Пайшанба, 19.09.2024, 22:41
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

МУҒАННИЙ: НОДОН ДЎСТЛАР ҚАРИТДИ МЕНИ
Даврон ҲОТАМ

Ғанижон Холматов-Муғанний нафақат Ўш шаҳри учун балки бутун ўзбек забон санъат, маданият мухлисларига таниқли Шоир ва маданият арбобидир. Муғанний ғазаллари машҳур ҳофиз Шерали Жўраев каби бир қатор қўшиқчилар томонидан ижро этилиб, халқ қалдига кириб борди. Шу билан бирга Шоир ўзининг замонавий ғазалнавистлар ичида ўз ўрни ва оҳангига эга эканлигини исботлаб улгурди. Аммо, бугунги кунда Қирғизистондаги ўзбек ижодкорларининг ҳаёт йўллари кўпларга тўла маълум эмас. Шу важдан Муғаннийнинг қисқача умр йўлини Шоирнинг ўз баёни билан ҳавола этмоқдамиз. Умид қиламизки, устоз Муғаннийнинг бу ҳасби ҳоли яна кўплаган адабий асарлар билан тўлиб боради.

Тўқ экан-да оч экан
Топганингни соч экан...

Ўша замонларда Ўшнинг маълум ва машҳур арабий ва форсий билимлар эгаси Турғунотинча хонадони (Ҳозирги Ёшлар кўчасидаги 93-уй ) да 1949 йил 5 февраль чилланинг сўнгги кунида туғилибман. Бошқа гўдакларга ўхшамай, дояларга бақрайиб тураверибман. Кетимга тушган шапалоқдан кейингина чинқириб ҳаётни бошлашга розилик берибман. ”Сен дунёга келиб-келмаёқ калтак егансан ”-, деб раҳматли холам (Турғун отинча) умрининг охиригача ризолик тилаб ўтди. Оиламиз қўшни маҳалладан (Ҳозирги Комарова кўчаси 15-уй) ҳовли олиб кўчиб чиқишса-да , болалигим кўпроқ ўша мен туғилган холамнинг уйида ўтган. Дадам Абдукаримжон, онам Шукурхоннинг кенжа ва эрка фарзанди эдим. Уйдан аразлаган дамлар холамникига чиқиб кетар, дадам совға- саломлар билан олиб чиқар эди. Онам дўппи тикиб сотар, ҳар бир гапида мақол ишлатар, у пайтлар бу одати менда кулги уйғотар, бу одатнинг озчиликда учрайдиган ноёб фазилат эканлигини эса кейин англаб етдим. Дадам раҳматли ота касби темирчиликдан хабардор, Россияга қатнаб савдогарлик ҳам қилар эди.

Муаллим, ҳофиз, режиссёр...
1956-1966 йиллар Наримонов, сўнг Ленин номли шаҳар мактабларида ўрта маълумот олдим. Мактабни битиргач, Тошкентдаги театр ва рассомчилик санъати олийгоҳига кириб, 1970 мазкур олийгоҳнинг актёрлик бўлимини тамомлаб, Ўшга қайтдим. 1970- 2007 йиллар З. М. Бобур номли ўзбек академик театрда актёр, режиссёр ва бош режиссёр, маълум муддат шаҳар мактабларида ашула ўқитувчиси, тўгарак раҳбари сифатида фаолият кўрсатдим. Базмларда доира, мактабда гармон, нонушталарда танбур чалиб ҳофизлик ҳам қилдим. Замонамизнинг бизнинг тоифа инсонларининг аксариятига хос ётволиб ичишдан, паровоздек чекишдан Аллоҳнинг ўзи қайтарди.

Рақибларимдан ғолиб чиқдим
Қорасувлик ( Ўзбекистон) холамнинг набираси Муҳаррамхонга уйланиб, етти фарзанд кўрдик. Уларнинг учтаси Алишер, Матлуба, Умиджонлар кўпи билан олти ойдан яшаб, келажакка кўчиб кетишди. Қиёматдан ваҳмим йўқ, улар Аллоҳдан гуноҳларимни тилаб олишар, Иншаоллоҳ. Қолган фарзандларим (уч қиз, бир ўғил) етти набирамнинг умрларини тилаб, чевара кўриб, уларнинг қўлидан сув ҳўплашни орзу қилиб ётибман.
Ҳаётда рақибларимнинг барчасидан ғолиб чиқдим. Баъзилари зим кетди, баъзилари таслим бўлишди. Асирларинг билан бирга яшашдек ноқулай дамлар бўлмаса керак ... Бироқ мени душманларимдан кўра, нодон дўстларим кўпроқ қаритди.

Оловли йил алангасидаги 63 ёш
2005 йилда олган Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони сабаб имтиёзли фахрийман, ношукурликдан сақласин.
50 ёшимни нишонлаганимда шеърият мен учун эрмак (хобби) эмас, қиёмат эканлигини сездим ва чилла ўтирмаёқ бўйнимга олдим. Биринчи китобим “Суянганим тор бўлди” 1994 йил, 2-3- китобчаларим “Юз пора дил” 2000 йил кўз очди. Дўстларимга раҳмат!
Тўртинчиси “Сен кетдинг аста- аста ” 2005 йил шу кунгача ҳофизлар томонидан айтилиб келинаётган қўшиқларим ҳисоботи сифатида жилмайди.
... Оловли йил алангасида 63 ёш режалари қовжираб қолди. Бироқ мухлис биродар дўстлар билан “Қазо дарслари“ китобчам 100 дона чоп этилди.
Дунёга келишни интиқиб кутаётган китобларим: “Юз пора дил” (3, 4, 5- китоблар), “Арузий армонлар”(Девон -500 ғазал) , “Куйдан куёв кутган қиз” (Ҳижрон қўшиқлари , янги қўшиқлар), “Руҳнинг кўз ёшлари ” , “Қазо дарслари” (2-китоб), “Қазо дарслари” ( 500 тўртлик).


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (05.12.2012) | Муаллиф: Даврон Ҳотам
Кўрилди: 1354 | Шарҳлар: 4 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 4

+1  
1 Хасанбой Гойибов   (06.12.2012 11:53) [Материал]
Тожикистонда хам хофизлар "ОК БУРА" ва “Сен кетдинг аста- аста ”кушикларини севиб ижро этишади. Устознинг "Онам дўппи тикиб сотар, ҳар бир гапида мақол ишлатар, у пайтлар бу одати менда кулги уйғотар, бу одатнинг озчиликда учрайдиган ноёб фазилат эканлигини эса кейин англаб етдим" сатрларини укир эканман рахматлик онамни эсладим. Бу менинг онам хакида айтилгандек. Устозга сихат саломатлик тилайман. Сизга хам рахмат Давронбек!
0  
2 Музаффар   (07.12.2012 15:21) [Материал]
Yahshi maqola, davomi bo'lsa yahshi bo'lar edi.
+1  
3 Maxdumiy   (11.12.2012 23:13) [Материал]
Sof ko'ngil va tolmas ijodkor,millatning faxri bo'lgan hassos shoirimiz G'anijon aka Holmatov(Mug'anniy)ning betakror ijodiga omadlar tilab,domilani yaqin do'sti Odiljon!
0  
4 Абдурахим   (25.02.2013 22:07) [Материал]
Одамлар хам дарахтларга ухшайди ..
Бир хил жойда турли самар беради .
Бир дарахтнинг илдизи хам фойдали,
Яна бири факат зарар беради.
Бир дустингнинг тарсакиси фойдали ..
Бири - кулиб туриб захар беради!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0