Пайшанба, 19.09.2024, 22:29
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Шавкат Раҳмон ҳақида хотиралар
Турсунбой АДАШБОЕВ

“Чархпалакнинг тарихи”

1978 йилнинг апрели. Илик узилди маҳал, Янглишмасам, Офтобхон аянинг тоби қочган кунлар. Шавкат онасидан хабар олгани келганди. Мен “Ёш гвардия”нашриётининг топшириғига биноан К.Чуковскийнинг шеърларини ўзбек тилига ўгириш билан банд эдим. Турмуш ўртоғим Саломатхон ишда, ўғлим билан қизим мактабда. Темир дарвоза тарақлаб қолди. Ташқарига чиқсам, илжайиб Шавкат турибди. Қучоқлашиб кўришдик.

— Телефонинггиз бузуқ шекилли…

— Ҳа, уч кундан бери ишламаяпти.

— Суриштирсам сизни уйда дейишди келавердим.

— Жуда яхши қилибсан, бугун соат учда педагогика институтининг залида шоир Жўлон Мамитов билан учрашув бўлади. Бирга қатнашамиз.

— “Оловни севган акамиз билан Фрунзеда ош-қатиқ бўлганимизга хам уч йилдан ошди. Баҳонада дийдор ғанимат қилар эканмиз-да…

Шавкат билан Адабиёт институтида ўзи билан олдинма-кетин ўқиган Ж.Мамитовнинг илк китоби “ Оловни севаман”ни кўзда тутган эди. Икковимиз дарвозани қулфлаб кўчага чиқдик. Пиёда юриш кундалик одатимга айланиб кетганидан яхши хабардор бўлган Шавкат:

— Шаҳарга одатда кўпроқ қайси томондан юрасиз? – деб қолди.

- Жўйипаст анҳори бўйлаб, Куллоллар махалласи орқали Сулаймон тоғи ёнлаб…— Бу йўналиш менинг учун янгилик бўларкан. Айтгандай, Одилжон ака бардаммилар? Кўрмаганимга ҳам анча бўлди…

Гап ўшлик болалар шоири Одилжон Умаров хакида бораётган эди. Суҳбат билан Умар Одилнинг хонадонига яқинлашиб қолгандик.

— Акахонимиз, — дея ичкарига товуш қилдим.

— Лаббай, – деган овозни эшитиб остона хатлаб ўтдик.

— Дада, Турсунбой акам, — деди Одилжон аканинг кенжа қизи Ҳилола.

Мезбон бизга пешвоз чиқиб, Шавкат билан қучоқлашиб кўришаркан:

— Ўртоқ Адашбоев, шоирни олиб келганингиз учун сизга «беш» баҳо,— деди.

Шавкат ҳовлидан шарқираб оқаётган анҳорда юз- қўлларини ювар экан:

— Жўйипастни уйларидан ўтказиб олган шоир акаларимга қойил, — деди хаваси келиб. Дастурхон атрофидан ўрин олдик. Дуо тугаши билан Шавкат:

— Ие, мен-ку! — деб қолди хонтахта устидаги қора қаламда чизилган расмга қараб.

Барчамизнинг нигоҳимиз хонтахта ёнида ўтирган Одилжон аканинг қорамағиздан келган ўғли Озодбекка тушди. У Шавкатнинг «Рангин лаҳзалар» китобидаги расмига қараб муаллифнинг суратини оқ, қоғозга туширган эди.

— Хайрият, китоб эгасини топибди, — деди у, ним табассум билан. Икки соат мобайнида дийдор ғанимат қилиб суҳбатлашиб ўтирдик. Одилжон ака ўзини қизиқтирган саволларга меҳмондан жавоблар олди. Мезбонга шеърият оқшомига кетаётганимизни айтиб, узр-маъзур сўрадик.

Кулоллар маҳалласидаги чархпалаклар ўзига хос музейга ўхшайди. Шавкат Сулаймон тоғнинг жанубий қисмида истиқомат килаётган ўшликларнинг хонадонига беминнат оби-ҳаёт улашаётган турфа хил чархпалакларни эринмай томоша қиларди. Музей ходими Имрон Сулаймонов билан икковимиз сўнгсиз

хаёллар оғушида қолган шоирни зимдан кузатамиз.

Эхтимол Шавкатнинг «Чархпалак» шеъридаги:

Ғичир- ғичир

Ғичир – ғичир

айланасан жонинг ҳалак,

айланасан азал- абад,

чархпалак,

чархпалак…

мисрлари Жўйипаст анҳорининг ўнг соҳилига ўрнатилган чархпалакларни кўрган маҳалда юрагидан кечгандир… Ўша куни Жулоннинг шеърият кечасига улгурдик.

Тоғларга термулиб суради хаёл…

Олой қирларидан

Кетар саратон,

Совуқ шабадалар уйғонди тағин.

Қушлар қий-чувига тўладир

Осмон -

Сентябрь яқин

Эртадан-кечгача

Синглим иккимиз,

Сойда чўмиламиз, чўзма отамиз.

Ярим кечгача келмай уйқумиз,

Сирли юлдузларни санаб ётамиз.

Шавкатнинг «20 йил аввал» деб номланган шеъри 1975 йилда ёзилган, Бу автобиографик шеърида шоир юрагининг бир парчаси ётибди. Тоғларга термулиб хаёл суриш фақат Шавкат Раҳмонга хос фазилат. Чунки Раҳмонберди тоғa йигирма йил давомида Олойнинг Суфиқўрғон, Саритош, Саримўғул, Дараўтқўрғон каби овулларида оила аъзолари билан чойхона очиб, чўпон-чўлиқларга хизмат кўрсатган. Тишмирза ака, Шавкат ва Маҳмуджонлар ёзги таътилда ота-оналарига ёрдам беришган. Айниқса, Олой тизмалари бошқа тоғларга асло ўхшамайди. Улкан нортуяларни эслатади. Гуёки кескир пичоқларда тиғланиб ташланган қатлам-қатлам ҳарсанг тошларни кўриб, табиатнинг қудратига лол қоламиз. Номлари ҳам ажабтовур: Кетмонтоғ, Keттантоғ, Еттантоғ, Эшиктош, Бешиктош. Болалиги асосан тоғларда ўтганлиги учун ҳам Шавкат Раҳмон кўпроқ тоғларга мурожаат қилиши шундан.

Тоғлар —

Нортуялар абадий чўккан,

қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.

Қани, ясовуллар, туякашлари,

тиллали, жавоҳирли сандикдар қани?

Бариси таланган,

қароқчиларнинг

изларини яшириб юборган мозий.

Яширган йилларнинг чангалзорлари

Сарбонни ўлдирган қотил овози.

Шоирнинг турмуш тарзи, унинг болалиги билан боғлиқ, воқеалардан хабари йўк, айрим адабиётшунос дўстларимиз ижодкорнинг тоғларга бағишланган шеърлари тўғрисида ўзларича «кашфиётлар» қилаётганлиги бироз эриш туюлишини ҳам эслатиб қўйишимиз шарт.

1982 йилнинг июн ойи. Қўзи етилиб, қимиз маромига етган кезлар. Кадрдон дўстларимиз, машҳур қирғиз шоирлари Жўлон Мамитов, Каримшоқ Тошбоевлар Шавкат иккимизни Олойга қимизхўрликка таклиф қилишди.

Навбатдаги “сафаримиз бу ердан 200 чакирим бўлган Чунголойнинг Дараўтқўрғонига бориб келишни ният қилганимиз учун йўл тадоригина кўрдик. Жўлон билан Қаримшоҳ Шавкатнинг болалиги шу музости тоғларида ўтганидан беҳабар эди. Йўл-йўлакай бу сирни ошкор қилишимизга тўғри келади. Олдинда денгиз сатҳидан беш минг метр юксак бўлган Толдиқ довони турибди. Пешин чоғида довонга яқинлашдик. Машинанинг капотини очиб, шамоллатдик. Булоқ бошида тамадди қилиб, қимиз ичдик. Роса икки соатдан кейин улкан довонга тирмашдик. Қовун жўякларини эслатувчи улкан ўн икки серпантиндан иборат катта ҳарбий йўлда бизнинг темир тулпоримиз худди қўнғиздек ўрмалаб борарди. Боиси, ҳаво етишмайди, босим кучли. Спидометр 60 ни кўрсатиб турган бўлса ҳам, тезлик 30 нинг атрофида. Довоннинг ярмисига етганимизда қулоқларимиз шанғиллаб, бурнимиз бита бошлади. Демак, тутак забтига олаётир. Дарҳол чўнтакларимиздаги саримсоқ пиёздан олиб чайнай бошладик. Кўзларимиз равшан тортди, қулоқларимиз очилди. Толдиқнинг устига эсон-омон чиқиб олгач, пича дам олдик. Довоннинг остига қараймиз, ҳарбий машиналар бамисоли асалари қутиларига ўхшайди. Саритошга кечки соат тўртда етиб келдик. Худди шу ерда йўл уч томонга айрилади. Чап томондагиси Эргаштош орқали Қашқарга, ўртадаги йўл тоғли Бадахшонга, ўнг қўлдагиси эса Дараўтқўрғонга олиб боради. Ўша оқшом Саритош йўл қурилиши бошқармаси бошлиғи Ашим оғанинг уйида хордиқ олиб, қимизга қондик.

Эрталаб ҳарбий постлардан ўтиб, эллик чақирим йўл босиб Дараўтқўрғоннинг марказига етиб келдик. Бизнинг келишимиздан рация орқали хабардор бўлган хўжалик бошлиғига, Жўлон Мамитовнинг дўсти Бекмамат Усмонов шодон кутиб олди. Менинг назаримда Шавкат болалиги ўтган гўшалар, йўллар, овуллар билан ўз холича учрашаётганидан мамнун эди. Фақат осмонўпар тоғларга боқиб, хаёл суриш унга барча нарсадан афзалроққа ўхшайди.

— Турсунбой ака, мана шу сўқмоқ, тўппа-тўғри Шоҳимардоннинг Куббон кўлига олиб боради, — деб қолди дабдурустдан у.

Мезбонимиз Бекмамат Шавкатнинг гапини тасдиклаб:

— Қадамжойга ҳам фақат шу бир товон йўл орқали от ва уловда бориб келиш мумкин, — дея қўшиб қўйди.

Қирғиз халқида «Бетега кетар бел қолар» деган доно мақол бор. Бетега асли ёвшонсимон ўсимлик бўлиб, иқлими ўта қуруқ, ҳаво босими кам бўлган тоғли зоналарда, қирларда ўсадиган, йилқи ва қўйлар учун тўйимли озуқа. «Бетеганинг қимизини ичмабсиз, бу дунёга келмабсиз», дейишади тоғликлар. Ёғоч шокосаларга тўлдирилган шафтоли гулидек напормон бетеганинг қимизини нафас олмасдан бир дўғовидан симириш (арчадан чопилган коса) ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Табиатан сўзамол йигит Бекмамат қимиз сипқориш мусобақасини бошқариб берди. Ғолибларга думба, жигар билан ёғли қовурма. Дала шароитида бир тутам ўтин билан қумғонлар шақиллаб қайнайди. Сабаби, босим кучли, 60 даражали иссиқда қайнаган чойнинг бир пиёласини икки хўплашдаёк. тугатасиз. Овқатга туз солинса пишмайди. Шунинг учун дастлаб шўрвани қайнатиб олгач, сўнг намокоб қуйиб тановул қиласиз. Бу ернинг шарт-шароитларини Шавкат ёддан билгани учун сигаретини бурқситиб, осмонўпар чўққиларга боққан ҳолда ўз ўйи билан банд. Наздимда, у шу атрофларда қолиб кетган болалигини излаётгандай. Мезбонлар Далаўткўрғоннинг эътиборига лойиқ жойларини кўрсатишди. Мени дўппидеккина қишлоқнинг ўн икки пахсали деворлари кўпроқ қизиктириб қолди. Тошу -шағалдан иборат бу жойларга қизил тупроқларни кимлар, қаердан, қандай олиб келган? Чор-атрофи юксак тоғлар билан қуршалган бу шинам гўшани бунёд қилган деворзонларнинг меҳнатини айтмайсизми? Бундай ўн икки пахсали деворларни фақат Исфара билан Конибодомда кўрганман, холос.

— Менимча, — дейди Бекмамат Усмонов, — атроф бий дала бўлгани учун ота- боболаримиз ўзларини иссиқ гармселдан, саёқ қароқчилардан ҳимоя қилиш мақсадида баланд пахсали деворларни тиклашган. Тупроқни Саригошдан, деворзонларни Бадахшондан олиб келишган.

— Балки парирухсор қизларини қизғанишиб шундай қилишгандир, — дейди, кулиб Жўлон.

Дараўтқўрғонда икки кеча тунаб, жума куни эрталаб йўлга тушдик. Мезбонлар «пўлат тулпоримиз»ни емлаб беришди. Толдиқ довонидан ошиб, Суфиқўрғонда ўзак босди қилдик. Келгуси ҳафтадаги сафаримиз Оқсув билан Олабуқа томонларга бўлгани учун ўзаро келишиб, Ўш пиримни кўзлаб машинага ўтирдик.




Манбъа: http://blog.uzbek.kg/?p=238
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (30.06.2012) | Муаллиф: Турсунбой Адашбоев
Кўрилди: 1361 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 созанда   (11.07.2012 18:49) [Материал]
Турсунбой ака, сайт ижодкорлари, катта рахмат! Асар халклар дустлигига урнатилган муносиб хайкал булибди
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0