Пайшанба, 19.09.2024, 13:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Матбуот

60 ЁШДАГИ ШОИР ЙИГИТ
Шаҳарликлар билан қишлоқ одамларининг қандай фарқи бор? Яхшиси турли фаразларни ўзингизга хавола қилайликда, қишлоқ одамлари орасида ҳам турли истеъдод эгалари, теран фикрли инсонлар етарли эканлиги ҳақида гаплаша қолайлик. Ана шундай инсонлардан бирининг уйида яқинда меҳмон бўлиб қайтдим.
Жалолобод вилоятининг Оққўрғон қишлоғида эл қатори деҳқончилик билан шуғулланувчи Фарҳоджон ака Чўтбоевнинг 2006 йили Марғилон шаҳрида чоп этилган "Кўнгил дафтари" қўлимга тушиб қолганига ҳам кўп бўлмаганди аслида. Ушбу китобдаги шеърлар ошиқнинг армонли муҳаббат қиссаси ҳақида сўзларди. Истасангиз бир улардан бир парчани мисол қилиб келтирай:
"Кўнглим менинг сўлим сойнинг
Бўйида қолди,
Кўнглим менинг сулувойнинг
Кўйида қолди,
Ой ҳам ботди тонг отмасдан
Нарги қирғоққа
Кўнглим сойнинг "У юз" деган
Жойида қолди..."
Тўғриси бу шеърларни ўқигач Шоирни нари борса ўзимдан етти-саккиз ёш катта бўлса керак деб фараз қилгандим. Чунки китоб муқовасидаги сурат ҳам йигирма ёшлардаги йигитники эди. Бироқ мени қаршилашга чиққан мезбон 60 ёшни қоралаган, аммо ёшига нисбатан анча тетик нуроний отахон экан. Набираси қаторидаги йигитни қадрлаб тўкин дастурхон тузаган қаҳрамонимиз гап орасида ўзининг шеърий тўплами ҳақида бир оз истиҳола билан гапирди.
"Тўғри китобимдаги кўп шеърларим муҳаббат ҳақида. Ёшимга унчалик ҳам мос келмас балки. Хатто газеталарга, китобига фақат ёшлигидаги суратларини беради, деган гап ҳам бўлган. Бироқ, бир кун келиб мана шу ёзганларим мендан кейин эсталик бўлиб қолади. Ўшанда бунақа гапларга ҳожат ҳам қолмайди", дейди шоир.
Айтишича, Фарҳод ака санъатга, адабиётга ихлос қўйган оилада катта бўлган. Ўзининг санъатга меҳр қўйиши эса асосан бир вақтлар ёшлар ўртасида урфга айланган "шарманка", қўл бола "радио" орқали тўлқинга чиқиб юрган кезлари билан боғлиқ экан.
Фарҳод ака Чўтбоев 1969 йили ўрта мактабни тамомлагач армияда хизмат қилади. Сўнг совхозда шофёрлик қилади.
"Адабиётга бўлган қизиқишимни билган шоир Турсунбой Адашбоев сиз ўқимасангиз бўлмайди деб қўймагач, 1982 йилда Наманган давлат педагогика олийгоҳининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимига сиртдан ўқишга кирдим. Бу орада мактабга ишга кириб, бир муддат ўзбек тили, адабиётидан дарс бердим. Лекин баъзи бир сабабларга кўра институтни тўртинчи босқичида ўқишни ташладим", дейди суҳбатдошим.
Нимага ўқишни ташлагансиз деган саволимга жавобан "ўша пайтларда ўзимнинг ёзган шеърларимдан ҳеч кўнглим тўлмасди. Мендан шоир чиқмас экан деган қатъий фикрга келгандим" деди Фарҳод ака.
Фарҳод ака билан суҳбатлашиб ўтирарканман, қаршимда ҳаёт тажрибалари етарли бўлган, сохта мулозамат нималигини ҳам билмайдиган шу билан бирга эса ўзи севган машғулоти адабиёт, шеърият борасида суҳбатлашишга чанқоқ, хатто бу йўлда мендек бир ёш хаваскордан ҳам маслаҳат олишга тайёр самимий, бағрикенг инсонни кўрдим.
"Давронжон, мана бу шеърларни бир кўринг, китоб қилсам бўлармикин," дейди шоир. Мен ҳам андишасизларча, ака "Кўнгил дафтари"даги шеърларга қараганда буларнинг даражаси анча пастку, дедуми ўзимдан катта бир одамни кўнглини оғритиб қўймадиммикин деб хавотирландим.
"Ха, энди у шеърлар кўнгилда анчадан бери йиғилиб қолган эканми, бир чиққанда", дейди Фарҳод ака.
Суҳбатдошимнинг айтишича, унинг илк шеъри 1976 йилда "Ленин йўли" газетасида босилгач, саксонинчи йилларнинг охиригача ушбу газетада турли шеърлари билан иштирок этиб келган экан. Кейинчалик, баъзи бир сабабларга кўра ўн беш йил давомида бирорта ҳам шеър ёзмаган.
"Лекин шу давр ичида анчагина фойдали билимларга эга бўлдим. Иттифоқ даврида бизга аттеистик руҳда тарбия беришганди. Аллоҳга шукрки, ўзимга яраша диний билимлар билан танишдим. Жуда кўп исломий китобларни ўқиб чиқдим. 2003 йилда яна шеърий туйғулар безовта қила бошлади. Энди бу шеърлар ўз хатоларини англаб етган кўнглимнинг армонлари эди..." деб ҳикоя қилади Фарҳод ака.
Шу ўринда "Кўнгил дафтари"дан яна бир парча келтирай:
Гуноҳкор изласанг мени айблагин,
Икки дил озорин боиси ўзим.
Йўлингда зор бўлиб, пайдо бўлган ҳам,
Йўлингдан бош олиб кетган ҳам ўзим!
Фарҳод ака билан адабиёт, газетхонлик каби масалаларда суҳбатлаша туриб, мавзу миллатлар аро муаммоларга келиб тақалди. "Бошқа ерларда қандай билмадиму бизда қирғизни ўзбекдан, ўзбекни қирғиздан фарқлаш қийин. Бизда бир биримизга ола қараш йўқ" дейди Фарҳод ака Чўтбоев. Бу орада Фарҳод аканинг Чингиз ва Манас исмли фарзандлари бизга иссиққина кўк чойу паловхонтўрани олиб киришди.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Davron (01.11.2012) | Муаллиф: Даврон Насибхонов
Кўрилди: 857 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Хасанбой Гойибов   (13.11.2012 12:04) [Материал]
Фарход акага омад тилайман.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0