Пайшанба, 19.09.2024, 22:16
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

ИЗТИРОБ
Элмурод ЮСУФ

(Ҳикоя)

Йўл бўйида нон сотиб ўтирган ҳув анави кампирга кўринмасдан ўтиб кетишим керак. Агар буни эплолмасам унинг хушомадини яна эшитишга мажбурман.
- Айланайин Олимжон, анави домга кўчиб келибсиз-да? Жа-а яхши бўптида. Бирам суюндим, бирам суюндим.
Энг даҳшатлиси мен ҳам кампиршонинг “хушомадини” икки юз биринчи марта эшитаётганимдан ғоят мамнунлигимни тиржайиш билан изҳор этмоғим лозим. Бу кампир менинг эски маҳалламдаги қўшним. Ҳар куни ишга икки маҳал кетаётганимда менга юқоридагича мулозамат кўрсатади. Унинг гапларини йигирма беш бора эшитганимдан сўнг асабийлаша бошладим...Ўттизинчисида нима бало, эски маҳаллада шунчалик жонига тегувдиммикан, деб ўйланиб қолдим. Эллигинчи марта эшитганимда, нима бало кампирдан қарзим бормикин, деб шубҳага тушдим. Ҳамма дафтаримни титиб чиқдим. Йўқ, биронтасида ундан қарз олганлигим қайд этилмаган. Ниҳоят бир-икки йилдан сўнг кампирнинг олийгоҳга топширадиган набираси борлиги эсимга тушди. Бир енгилладим, бир енгилладим... Кампирнинг олдидан қўрқмасдан, қаддимни ғоз тутиб, бир оз димоғдорликлик билан ўтадиган бўлдим: У менга ялтоқланди:
- Айланайин....жа-а яхши бўптида... суюндим... суюндим...
Оҳ қандай яхши. Бундан ортиқ қувонч қолмагач: Кейин ўзимдан нафратлана бошладим. Уф... бир илож топиб унга кўринмасдан ўтиб кетишим керак. Ие, ана у орқасига ўгирилди. Орқасидаги дўкончи билан гаплашяпти. Ҳайрият-е! Югурдим! Тезроқ!... Ура-а! Ўтиб олдим!
- Ҳов, Мулладўст!
Иҳ... Ёмғирдан қочиб дўлга тутилдим. Бу тўнғиллаган овоз эгаси Рустамбойдан қарзим бор.
- Биз томонга бир қаранг, ҳеч йўқ қиё боқинг, Мулладўст!
Э, овозинг ўчсин! Қарз ўлсин, қарз!...
- Ассалому алейкум, - дейман унга бўйнимни қисиб яқинлашарканман.
- Ва алейкум ассалом ва раҳматиллоҳи ва барокатуҳ. Бизга саломатчилигингиз керак, Мулладўст. Қарз эса узилар кетар, қиёматга қолмас ахир, Мулладўст. Тўғрими? Хе-хе-хе.
Тиржайиб “Тўғри” дегандек бош ирғайман. У тескари ўгирилиб уйга кириб кетади. Ҳар куни шунақа. Атайин менинг йўлимни пойлайди. Кампирнинг кўзини шамғалат қилсам бунга дуч келаман, бундан қочсам кампирга....
Нега у мени Мулладўст деб чақиради-я! Ўзича масхара қилганидан рохатланса керак-да? Ахир уни ҳам кимдир мазахласа керакки, у мендан ўчини олади. Ўзи ундан қарз олганимга қанча бўлди? Анча бўлди. Бир марта бу қарзни уздим ҳам. Кейин яна қайтариб олдим. Ҳа, виждоним қийналди ўшанда. Шу қарзни тўлай деб пора олгандим...биринчи марта. Уни Рустамбойга бердим-у ичим ғумбиллай бошлади. Кўзимга фақат ўт кўринади, гуриллаб ёнаётган катта гулхан. Охири чидамадим. Рустамбойга берган ўша пулимни яна қайта қарз олдим. Ҳайрият ишлатиб юбормаган экан. Пулни эгасига қайтарсам “Она сутидан ҳалол, меҳнат ҳаққингиз” деб олишга кўнмади. Энди уни нима қилишни билмай бошим гаранг. Ўлимимга буюрмаса гўргайди....
Оббо, Қоринбой яна пешонамдан чиқди-ку. Унинг ҳақиқий исми, касби нима экан? Буни маҳаллада ҳеч ким билмаса керак. Бу лақабни у мечкайлиги сабаб орттирган. Бунинг устига у “Менинг нима еганимни халқ билиши керак”,- деб ўйлайдими, қачон, қаерда, нима еганлигини кўзига кўринган одамга мақтаниб юради. На илож унинг “саргузашт”ларини эшитишга мажбурман.
- Э, домлажон, бормисиз? – дейди Қоринбой қучоқ очиб, - келинг бир қучоқлашайлик. Соғинтириб юбордингизку, Муллажон!
Э, Худо нима гуноҳ қилиб эдимки бу пиво бочкаси билан қучоқлашишга мажбур қиласан. Ишқилиб чўппиллатиб икки юзимдан ўпмаса бўлгани...Йўқ, ўпди, яна ўпдия...
- Кечаги зиёфатни сизга айтувдимми, домлажон? Айтувдимми? – дейди у мени қучоғидан чиқараркан.
- Ҳа кеча кўришган эдик-а? Бугунги зиёфат жуда ажойиб бўлди-да! Хуллас калом эрталаб соат саккизда чойхонага чиқсам....
Тавба, бу одам ўзи нима иш қилади? Эрталаб соат саккиздан кеч соат олтигача зиёфат ейишга пулни қаердан олади?
- ...уч кишига саккизта ароқ, беш кило гўшт....
- Гўшт?... Охирги марта оиламизда қачон гўшт егандик? Бир ойдан ошдиёв. Ойлик чиқса гўшт олиб бир палов қилдирай хотинга... болалар соғингандир....
Энди эртага палов қиладиган бўлдик, - дейди Қоринбой оғзини тўлдириб. Мени айтдимки, ўнта ароқ олайлик, биринчисига палов иккинчисига димлама...
Тезроқ диссертацияни ёқлаш керак...
- Шундоқ қилсак мен ўтиришни ёқлайман, дедим. Нима демадингиз домлажон?
- Ҳа, ҳа ёқлаш керак...
Тезроқ диссертацияни ёқлаш керак...
- Диссертация? Нима у? Қанақа овқат? – қизиқиб сўради Қоринбой.
Мен унга ҳайрон бўлиб тикиламан:
- А?...йўқ... шунчаки ўзим.
- Ҳа. Домлажон, - ёлғондан пўписа қилади Қоринбой, - Чиранма ғоз, ҳунаринг оз. Биз билган овқатларнинг хатто номиниям билмайсан, демоқчимисиз? Ҳа, энди сизларники катта қозон, мойли қозон. Камбағалга шашлик ҳам овқат. Бизни ҳам бир ўзларининг зиёфатларига олиб борсинлар. Бир мазза қилиб диссертацияларданам ейлик. А муллажон?
- Худо хоҳласа...
- Шундоқ бўлсин, домлажон, майли саломат бўлинг.
Қутилганим рост бўлсин... “Диссертация қанақа овқат” дейдими? Тавба...
Йўқ, нега энди диссертацияни тезроқ ёқлаб ололмайман-а? Фанга бирор фойдаси тегмайди деб қўрқаманми? Бошқаларчи? Ёқлашди-ку. Қодирнинг диссертацияси олийгоҳда латифага айланиб кетди. Мавзу “шаршарадан оқаётган сувнинг бақа миясига таъсири”. Талабалар ҳар куни янги латифа тўқишади. Дониёрнинг “Ўзбек тилида чорвачилик терминлари” фанга нима янгилик берди? Хўш, унда мен нимадан қўрқаман? Нима учун мен фанда янгилик яратишим керак? Фан менга нима берди. Қашшоқлик берди, холос...Шунинг учун фан ҳар доим қашшоқ ҳолатдадир. Аблаҳ, ахир шу қашшоқликни ўзинг бўйнингга олмаганмидинг?
Анави ариқ бўйида тамаки тутатиб ўтирган Абдумўминми? Олти ой бурун бозордан майда-чуйда қилиб чиқай деб сумкасини олгандим. Уни қайнонам “чиройликкина экан, куёвимдан эсдалик”, деб уйига олиб кетибди. Олиб берай десам унақаси йўқ. Қайнонамдан сўраш ноқулай. Абдумўминни ўзи сумкасини сўрамайди-ю, декин ҳар кўрганда менинг ўзим ҳижолат тортиб кетаман. Очиғини айтиб қўя қолай. Жонимни олармиди:
- Абдумўмин... ҳалиги сумка...
- Ҳижолат тортма оғайни, - кулади Абдумўмин. – Қайнонанг олиб кетганини кўрганман. Битта сумка дўстлигимиздан қиммат бўлибдими? Ундан кўра юр, бир сайилгоҳни айлантириб келай...
Елкамдан тоғдек юк ағанагандек бўлди. Томоғимга нимадир тиқилди:
- Раҳмат дўстим, вақтим йўқ. Диссертация ёзишим керак.
Кўнглим тўлди...Ҳайрият уйга ҳам яқинлашиб қолдим...


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (11.08.2012) | Муаллиф: Элмурод ЮСУФ
Кўрилди: 822 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 2.0/2

Шарҳлар: 1

0  
1 УммуМадина   (13.08.2012 12:19) [Материал]
Ажойиб ҳикоя. Айниқса “шаршарадан оқаётган сувнинг бақа миясига таъсири” диссертация мавзуси чиндан ҳам "долзарб" мавзу экан. "Шармандийнинг туғилган йили" ҳам шарманда бўпти smile
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0