Пайшанба, 19.09.2024, 13:00
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Ўш адабий муҳити ҳақида ўйлар, ёҳуд “Илҳом” клубига очиқ хат
Қизиқ, мана ман деган демократ одамга ҳам кеча тухумдан чиққан жўжахўрознинг “чўқиши” алам қилар экан.
Аввалига маданиятли одамга хос бўлган барча назокату-нафосатни “меҳнат таътили”га жўнатиб: “Ҳе, тирранча, сен кимсану, мен кимман. Сени тошинг мени тошимни босгунича яна, Худо хоҳласа, етмиш еттита қовун пишиғи бор, Худо хоҳламаса, бутун умр ўртамиёнадан пастроқ шеърларни ёзиб, “истеъдоди тан олинмаганидан” зафарон ва аламзада юзли шоир Шармандий бўласан-қоласан”, дегинг келади.
Бироқ ҳали “меҳнат таътилини Иссиқкўл бўйларидаги пансионатлардан бирида ўтказиш учун жўнаб кетишга жамадонини ҳозирлаб улгурмаган” маданиятли одамнинг Назокату-Нафосати: “Мавлоно, ахир бир кам Нобел мукофоти лауреатисиз. Сиз каби улуғ инсонларга адабиёт аталмиш майдонни эндигина забт қилишга отланган максималист жўжахўроз даражасига тушиши, маданиятли қилиб айтадиган бўлсак, уятли ҳолатдир”, деб, тилингга тўғаноқ бўлади.
Аммо бугун йўлимга тўғаноқ бўлган комплексдан қутилдиму, компьютер олдига ўтирдим. “Ёзаман” дедим.
Ҳамма машмаша Даврон Ҳотамнинг менга телефон қилиб, “Устоз, Ijodkor.com сайтини ўқиб, у ердаги ижод наъмуналари ҳақида бир фикр билдиринг. Сўзларингиз биз учун дори”, деган илтимоснамо таклифидан бошланди. Ўша куни сайтга кириб,беш-олтита шеърларни ўқидиму, бир томондан тилим, бир томондан қўлим қичишди. Мени кўрганда етти кўча наридан ўтиб кетадиган бўлиб қолган Илҳом деган ижтимоий-маънавий – руҳий қувват “Мана шу шиғирларга жавоб ёзмасанг Элмурод Юсуф деган отингни ўзгартириб олмайсанми”, деб чипа ёпишиб олди.
Нима қилай? Бу Илҳом деганларини яна саккиз йил кўрмасам бугун кўргандай эдим. Аммо ёпишиб олганидан кейин бу тантиқ болачанинг айтганини қилмагунигча қўймайди. На уйқуда, на ишда ҳаловат бўлмайди.
Шундай қилиб, Илҳомжон айтиб тураверди, мен ёзиб улгуравердим... Қарасам тўртта –бешта шеърга пародия ёзиб қўйибман. Шартта интернетга уландиму, “Давронбек, мана сизга фикрларим”,деб пародияларни сайтга жойлаб қўявердим. Қизиққан одам http://ijodkor.com/publ/qirgiziston/sheriyat/quot_izhodkor_quot_da_chop_ehtilgan_ajrim_sherlarga_parodijalar/1-1-0-121 ишорати орқали бу пародияларни яна бир бор ўқиб олса бўлаверади.
Гапнинг очиғи,пародия аталмиш калтакнинг энг йўғони Даврон Ҳотамнинг бошида синди. Кейингиси дўстим Зоҳиджонга тегди. Ўзимизнинг шоири девона Абдул Ҳамид ҳам бебаҳра қолмади. Аммо Ўш адабиётининг гўзал намуналарни яратган мазкур шахслар танқидни тўғри қабул қилдилару, кечагина ўзича “шеър ёзаяпман, демак адабиёт остонасини Адабиёт аталмиш мамлакат дарвозасини қўриқлаётган қўриқчи “ит”лар ухлаётганда қўрқмасдан ҳатласам бўлаверади”, деб фикрлаётган бир жўжахўроз пародияга жавоб ёзиб ўтирибди.
Пародия шоирнинг:
Туғилмасдан бошқача эдим,
Барча иллат менга етти ёт.
Ваъда бердим юрагимга мен:
“Киролмайди бағримга ҳаёт!”
деган мисраларига ёзилган эди. Парадия бундоқ эди:
Туғилмасдан бошқача эдим,
Дўхтир мени УЗИда кўрган.
Бармоқларим кичкина эди,
Аммо аниқ қаламим бўлган!

“Туғилдим ва бағримни тилиб,
Шеъриятга кўчганда ҳаёл”.
Гонорарсиз шеър ёзиш гоҳи
Келиб қолди шоирга малол.

Шунда эслаб ўйга толаман,
Туғилмасдан берган ваъдамни:
“Киролмайди бағримга ҳаёт!”
Синдирайми энди қаламни?

Хафа бўлманг шоирдан шоир,
Шоир қалби ҳеч сотилмайди.
Бундан кейин бу каби шеърлар,
Ишонаман, ҳеч ёзилмайди.
Жўжахўроз шоирнинг жавоби бундоқ бўлибдир:
Туғилмасдан қаёқда эдим?!
Ва қай Зотга бергандим ваъда?
Баъзи биров шеъринг тушунмай,
Қилиб ётар майда сафсата.

Туғилмасдан Кимники эдим?
Кимникийдим?
Ким эди аслим?
Юрак Удир-бердим мен ваъда,
Шеъриятга йўқ эди дахли.

Мен аслимдай яшаяпманми?
Яшаяпди кимлар аслидай?
Чалкаштириб туёқларини,
Давр сурар “ИБЛИС қасрида.”

Йўқ!
...Шеъримнинг тасбеҳларида,
Хақ орзуси тизилаверар.
Токи инсон ЎЗни танимас,
Бундай шеърлар ёзилаверар.
Ўртамиёнадан паст даражада ёзилган пародияга жавоб ёзиш мен учун эриш туюлди. Кулиб қўя қолдим. “ИБЛИС қасрида” оёқларимни чалкаштириб, тамакимни тутатиб, вискини симириб ҳаётдан завқланавердим. “ЎЗни танимаганим”дан афсусланмадим.”Майда сафсата”сотишга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди.
Ҳар ҳолда 20 йил давомида қирғизистонликларнинг нонини туя қилган тўққизта ҳокимнинг ишдан бўшатилишига, бюджетдан ўғирланган 300 минг доллардан ортиқроқ пулларни халқнинг чўнтагига қайтарилишига, ўзбекнинг қоракўз болаларига иккита замонавий мактаб қурдириб беришга эришган ”камтарин” каминанинг кимлигини шоир бола билмаса ҳам халқ биладику, деб юпатдим ўзимни.
Бироқ мана шундай нокамтарин фикрлар ортидан бир нарса юрагимни тирнайверди.
НЕГА ЯНГИ ШОИРЧАЛАРИМИЗ ТАНҚИД ДЕГАН НАРСАНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАЯПТИ деган савол миямда айланаверди? Нега? Балки Ўш адабий муҳитида адабий танқидчиликнинг ўлиб қолганиданмикин?
Сўнгги йигирма йил давомида Ўш адабий муҳити таҳлил, тақриз қилинган бирон бир сезиларли жиддий мақола ёзилдими? Ёзилганларнинг барчаси “Қаранг, қандай юмшоқ, қандай момиқ” қабилидаги гаплар ҳолос.
Айни мана шундай вазият юзага келгани боис Ўш адабий муҳитида ўртамиёналик адабий тафаккурнинг юксак наъмунаси сифатида қабул қилина бошланди. Ўртамиёнадан паст шиғирларни эса хатто Ижодкор сайти ҳам шеър сифатида ўқувчиларга тортиқ қилишдан ҳеч тортинмаяпти.
Қизларимиз бор ойдан чиройлик,
Шуларнинг рохат у бахтин курайлик.
Не бўлса такдирда кўниб яшайлик,
Келгин жоним кулиб яшайлик.
Бу Ижодкор сайтида кўзимга илинган биринчи шиғирдан бир парча. Виждонан айтайликчи, жаноб шоирлар, шу ПОЭЗИЯМИ? Поэзия бўлмаса, унда нега “мана сенга шеър”, деб бечора адабиёт мухлисининг эстетик завқ органларига азоб бераяпмиз?
Бу шеърни роса 74 та ўқувчи ўқибди. Аниқ ишонаманки, Ўш адабий муҳитида бир-бирига ҳақиқатни айтишдан тийиладиган ва адабий танқиддан узоқлашган шоиру шуаролар “Эстетикаси асосида тарбияланган янги ўқувчи”лар ҳам бор, мана шу 74 киши орасида. Энди уларнинг мазкур шеър орқали бузилган поэтик тафаккур тўғрисидаги бузуқ тасаввурларини ким тўғрилай олади?
Даҳшатлиси, яқинда менга ўшлик бир шоирча сим қоқди.”Ака, мени китобим чиқди”, деб мақтанди. Хурсанд бўлдим, табрикладим. “Ака, -деди шоирча,-шу газеталардан биронтасида китобимни реклама қилиб берсангиз. Бир саҳифа қилиб, китобимдаги шеърларимдан чиқариб берсангиз”, деди. Рози бўлдим. Шоирча янги чиққан китобидан шеърларни жўнатди... Дааааааааҳшаааааааааатттттттттттттт..... Менимча, атом уруши ҳам бу шеърлар каби даҳшатли бўлмаса керак.
Дарҳол шоирчага сим қоқдим ва “Йигитча, сиз китоб чиқаришдан олдин шеър ёзишни ўрганинг. Қорага порани қофия қилиш билан шеър шеър бўлиб қолмайди”, дедим. Шоирча гапимдан ҳафа бўлди: “Сиз жуда ичи қора одам экансиз. Менинг китобим Ўшда қўлма-қўл бўлиб кетди. Ҳамма мақтаяпти. Мактабларда мен билан учрашувлар ўтказишаяпти”, деди шоирча фахрланиб.
Унинг гапларига ишонмадим. Аммо Ўш мактабларида “Ўш адабий муҳитида пайдо бўлган келажаги порлоқ шоири замон” билан чиндан-да адабий учрашувлар ўтказилганини ўқиганимдан сўнг, мен каби оптимистнинг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушди.
Айни мана шу ҳолат бугунги муштарийнинг даражаси, фаросати ва диди нақадар тубанлашганидан далолат берадиган фактдир, менимча. Китоби чиққан ўртамиёнадан паст Шоирчалар эса ҳудди тумов нафас йўлларини тўсгани каби, бу адабий дид ва фаросат тараққиёти йўлини тўсиб турибди.
Мана шундай заҳарханда ўйлар қуршовида ўтирар эканман бирданига “гўзалликка ошуфталик” туйғуси қамраб олди вужудимни. У:”Аъзам Раҳимни эсла”, деди. Эсладим:
Гўдакнинг ғунчадай лабида кўрдим
Ҳайратнинг сатҳига сиғмаган ором.
Ҳалиги туйғу “Энди устоз Муғаннийни эсла” деди. Яна эсладим:
Тонг шивир шивирдан не фойда,
Кечанинг хаёли ҳам ойда.
Тизгини узилган эрка той
Ойни ичиб қўйибди сойда.
Яна кўпларни эсладим... Кейин афсусландим.
Афсус шуки, жўжахўроз шоирчалар “эстетикасида”, агарда у бор бўлса, тарбияланаётган ёш “муқаддас санъат муҳиблари” Аъзам Раҳим ва Муғанний ташбеҳларини тушуна олармикин? Нега том маънодаги ШОИРЛАР шиғирчилар фаолиятига тўсиқ бўла олмаяпти? Нега улар шеърият аталмиш гулбоғда ўсиб чиқишга ҳаракат қилаётган сассиқ ўзанларни юлиб ташламаяпти, боғбонлик қилмаяпти?
Қаридикми? Аммо ўзбекнинг ҳар бир қоракўз боласининг адабий савиясига айнан биз-катталар маънавий жиҳатдан жавобгар эканимизни ҳам унутмаслигимиз керакмасмикин?
Ҳар ҳолда “Илҳом” ижодий уюшмаси мана шу саволларга жавоб топиши керак. Эски “илҳомчи”лар яхши билади, авваллари ҳар бир шеър газетада нашр этилишидан олдин “Илҳом” жамоасида таҳлил қилинар эди. Танқид қаттиқ бўлар эди. Оқибати ёмон бўлдими? Ўша йилларда Ўшдаги ўзбек газеталарида Ижодкор сайтида чоп этилган
Дунёни ахтариб топмадим хақни,
Минг бор эшитиб, кўрмадим бахтни.
Лавзида турганин билмадим ахтни,
Рохат ярим жон-у, изтироб бутун.
Шартмиди туғилмок, изтироб учун.
қабилидаги бадиий саёз шеърлар чоп қилинганини ким эслай олади?
Масаланинг яна бир жиҳати бор. Бугунги кунда Ўшда мавжуд бўлган ҳақиқий шоирларимиз битта пародияни танқид ўлароқ нормал қабул қила олмаган жўжахўроз шоирчалар таъсири остида “юмшоқсиз, момиқсиз” қабилидаги мақтовлардан сармаст бўлиб, ўзлари ўшаларнинг даражасига тушиб қолсачи? Унда нима бўлади?
Мақоламни ўринли бўлмаса-да, Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур гапи билан якунламоқчиман: “Адабиёт атомдан кучли. Унинг кучини ўтин ёришга сарфламанг”.


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (05.09.2013) | Муаллиф: Элмурод Жусупалиев
Кўрилди: 870 | Шарҳлар: 4 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 4

+1  
1 Samandar   (05.09.2013 09:59) [Материал]
бу муаммо менимча бутун ўзбек тилли адабиётда мавжуд. афсуски.
0  
2 Elmurodjon   (05.09.2013 10:22) [Материал]
бу вазиятдан чиқиш учун нимадир қилиш керакку, жаноб Самандар. Нима қилсак бўлади?
0  
4 Samandar   (25.02.2014 09:21) [Материал]
2 вариант бор - бири қанд, иккинчиси қамчи. агарда иккаласи биргаликда ишлатилса - янаям яхши. поэзия бўйича: менимча, ҳар 3 ой сайин танлов эълон қилиб бориш мумкин - бу давр энг яхши шеъри деган маънода, мамлакатлар ичида ва умуман сайт учун. ғолибларга бир саҳифалик сертификат бера олсак - етади. аммо бу холатни хаммамиз уз твиттерларимиз, фейсбукларимиз ва бошқаларда шов-шув килишимиз керак. айни вактда кимнидир бу мукофотга тавсия этсак - мутлако ютуқларини курсатишимизлозим. ва танлов учун алоҳида саҳифа ажратайликда, тавсия килинганларни у ерга жойлайлик - камчиликларини айтадиганларга хам имконият яратилсин.
0  
3 Musofir   (06.09.2013 10:32) [Материал]
Камчилигини айтиш билан ёмон куринасан, шу айтмай десанг кусуринг кайнаб кетади... Борликни хамма узича кабул килар экан, онг етмаса минг айт бефойда.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0