Пайшанба, 19.09.2024, 13:00
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Адабий ўйлар

Замонавий шеъриятда дин мавзуси
Musofir

Ассалому алайкум !

Сўз аввалида айтиб кетганим маъқул, ўзимни қариб қолдим деб айта олмайман. Кўнгил қаримас экан агар унда орзулар қаримаса...
Қуйидаги ёзувлар ҳам менинг шахсий фикрим ва бунинг орқасида ҳеч қандай ғаразли ва кибрли муддао йўқ.Ўзгаларга ақл ўргатиш ҳам менинг табиатимдан олис. Фақат фикр, мунозара учун.
Юрак ютиб жуда ҳам нозик мавзуга эътиборларингизни қаратганимдан оғринадиганлар бўлса, минг бора узр...

Шеърият - замонлар элагида эланиб бизгача етиб келган нафис санъат!Нафосатга ошно диллар учун Яратганнинг улуғ инъоми!Инсоният қалбида инсонийлик туйғусини
муҳофазалаган муҳим омиллардан бири.У инсон зотига кўп хизмат қилди ва яна ҳам шу йўлида бардавом.Хизмат турларини эса ўзимиз танлаб оляпмиз, замон сенга боқмаса сен замонга боқ деганларидай...
Хор қилиб қўймасак, беқадр қилиб қўймасак бўлгани...
Замонлар оша шеърият ва тасаввуф тушунчалари узвий боғланишда бўлиб келган.Илоҳий ишқ мавзуси ҳар қандай асарнинг мутлоқ маъносига эгалик қилган.Классик ғазалларни талқин қилишдаги мафкуравий хатоликлар кўпчиликнинг ижодига ўз таъсирини теккизмай қўймади, замонга "боқилганда"...
Ўша хатоларни тузатиш даври келди, ғазалларнинг асл маъносини тушуна бошладик ва мана шу нуқтада "дамтовоқни кўтардик" шекилли... Тасаввуфга плагиат бошланди, буни бошқача атаб бўлмайди барака топгурлар !
Шеър ёза оладиган одамки диний мавзуга қўл ура бошлади, "қўл кўтара бошлади" десак тўғрироқ бўлар.Менга ўхшаган ҳаваскорларни қўя турайлик, вақтида масжид сўзини эшитса қалтироқ босадиган "ҳурматли"ларга айниқса "бўлиб берди".Ҳаммамиздан Аллоҳ рози бўлсин, иймонимизни бутун сақласин!Ҳеч кимни айбламоқчимасман. Лекин, олма олмадан узоққа тушмас экан.Буёғига назм эшигини астойдил қоқаётган ҳар қайси ёш шоирнинг учта шеъридан иккитаси "тасаввуфий".Тасаввуф сўзини ҳаётида уч мартагина эшитган бўлса ҳам. Мана натижа...
Энди уларга тушунтира олмайсиз.Ҳой, бу мавзуга қўл уришдан аввал етарли билимга эга бўлиш керак деб кўринг, одамларга ёқяпти-ю деган жавобни оласиз.Бу, қўполроқ қилиб айтганда ишинг бўлмасин, демократия замони дегани бўлади. Яна замонга "боқяпмиз"...
Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай ёзаверма,гуноҳдан сақлан дея кўрманг. Нақ балога қоласиз, кўра олмасликда айблаб қўйишлари ҳеч гап эмас. Бошимдан ўтди-да...
Албатта, диний мавзудаги ҳар қандай замонавий ижод намунаси тасаввуфий бўла олмайди, умуман бундай номланишдан йироқ.Шуни тушуниб туриб сўфийларнинг "панжасига панжа урмоқ"қа ҳам ҳожат йўқ.Биз "эслилик қилиб" айтмоқчи бўлган фикрларни аждодларимиз, буюк мутасаввуфлар чайнаб оғзимизга солиб қўйган.Биз шунинг таъмини тушуниб олайлик аввал!Акс ҳолда диний мавзуга қўшиб шеъриятнинг ҳам сийқасини чиқариб юборамиз.Шеър ёзишдан мақсад
ўзимизни реклама қилиш эмасдир?!Ёки бошқа мавзуда ёзсак қаламимиз синиб, қўлимиз қалтираб қоладими?Ёзганимизни ўқимай қўйишадими? "Машҳур" бўла олмай қоламизми?!...

Шеър - дард! Илҳом - илоҳий!
Дард - ўша шеърнинг дини! Илҳом - масжиди!Ўша масжиднинг имоми эса - нафосат!
Ҳар ким билган намозини ўқийди, лекин масжидга кирганда имомга иқтидо қилади!

Мен шеъриятни шунақа тушунаман, фақат шаккокликка йўйманг, илтимос !
Кимнингдир дилига озор бериб қўймаслик учун аниқ мисоллар келтиришдан ўзимни тийдим.
Оддий бир мухлис, шеъриятни табаррук тутган ҳаваскор нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда фикр билдириш учун адабий қўлланмаларга ҳам мурожаат қилмадим.Зеро, бунинг учун биринчидан ўзи озгина қолаётган сочнинг анчагинасидан воз кечишимга тўғри келарди.Иккинчидан,адабиётчи олим эмасман-ки фактларга таяниб "танқидчилик" қилсам.Буёғи тор доирада илмий муҳокамага айланиб кетарди. Учинчидан эса, мақсадим муаммони соддароқ қилиб тушунтириш бўлди халос.
Юрагида шеърнинг мурғаккина илиқлигини сеза олган ҳар бир инсондан, ҳар бир ижодкордан умидлар илҳақ...
Шеъриятнинг асл мазмунини йўқотиб олмайлик...

Замоншоир, аралаштирма
Шеърият ва дин дунёсини !
Шоир ҳалқи нисбатан телба
топса бўлди сўз қиёсини...

Фарқин билиб амал қилганинг
Ижодингнинг мустаъмал тоши
Йигирмада зўрми билганинг ?
Мен билмайман ўттиздан ошиб...

Шубҳасиз, мукаммал иймонинг
ҳур сўзларни етаклаб чиқар -
фалсафага тортмас бийронинг !
Ҳақнинг тоши эртароқ йиқар...

Бу азимга кучимиз етмас
Биздан аввал Навоийлар бор,
Тариқатнинг ҳуснидан ўчмас
Ҳожа Аҳмад, Сўфи Оллоёр !

Ўтди қанча билмаган, билган
Бизлар энди йўл бошидамиз,
Комилликни тушида кўрган
Устозларнинг завқ ошидамиз !

Шу завқлардан шукуҳ ол, дўстим
от изини той босгунича
Дегил
- Шундай муҳитда ўсдим
юрак муҳри жой босгунича...

Ният холис, бунга шубҳа йўқ
Лек
айтган тил, эшитган қулоқ !
Юрагингда ёнса лаҳча чўғ
Илҳомингни исит яхшироқ...

Сен излаган олтин тоғларни
аср довлаб излаган - қатор !
Насиб қилсин, айта олайлик
- Шу карвонни кўрганмиз бир бор...

Шоир бор-ки, қалами телба
Топса бўлди сўз қиёсини...
Шеърингни ёз, аралаштирма
Ҳақиқатга сўз рўёсини...


Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Musofir (07.12.2013) | Муаллиф: Musofir E
Кўрилди: 774 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Абдурахим   (06.01.2014 07:52) [Материал]
Рахмат
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0