Қадим кўнглим кенглигида руҳим баланд, Бугун дунё томларида туғим баланд, Қуёшим бор, юлдузларим, моҳим билан, Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир.
Соғинчлардан самоларга сочилган ишқ, Ҳақдан суйган бандасига ёғилган ишқ, Комил Мажид учун дилдан туғилган ишқ, Ватан дарди қалбда мангу муҳаббатдир. 22.04.2010 * * * Бир сиқим тупроқ - Ватан., Бир сиқим тупроқ бу – тан. Қалбимиз ардоғида Ватан бу – бир оҳ экан. Сўзламас бунда забон. Сўзлагай бунда макон. Котнот чорбоғида Ватан бу – бир боғ экан Аслимиз билмас само. Дардимиз олгай Худо Аллоҳим даргоҳида Ватан бу – япроқ экан. Қалбимиз уйғоқ эса, Дардидан огоҳ эса. Эътиқод фарёдида Ватан бу – чақмоқ экан. Кетса гар кўнгил доғи. Гуллагай Ватан боғи, Ҳар майса гиёхида Ватан бу – уйғоқ экан! 06.11.2005 * * * Шаҳарларда сиқилар кўнгил, Соғинаман тағин ҳар саҳар. Юр кетайлик юрагим юргин, Тугамайди Бахмалда баҳор.
Руҳ ҳазин ҳасрати сочилса майса, О, насибам улуғ розиман бахтдан. Одамми, жонивор опичлаб қўйса, Мен билан ям-яшил гулласа ватан.
Худойим, дунёда нимадир ишим, Кўнглимни осмон қил шу тупроқ билан. Бир куни ўнгидан келади тушим, Мени соғинади шу чорбоғ – Ватан ! 25.01.2002. Пойимга йиқилар кекса умидим, Бошимда айланар дунё хокисор. Кечиринг мен сизни, шеърни унутдим, Тупроқни соғиндим тағин телбакор.
Ошимни ошадим энди минг шукр, Ўтган ҳаётимдан йўқ сира гинам. Тупроққа айланиб бормоқда бағир, Омонат кўйлагим ечяпман мен ҳам.
Жимгина кетаман чиқмайди оҳим, Дилда қолиб кетар дарду, армонлар. Мендан сўнг боғларда кезар арвоҳим, Бир кун унутади дўст-у, ёронлар.