Бугунги кунда глобаллашаётган дунёда, тобора истеъмолчилар жамиятига айланиб бораётган дунёда баҳор келганини, ўрик гуллаганини ҳам сезмай қолётгандаймиз.
Туйғуларимиз, сезгиларимиз ҳам истеъмол маҳсулотлари истеъмол қилиш йўналишигагина қаратилган тирикчилик деб аталмиш оғир синов босими остида мудраб, заифлашиб бораётгандай.
Ўрик қандай айт унутаман, Дўнгакларда ўтирдим узоқ, Ҳар баҳорда ниҳол кутаман, Кўкармайсан ўрикжон бироқ.
Озодлик: Абдул Ҳамид ака, янги китобингизни “Қайғу- эзгу туйғу”, деб номлабсиз. Сизнинг ҳозиргина мана шу тўпламга кирган “Ўрик ҳақида баллада” деган шеърингизни тинглаб туриб, қайғу ҳақиқатан ҳам эзгу туйғу эканига ишониб кетасан...
- Бу китобнинг номи ҳақида озгина тортишувлар бўлди. Атамаси ҳақида. Китобнинг номи “Қайғу – эзгу туйғу” деган. Баъзи кишилар қарши чиқишди, баъзи кишилар маъқуллашди ва охири китоб ўз номича қолди. Жамланган шеърлар, охирги вақтда ëзилган ҳикоялар шуларнинг маъносини англатиб туради.
Озодлик: Сизнинг шеъриятингизни анчадан бери кузатиб бораман. Айтишим мумкинки, сизнинг лирик қаҳрамонингиз қайғуга қарши курашаётган, жанговор руҳли паҳлавон қаҳрамон. Янги тўпламингизда ҳам мана шу руҳ сезилади.
- Ана шу тўпламнинг ичида “Ханжар” деган шеърим ҳозир хаëлимга келиб қолди.
Озодлик: Абдул Ҳамид ака, агар сизнинг ижодингизни таҳлил қилсак, раҳматли шоиримиз, Туроннинг буюк фарзанди Рауф Парфининг ҳидини туямиз. Рауф Парфи сизнинг устозингиз эди. У кишининг ижодингизга таъсири ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.
- Биз Рауф ака билан 1990-йилда учрашганмиз Бобур уйини Ўшда тиклашдан кейин. Ундан кейин мулоқотда бўлиб турганмиз шеърлар орқали. Рауф аканинг шеъриятини жуда яхши кўраман. Иккинчи китобимга сўзбошини Рауф ака ëзган. Сўзбошидан олдин бир нарса ўқиб берай. “Шеърият бугун қўлимизда, юрагимизда яшаëтган ватанимизнинг титраб турган тимсоли. Ҳозир ўчиб қолиши мумкин бўлган шам шуъласидир” деб бошлайди Рауф ака. Албатта, Рауф акамнинг шеърлари менинг шеърларимга катта таъсир кўрсатган деб ўйлайман. У киши¸ албатта¸ бизнинг устозимиз. Баҳодир Исо айтмоқчи ҳаммамизнинг пиримиздир.
Озодлик: Сиз ўшлик шоирсиз. Сиз 1990, 2010 йилги Ўш воқеаларининг бевосита гувоҳисиз. Шоир сифатида бу фожианинг бутун оғриғини чуқурроқ ҳис қиласиз. Бу воқеалардан шоир сифатида чиқарган хулосангиз қандай бўлди?
- Бу¸ албатта¸ туркий элда жуда фожиали нарса ҳисобланади. Бунинг яна қайтарилиши, юракдаги яранинг яна қайта очилиши, такрорланиши кўп одамларни қайғуга ботириб ташлади. Келажаги ҳақида бир фикр айтишга, келажаги ҳақида бир умид қилишга милтиллаган бирор нарса қолмаëтганини сезишиб қолади икки халқнинг орасида. Рауф ака Новқатга келганда менга бир китоб ташлаб кетган эди. Ана шу китоб Робиндранат Тагорнинг “Ҳаëт бўстони” китоби эди. Шуни таржима қилмоқчи экан. Шу таржимани қилолмай кетди. Шунга ҳам қўл урганман. Шу китобга кирган ҳаëт ҳақидаги фикрларни ана шу фожиаларга тўғри келаверади. Шулардан биттасини ўқиб бераман.
О чексиз қирғоқ, жар бўлган йўлак, О уйсиз ўчоқ, кўринмас таянч, О қуëш кўзи, о болу чечак, О қалбнинг шами, қувонч ҳадяси, О тун чироғи, сўз жодугари, О кишансиз руҳ орзу кўз ëши, О гадо зари, сўқир гавҳари, О ҳаëт сўнгги, о ҳаëт сўнгсиз.
Озодлик: Абдул Ҳамид ака, сизнинг ижодингизда Туркистон мавзусини ҳам кўп учратамиз. Албатта, буни Рауф Парфининг ўта кучли таъсири сифатида баҳолаш мумкин.
- Албатта, бу Туркистон бизнинг, биринчи навбатда Рауф аканинг катта дарди бўлган. Турк элларининг чегараларига умуман қарши бўлган. уларнинг нони, тузи, пули ҳаммаси бир бўлишини истаган Рауф ака. Бу Рауф акадан қолган мерос сифатида туюлади. Рауф аканинг бир тўп шогирдлари бор. Бир тўп оқими бор дарë каби оқиб келаëтган. Албатта¸ туркий элни бирлаштириш ҳақидаги ҳар бирининг ўзининг адабиëтда, санъатда қўшаëтган ҳиссалари бор. Мен ўйлайманки, бу туркийзабонда гапиришаëтган бу халқ, уларнинг шоирлари, ҳофизлари, албатта бу туркий элни бир қилади деган умидим бор. Келинг сизга “Кавказ” деган шеър ўқиб бераман.