Чоршанба, 18.09.2024, 07:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

АЪЗАМ РАҲИМ БИЛАН УЧРАШУВ
Даврон ҲОТАМ
(репортаж)
Ўш шаҳридаги “Фрунзе” мактабининг ўқитувчилари шоир Аъзам Раҳим билан ўқувчилар ҳамда адабиёт ихлосмандлари ўртасидаги ижодий учрашувни уюштиришди.
Фонида “Орзулари карвон умидлари сарбон Шоир” дея ёзилган саҳнадан Аъзам Раҳим, олим, адабиётшунос Равшанбек Турсунов, аравонлик шоира Фарида ҳамда қўшиқчи Самида Холматова жой олдилар.
Модераторнинг оригиналликка интилиб, тайёрлаган сценарийси асосида Шоирга “Шеърият ўзи нима?”, деган қадимий лекин хали тўлиқ жавоби топилган савол берилди. Аъзам Раҳим жавобни ўқувчилик вақтларидаги орзуси билан бошлаб, шеъриятнинг кўнгил мулки эканлигини айтиш билан якунлади.
Аъзам Раҳимнинг шеърларини қирғиз тилига таржима қилган шоира Фарида ўз дўсти ижоди ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўқувчилар шоир “Бургут”, “Ҳамма шоир қишлоқдан чиққан” каби ижодидан наъмуналар ўқишди. Гарчи, ўқувчиларда ифодали ўқиш техникаси ночорлиги сезилиб турсада, барибир севимли шеърларни болалар тилидан эшитиш мароқли бўлди. (Айниқса, муаллифга ёқимли бўлса керак)
Қўшиқчилар Расулжон Ураимжонов (“Пешонамнинг торлиги” қўшиғи) ва Самидахон Холматова (“Кўкламга етмаган онам”) шоир шеърлари билан яратилган қўшиқларини ижро этишди. “Онам” қўшиғида ўз тақдирини топган ўқувчию, ўқитувчиларнинг айримлари ўзларини кўз ёш тўкишдан тия олмай қолди. Бу албатта ижро билан биргаликда, шоирнинг дарди бошқа бир юрак дардига хамоҳангликни топа олганидан бўлса керак. Тингловчилар ичида бир ОҲ уйғонди. Оҳ, кўкламга етмаган онааааам.....
Аъзамжон инсоннинг юрагига тегадиган мана шундай шеърлар муаллифи, дейди тадбир бошловчиси.
Бу орада эса ўқувчилар шаҳар билим бошқармаси раҳбарининг ўнга яқин шеърларини ўқиб беришди. Менимча бу “гороно”дан келган вакиллар “ҳурмати”га бўлса керак. Ёки буни бугунги тадбирга ёпишмаган бир расмий қисм деб ҳисобласа ҳам бўлади. Бу қисм ўтгач, шоирнинг ҳамкасби, дўсти Озодбек Охунов сўзга чиқиб, бу каби тадбирларнинг шаҳарда анчайин озайиб кетганини билдириб ўтди. Шунингдек, аввал у учун унчалик тушунарли бўлмаган шеърларини ўқувчилар тилидан тинглагач, шеърлар мазмуни ойдинлашганини таъкидлаб ўтди.
Педагогика фанлари номзоди Равшанбек Турсунов Аъзам Раҳим ижоди фалсафийликка ва ташбеҳларга бой деган фикрни билдириб, мисралардан мисоллар келтириб ўтди. “Чарх уриб ўйнаган мунаввар эпкин”, “Кўнгилни дарахтга осмоқ”.....
Анъанавий учрашувларда бўлганидек, Шоирга ўқувчилар саволлар бера бошлашди.
Биринчи шеърий китобингиз чиққанда сиз қандай ҳиссиётни хис қилгансиз?
Ўша биринчи китобимни босмахонадан олиб кетаётиб, ичимда бир бўшлиқни ҳис қилганман. Нимага? Бу саволга хали ҳам менда жавоб йўқ.
Ўқитувчи бўлишингизга нима сабаб бўлган?
Бу тасодиф эди. Мен авваллари бу касбни танлайман деб ният қилмаганман... Лекин, ачинмайман. Бу мен учун бахтли тасодиф эди. (жавоблар қисқартирилди. Изоҳларни бермадик)
Илк ижодингиз қандай бошланган?
Мактабдаги тадбирлар учун бир нарсалар ёзардим. Лекин, меники демасдим...
Хафагарчиликни, ғазабни қандай енгасиз?
Хафагарчиликни енгиш мумкин. Бир дардкаш истайсан. Яқинларинг билан хасратлашасан. Одам тафтини одам босади. (Ғазаб ҳақида жавоб беришга улгурмай, бошқа саволга ўтиб кетишди)
Одамдаги энг катта камчилик деб нимани ҳис қиласиз?
Ўзининг ҳаётига ўзининг лоқайдлиги катта камчиликлардан бири бўлса керак
Фарзандларингиз билан кенгашасизми?
Мен болаларим билан уйда жуда кам бўлганман... Лекин, ҳозир кичик қизимиз бор. У билан ҳисоблашишга мажбурмиз.
Мактаблардаги севги муҳаббат мавзусига қандай қарайсиз?

Шоир бу саволга севги ҳақида шеър ёзмаган бирор инсон бўлмаса керак дея гапни олиб қочди. Ўзингиз ҳам мактабда севганмисиз?
Албатта, севги ҳар доим бўлган. Мактабда ҳам севганмиз, университетда ҳам, дейди шоир. Кейинчалик, собиқ синфдошининг “интрига”ларидан сўнг, Шоир ҳам пайровни давом эттириб, аввал сизнинг сочларингиз анча узун эди. Балки, шу сочларга ошиқ бўлгандирман. Балки, шунинг учун юрак ютиб гапиролмагандирман дея хазил қилди. (Ким билади, балки хазил эмасдир )

Тадбир сўнггида Аъзам Раҳимнинг илтифоти туфайли мен дохил яна бир неча шоирлар ўз шеърларидан наъмуналар ўқиб беришди.


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (08.04.2014) | Муаллиф: Даврон Ҳотам
Кўрилди: 1397 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Davron   (08.04.2014 15:39) [Материал]
Вақт бўлганда шошилинч жойлаштириб қўйдим. Камчиликлари бўлса огоҳлантиринглар! Тўғрилаймиз! smile
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0