Пайшанба, 19.09.2024, 22:25
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

ЁШЛАР СУҲБАТИ: Шуҳрат Шокир билан суҳбат
Шухрат Тоштухтаев : Аввало мени суҳбатга чорлаганингиз учун ташаккур. Одатда бундай суҳбатларга ёши улуғроқ, эл орасида танилган ижодкорларни таклиф этишади. Тўғриси, менга бундай таклиф биринчи марта бўлаётганлиги учун бировларни қойил қиладиган гапларни айтишим маҳол. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, мен сўлим Исфаранинг Офтобрўй қишлоғида ишчи оиласида туғилганман. Болалигим шу қишлоқда кечган. Отам оддий ишчи бўлсалар ҳам, адабиётни, санъатни қадрлар эдилар. Уйимизда кўплаб китоблар, газеталар, "Шарқ юлдузи" журналининг кўпгина сонлари бўларди. Шуларни ўқиб, менда адабиётга қизиқиш уйғонган бўлса керак. Мактабда ҳам адабиёт фанини қизиқиш билан ўрганардим. Қўшнидан кетмон сўраб чиқишга орланардим, аммо китоб тиланиб кўпларнинг эшигида сарғайганим эсимда. Мактабни битиргач, адабиётга қизиқишим туфайли Хўжанд давлат дорилфунунининг филология факультетига кириб баҳоли қудрат ўқидим. Факультетда кўп нарсани ўргандим деёлмайман, аммо яхши инсонлар билан танишганим рост. Менинг шеъриятни қисмат деб қабул қилишимда шоира Мунаввара Ойматованинг хизматлари катта. У киши факультетимизда жаҳон адабиётидан сабоқ берарди. Кўплаб шеъриятга ихлосманд талабалар ҳафтада бир у кишининг уйларида бўладиган шеърий мажлисларда йиғилишардик. Китоб танқислиги барҳам топган, шоиранинг кутубхонасида ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари жамланганди. Бу хазинадан айниқса мен ҳузур қилиб фойдаланардим. Хуллас мен ва мен қатори ёшлар бугун бирор бир мавқега эришган бўлсак, бунда устозимиз Мунаввара хонимнинг хизматлари беқиёсдир.

Даврон Ҳотам: Тўғри кўп ҳолда шундай бўлади. Машҳур ёки каттароқ ёшдагилар билан суҳбат қурилади. Аммо ўйлаб қарасам бизнинг ҳам ёш еримиз қолмабди. Ўттизга кириб қолдик. Лекин, шахсан ўзим ҳақимда гапирсам шоир бўлиб шоирликни дўндирмадим хали
Балки бунинг сабаби катта ўзбек адабий муҳитидан ажралганимиздадир. Нима деб ўйлайсиз?

Шухрат Шокир: Ҳа, агар Пушкин, Лермонтов каби даҳоларнинг жуда ёш бу дунёни тарк этганларига қарамай, ўзларидан катта бир ижодий мерос қолдирганларини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг ҳам ёш еримиз қолмади, аммо ўзингиз айтгандай, биз ҳали шоирликни дўндира олганимиз йўқ.
Билмадим бунга катта адабий оқимдан олисдалигимиз сабабми ёки ҳар ким ўзи Худо берган қобилият, имконият даражасида ижод қиладими... Ахир ҳамма ҳам Пушкин, ёки Лермонтов бўлавермайдику.

Даврон Ҳотам: Гапингизда жон бор. Сендан Пушкин нари турсин Х.Даврон ёки Шавкат Раҳмон чиқмаса бунинг муҳитдан узоқлигинг билан хаспўшлай олмайсан, демоқчисиз назаримда. Майли, розиман. Тожикистонда ҳозир ўзбек адабий муҳити борми?

Шухрат Шокир: Мен фақат сиз ҳақингизда эмас, умуман қўлга қалам тутган биз қатори ёшлар тўғрисида гапирдим. Ҳар ким ўз ёзганларини устоз Шавкат Раҳмон айтгандай "Мангуликка сал қиёслаб кўрса" қай даражадаги ижодкор эканлиги маълум бўлади.

Даврон Ҳотам: Ҳа, мен хам умумий тарзда тушундим...Тожикистондаги ўзбек адабиётининг бугунги ҳолати қандай?

Шухрат Шокир: Тожикистондаги ўзбек адабиёти ҳақида гапириш мен учун ҳозир бирмунча қийин. Сабаби мен шарт-шароит тақозоси билан кўпдан бери адабий муҳитдан узилиб қоляпман. Шундай бўлса ҳам Хўжанддаги баъзи жонкуяр дўстларимиз шарофати билан огоҳ бўлганим баъзи асарлар ҳақида айтиб ўтишим мумкин. Кейинги пайтларда Хўжандда наср, назм, айниқса таржима йўналишида катта ишлар қилинди. Мисол учун ёзувчи Ўринбой Усмоннинг " Дарахтга дўнган одам", Ҳуснинисо Аҳмедованинг " Чангда қолган гул", ажойиб ҳажвчи, Эгам Дангалнинг " Зўрдан зўр чиқса" каби китоблари нашрдан чиқди ва китобхонлар орасида катта қизиқиш билан ўқилмоқда. Яна ўзбек адабиётида анчайин янгича услубда, янгича руҳда кўзга ташланаётган Мунаввара Ойматова қаламига мансуб "Табу" романини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоизки, бундай асарнинг айнан Хўжандда яратилгани қувонарли ҳолдир. Умумий оқимдан шоирларимиз ҳам четда қолишаётгани йўқ. Кейинги пайтда китобини нашрдан чиқармаган шеърнавис жуда кам.Таржима санъати ривож топаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Форс- тожик мумтоз шеъриятидан устоз Шариф Нуридин кўплаб дилбар шеърларни ўзбек тилига ўгирдилар. Бундан ташқари Одил Икром, Сайфуллохон Қорихоновлар Лойиқ Шерали, Фарзона, Озарахш каби тожик шоирлари ижод намуналарини ўзбек тилида ўқиш имконини яратдилар. Демак Хўжандда ўзига яраша адабий муҳит бор.

Даврон Ҳотам: Хурсандман. Қирғизистон ҳам ўзбек тилида нашр этилган, этилаётган китоблар сони жиҳатидан ҳеч ҳам қолишмаса керак. Бироқ, сифатга келганда... Қирғизистондаги ўзбек ижодкорларининг асарлари орасида сизга таниш бўлганлари борми?

Шухрат Шокир: Тўғрисини айтадиган бўлсам, менинг Қирғизистондаги ўзбек адабиётидан деярли хабарим йўқ. Кўнглингизга бирор гап келмасин. Фақат менинг қўлимга ўша сиз айтган сон саноқсиз китобларнинг ақалли биттасиям тушмаган.

Даврон Ҳотам: Табиий. Зотан бу китобларнинг адади ҳам унчалик катта эмас. Тўғриси, мен сизларга ҳавас қиламан. Чунки, Форс - тожик адабиётининг ҳам чуқур илдизи бор ва сизларда бундан фойдаланиш имконияти кенгроқ.

Шухрат Шокир: Қирғизистонда чоп этилган асарларнинг оммалашмаётганида қисман сизга ўхшаган дўстларнинг ҳам айбингиз бор

Даврон Ҳотам: Сабаб?

Шухрат Шокир: Сабаби аён. Бугун сизнинг ихтиёрингизда ijodkor.com сайти мавжуд. Нега энди ўша китобларнинг электрон нусхалари сайтингизда йўқ?

Агар сиз каби инсонлар асарларнинг оммалашувига ижобий таъсир кўрсатмаса, ким буни эплай олади?

Даврон Ҳотам: Бу таклифингизни ўйлаб кўрса бўлади. Фақат бу бир оз техник масала. Сайт ҳақида сўз очган экансиз. Бир йўла "Ижодкор" ҳақидаги фикрларингизни билишни истардим

Шухрат Шокир: Албатта, менинг "Ижодкор” ҳақида гапириш ниятим бор эди, аввал бошданоқ. Чунки менинг машқларимни бироз бўлсада ўқувчилар эътиборига тушишида бу сайтнинг ҳиссаси бор. ijodkor.com хайрли ният билан очилган эди ва бу ниятга иншоолоҳ эришиляпти. Баъзи камчиликлар боя айтганимиздек мавжуд, аммо имконият ҳаммавақт бизнинг талаб истакларимизга мос келавермайди. Вақт ўтиши билан сайт такомиллашиб боради худо хохласа. Умуман олганда шу ҳолатидаям " Ижодкор" инсонлар қалбига зиё улаша оляпти деб ўйлайман.

Даврон Ҳотам: Шеърларингиз сайтимизда берилгач, устоз шоир Хуршид Даврон ҳам ўз сайтларида эълон қилдилар. Яна сиз ҳақингизда анча илиқ фикрлар билдирибдилар. Кўзингиз тушгандир?

Шуҳрат Шокир: Ёшлар ижодига эҳтиром билан қараш устоз Хуршид Давронга хос бўлган хайрли одат, менимча. У кишининг фейсбукдаги саҳифаларига бир қаранг, юзлаб биз қатори ёшлар билан дўстлашган эканлар. Менинг машқларим ҳақида илиқ гаплар айтганларидан хурсандман, албатта, чунки менда ўз шеърларимга нисбатан ишончсизлик ҳисси мавжуд. Бу нарса менинг жуда кам ёзишимга ҳам сабаб деб ўйлайман.

Даврон Ҳотам: Фикрингизга қўшиламан. Хуршид ака, биринчилардан бўлиб сайтимизни табриклаган эдилар. Ижодингизга ишончсизлик эса, менимча сўз масъулиятидан келиб чиқса керак.

Шуҳрат Шокир: Ҳа тўғри айтасиз сўз бизнинг шахсий мулкимиз эмаски, уни истаганимизча исроф қилаверсак. Масаланинг бошқа жиҳати шуки, менга аллақачон шаклланган ижодкор сифатида эмас, балки ижод майдонида ўз йўлини топишга интилаётган ҳаваскор шоир сифатида қараш тўғри бўлади. Шу жиҳатдан ёзганларимда устоз шоирлар оҳангларига эргашиш ҳам мавжудлиги муқаррар. Ўз йўлини топиш эса ижодкор учун анчайин оғир масала.

Даврон Ҳотам: Менда ҳам бир пайтлар Муҳаммад Юсуф, кейинчалик Шавкат Раҳмон, Абдували Қутбиддин ижодидан таъсирланиш ҳоллари бўлганди. Эсимда, Абдували акага тақлидан қатор шеърлар ёзиб ташлаган вақтларим ҳам бўлган. Бир яхши дўстимнинг фикридан сўнг кўр-кўрона тақлиддан қочишга ҳаракат қилгандим.
Сизнинг ижодингизда ҳам Шавкат Раҳмон оҳанги сезилади.

Шуҳрат Шокир: Буни албатта тан оламан. Мен Шавкат Раҳмон шеърларини жуда севиб ўқиганман. У кишининг шеърларидан юққан таъсир ўзимнинг машқларимда ҳам кўзга ташланаётган бўлиши керак.

Даврон Ҳотам: Агар иккимиз оз бўлсада руҳан яқинлашган бўлсак, бунга сабаб мана шу шоирларга бўлган ўхшаш хурматимиз бўлса керак.

Шуҳрат Шокир: Албатта. Устоз адиблар ижодига ҳурмат билан қараш, улар очган йўллардан бориб, охири ўз йўлимизни топиш бизнинг олдимизда турган вазифалардан.

Даврон Ҳотам: ИншоОллоҳ. Агар сайтимизда берилган шеърларингизни ҳисобга олмаганда ижодингиз билан тўла таниш имконига хали эга бўлмадик. Тўплам қилиш ҳаракатлари борми? Менга "Тилак" шеърингиз ҳам ёқди.

Шуҳрат Шокир: "Тилак", "Умидсизлик" ва шунга ўхшаш бир қатор шеърлар Ватандан узоқда машаққат чекиб юрган пайтларимизда ёзилган. Табиийки, уларда озроқ аламзадалик руҳи мавжуддир. Тўплам қилишга келсак юқорида айтганимдай мен жуда каммаҳсулман. Ўйлаб қарасам, қалам тебратаётган тенгдошларим орасида китобини нашр эттирмаган фақат мен қолибман. Вақт соати етиб балки машқларимни тўплам ҳолига келтириш ҳақидаям ўйлаб кўрарман.

Даврон Ҳотам: Насиб қилсин. Тенгқур ижодкорлардан кимларни биласиз? Масалан, сайт орқали сизнинг юртдошингиз Хасанбой Ғойибов ижоди билан танишдик. Сиз яна кимларни қўшимча қила оласиз?

Шуҳрат Шокир: Ҳа, Ҳасанбой Ғойибовнинг ҳам кескин оҳангдаги шеърлари бор экан. Яна Ижодкор сайтида ўзбекистонлик ёш шоир Муслим Мусаллам ижоди билан яқиндан танишдим. Муслимбек анчайин маҳоратли шоир. У ўз шеърларида ички кечинмаларини табиатга, умуман ташқи дунёга боғлиқ тарзда ифода эта олади. Қолаверса курсдошим Мунира Камол ижоди билан танишман. Мунира ҳам самимий ёза оладиган тенгдошларимиздан бири деб биламан. Хуллас, ҳар бир ёзилажак шеърнинг озми кўпми ўз ўқувчилари бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни бирданига чиқитга чиқариб ташлаш тўғри эмас, менимча.

Даврон Ҳотам: Мана шунча тенгқур ижодкорлар бор экан. Бу сафга Беҳзод Фазлиддинни ҳам қўшган бўлардим. Ростини айтсам Тошкентда, катта адабиёт муҳитида бўлгани учунми шеърлари анча пишиқ. Хуллас, биз ёшлар қандайдир ўзаро алоқага кирсак яхши бўларди менимча

Шуҳрат Шокир: Тўғри айтасиз, қаерда бўлмасин ўзбек тилида ёзилаётган яхши асарлар кишида фахр туйғусини уйғотади. Адабиёт майдонига кириб келаётган ёшлар бир бирларини маънан қўллаб қувватлашса, катта кучга айланишлари табиий.

Даврон Ҳотам: Менимча, биз хали сиз билан асосий гапларга ўтмадик. Биринчи суҳбатимиз танишувнинг бир дебочаси сифатида умумий бўлди. Ўйлайманки, бу суҳбат яна давом этади

Шуҳрат Шокир: Албатта, мен ҳам шундай деб умид қиламан. Энг муҳими биз ёшларнинг ижод намуналари учун “Ижодкор” сайтининг эшиклари очиқ бўлса бас.

Даврон Ҳотам: Ижодкор албатта барча учун. Имконим бор экан доим адабиёт тарғиботи ҳизматидамиз. Сизлардан ҳам бирга бўлишликни, бошқа ижодкорлар асарларига фикрларингизни билдириб туришингларни илтимос қилардим

Шуҳрат Шокир: Раҳмат бор бўлинг. Эзгу ният йўлида Яратган ҳамроҳингиз бўлсин!


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (04.02.2013) | Муаллиф: Дарон Ҳотам, Шуҳрат Шокир
Кўрилди: 946 | Шарҳлар: 3 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 3

0  
1 Yahyo   (04.02.2013 17:22) [Материал]
Shuhrat shokir Shavkat Rahmonga taqlid qiladi deyish mutlaqo notugri Faqat ayrim sherlaridagi shafqatsiz iqror keskinlik Shavkat akani yodga solyapti holos Aslida Shuhratning uz ohangi uz yuli bor
0  
2 додхо   (05.02.2013 00:14) [Материал]
шУХРАТ ТАКЛИДЧИ ЭМАС.ШУНЧАКИ ШАВКАТ РАХМОННИ СЕВИБ УКИЙДИ, ХОЛОС! У БИР ПАЙТЛАР УСМОН АЗИМНИ ХАМ СЕВИБ УКИГАН ВА УКИЙДИ!У ХУЖАНД УЧУНГИНА ЭМАС, УЗБЕК АДАБИЁТИ УЧУН ХАМ ВОКЕА!
0  
3 Davron   (05.02.2013 09:19) [Материал]
Суҳбатни шархлар орқали ҳам давом эттиришнгиз мумкин. Ўз саволларингиз ёки мулоҳзаларингиз билан иштирок этинг.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0