичоқ яратиб.
Фиръавн қувса, Қизил
Денгизни тоширдингми?
Ё Исога осмондан
Дастурхон туширдингми?
Ул бадавлат Қорунни
Ерга тиққан сенмидинг?
Ё Юсуфни зиндондан
Олиб чиққан сенмидинг?
Сен тўлдирган эдингми
Ғарибнинг косасини?
Сен ўлдирган эдингми
Жарода отасини?
Довудга булбул йиғлар
Нола берган сенмидинг?
Сулаймонга ногирон
Бола берган сенмидинг?
Йўқ! Аммоки Машрабни
Дорга осган ўзингсан.
Билолнинг кўкрагига
Харсанг босган ўзингсан.
Насимий ковушига
«Ёсин»ни солиб қўйиб,
Нимага эга бўлдинг
Уни тириклай сўйиб?
Ундан аввал разолат
Ботқоғига хўп ботдинг:
Биродаринг – Исони
Ўттиз тангага сотдинг.
Ҳар даврда топилгай
Иймондан мосуволар;
Ўпич билан хиёнат
Қилгувчи Яҳудолар.
Довуднинг замонида
Бўлмас деб ноҳақ амр,
Оллоҳ ўз осмонидан
Туширди олтин занжир.
Даъвогарлар арзини
Ўша жойда айтарди,
Фақат рост гапирганнинг
Қўли унга етарди.
Кимки ёлғон сўйласа,
Маҳкум эди ажрга,
Чунки минг қўл чўзмасин,
Етмас эди занжирга.
Шундай муҳит-маконда
Қарор топди адолат.
Олтин занжир туфайли
Ҳаққа бўлди кафолат.
Бир бечора сафарга
Чиқмоқ бўлиб юрарди.
Битта дўсти бор эди,
Ҳар кунига ярарди.
Деди чорлаб ёнига:
«Мен сафарга жўнадим.
Омонат қолсин сенга
Бир ҳовуч марваридим».
Хуллас, жўнаб кетди у,
Ўртоғи беор эди.
Чунки унинг кўксида
Бойлик ҳирси бор эди.
Бир ҳассанинг ичини
Кавак қилиб ўйдирди,
Марвариднинг барини
Шу тешикка қўйдирди.
Оллоҳ берган бўлса ҳам
Икки бутун оёқни,
Сўқир каби ҳар куни
Олиб юрар таёқни.
Ниҳоят дўсти қайтди,
Дунё жуда зўр, деди.
Гап сўнгида омонат
Марваридни бер, деди.
Айтди унга: «Биродар,
Вужудинг толиқдими?
Ёки йўлда бирор бир
Инсу жин йўлиқдими?
Мен аслида бировга
Ҳеч хиёнат қилмайман.
Сен қанақа марварид
Берган эдинг – билмайман».
Хуллас, Довуд олдида
Ҳозир бўлди икковлон.
Бутун халқни бошлашди
Байтул-муқаддас томон.
Аввал сафардан қайтган
Даъвогар қўл кўтарди,
Унинг қўли занжирга
Қийналмасдан етарди.
Дўсти унга ҳассани
Бериб, бир оз тисланди.
Сўнг ўзича бошини
Буриб, кўкка юзланди.
Деди: «Оллоҳим, мени
Қолдирма ғусса билан.
Мен унинг марваридин
Қайтардим ҳасса билан».
Шундай деганча бардам,
Қўлини баланд тутди.
Не ҳол, унинг қўли ҳам
Олтин занжирга етди.
Тутди бутун қояни
Халойиқнинг ҳайрати.
Энди тугаган эди
Занжирнинг каромати.
Шу боис Тангри уни
Қайтариб тортиб олди.
Инсон эса ўзига
Яна дард сотиб олди.
Эй сен, қадрин билмайсан
Олма, анжирларини.
Лол қилгансан Оллоҳнинг
Олтин занжирларини.
Ҳар гуноҳни қиласан,
Айланасан ҳайвонга.
Нимагадир бор айбни
Ағдарасан шайтонга.
У лаънати бир-биринг
Беаёв қир, дедими?
Шайтон сенинг қўлингга
«Калашников» бердими?
Ахир, ўзинг адашдинг,
Нодонни тақдирладинг.
Қурол ихтиро қилган
Инсонни тақдирладинг.
Ўйламадинг нимага
Ҳақиқатни, жазони?
Заҳар билан тўлдирдинг
Кислородли фазони.
Сен бу йўлда шайтонни
Анча ортда қолдирдинг;
Хоҳласанг, бола кўриб,
Хоҳлаганда олдирдинг.
Фарангми, рум залолат
Бағрига ботган эмиш –
Иккита эркак, э воҳ,
Никоҳдан ўтган эмиш!
Ёки аёл аёлга
Муҳаббат изҳор қилса,
Эътиборли эркакни
Ўйламай инкор қилса!
Ҳаммасига чидади,
Сен заминга раҳмат де.
Яратганга ялингин,
Бир ўзингдан шафқат де.
Товуқларга бостирмай,
Жўжа очирмоқдасан.
Новвос қолиб, сигирни
Сунъий қочирмоқдасан.
Бир гап бўлар ҳамиша
Шудгордаги қуйруқда.
Лекин бало бормиди
Энди сунъий уруққа!
Ҳақ жимгина чидади,
Тугатдинг заминни еб.
Ким ҳуқуқ берди сенга
Сунъий инсон ярат деб!
Осийлар барчасига
Бордир имкон, дедилар.
Тур тоғини портлатиш
Жуда осон, дедилар.
Майли, замин юзидан
Ризқингни тергиладинг.
Бироқ нега ўзингча
Қиёмат белгиладинг?
Сен ё Маяга ёки
Вангага ишонасан.
Қайси томони тушса,
Тангага ишонасан.
Дунёни ёлғон дединг,
Ёлғон билан тугайди.
Орзу билан бошланиб,
Армон билан тугайди.
Ҳақ дин берган ҳақ китоб –
Қуръон билан тугайди:
«Сигир» билан бошланиб,
«Инсон» билан тугайди...


Рукн: Шеърият | Қўшди: jurabek (14.05.2013) | Муаллиф: Жўрабек E
Кўрилди: 1114 | Шарҳлар: 3 | Рейтинг: 4.8/19

Шарҳлар: 3

+1  
1 Шодиена   (16.05.2013 16:33) [Материал]
Койил....
+1  
2 ниятулло   (17.05.2013 17:18) [Материал]
Суз топишгa ожизмaн. Ажойиб, койил!
+1  
3 Otabek Ramazonov   (18.05.2013 22:50) [Материал]
Akajon, siz  bilan  faxrlanaman
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0