Пайшанба, 19.09.2024, 22:28
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Наср

УЙДАГИ КЎЗГУ
Бу нимаси ахир?! Унинг уйида кўзгу қаердан пайдо бўлди? Ахир неча йилки, ўзининг уйидагина эмас, танишларига хам кўзгу сақлаш, ундан фойдаланишни таъқиқлаган эди-ку. Тўғри ишхонасида бир ярамас бор. Доимо кўзгу билан юради. Аблаҳ!!! Лекин, у бу уйга киролмайди. Демак, бу унинг кўзгуси эмас... Унда қаердан келди бу лаънати кўзгу!
Эҳ, нимага бунча ўйланиш керак? Бир парча кўзгу бўлса бу... Қўлига олса-ю, парча-парча қилиб ташласа тамом. Ха, шундай қилиш керак. Ким олиб келди, қачон олиб келди? Буни нима алоқаси бор, ахир. Қанчадан қанча қимматбахо тошойналарни, хатто бобосидан қолган оиланинг мўътабар буюмига айланган кўзгуни ҳам иккиланмай майда-майда қилган эдику?
У кўзгуни юлқиб олмоқчи, аввалгидек синдириб қутулмоқчи бўлди. Лекин, қўли муаллақ қолди... Иккиланди. Аввал бир оз ичмоқчи бўлди. Ичди. Кўзгудан бошқа ҳамма нарса муҳайё қилинган уйини ички қониқиш билан яна томоша қилди. Бир одамнинг одамдек яшаши учун яна нима керак деб ўйлади. Ичи қизий бошлади. Яна ичди. Уй ичини тутунларга тўлдириб чекди. Обрўсидан, давлатидан, пойига тиз чўкиб, тавонини ялашга тайёрларнинг кўплигини эслаб, осмонларда учди. Учди... Учаверди. Бирдан қора қарғага урилиб кетди-ю пастга шўнғиди. Қарға кўзгу кўтарган ишчисига айланиб унга кўзгуни ниқтаб кела бошлади. Қизиқ ким бу ўзи. Ойликдан ойликкача қарз қавала билан юрсада, нима учундир ҳеч паст кетгиси келмайдиган ўша аҳмоқ ишчими? Йўқ, унинг кўзлари.... кўзлари унга кимнидир, қайсидир яқин танишини эслатяпти. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Ахир бу ўзику! Ха, ёшлигида худди шунақа эди у! Агар бу чиндан ҳам ўзи бўлса, нима учун кўзгудан хайиқмаяпти? Нима учун тик боқяпти кўзгуга?! Хаааа, эслади, ахир бу унинг ўғли-ку! Дадам узоққа ишлагани кетган, менга ўзи юрадиган машина олиб келади деб юрадиган боласи бу. Катта бўлиб қолибди. Охирги марта кўрганида кўчада бировларнинг машинасини ювиб юрганди. Ўн ёшларда эди шекилли ўшанда. Ха, анча катта бўлиб қолибди. Онаси нима қиляптийкин ҳозир. Бир пайтлар жуда гўзал эди у! Лекин, аҳмоқ эди. Ҳа, аҳмоқ. Унинг ота-онаси ҳам ношуд, эскиликларга берилган, ҳаётдан орқада қолган одамлар эди. Ха, агар шундай бўлмаса, шундай замонда ўқитувчилик касбини танлармиди булар. Қайниси-чи, нима эмиш университетда ишлаб туриб пора олмас эмиш. Хе, ландовур. Ландовур бўлмасанг, шу пайтгача оддий ўқитувчи бўлиб юрармидинг. Талабалардан пулларни йиғиб олардингда илмий унвонни сотиб олардинг. Профессор бўлиб олгач эса яна кўпроқ йиғиб олаверардинг. Ўзини доно санарди-ю, аслида ҳеч нарсага ақли етмасди буларни. Хотини хам бора-бора уларга ўхшаб кетди. Жуда ношукр чиқиб қолди бу хотин. Умрида емаган нарсасини едирди, тушида кўрмаган буюмларни олиб берди. Жавоҳирларга кўмиб ташлади... Лекин бу хотин ҳеч шукр қилмади. Ахир ундан бундай тўкин ҳаёт эвазига кўп нарса сўрамаган эди-ку... Кўзгулардан воз кечса бўлди эди. Жаннатда хур каби яшайверар эди. Аммо у бунга кўнмади. Мана энди бева бечора бўлиб юргандир. Лекин, шу пайтгача на ўғли на биринчи хотини унинг ёнига кечирим сўраб келмади. Ёрдам сўрамади... Хааа, ўғлининг ақли энди кирган ўхшайди. Майли, келсин, кечирим сўрасин, кўзгуга қарашдан бутунлай воз кечсин. Мен унга ёрдам бераман. Нима қилса ҳам, у менинг қонимдан бўлган. Унинг онаси бир вақтлар менинг муҳаббатим бўлган. Менинг ҳаётим мазмуни бўлган. Биринчи уйимизни иккимиз лой чангаллаб қурганмиз.... Кечираман, фақат.... Йўқ, бу ўғли эмас! Ахир бу унинг ўзи-ку! Оёғидаги туфлисини тўйи учун сотиб олган эди. Куёв бўлсам энг зўр кийимларни кияман деб орзу қиларди. Шунга атаб пул ҳам тўплаб юрарди. Бироқ бўлмади ... Одмигина, костюм-шим ва хитойнинг туфлисини олишдан бошқасига қурби етмади. Шундай бўлсада, бу туфли таги тешилиб, тўкилиб қолгунча унга хизмат қилганди. Ха, охори тўкилиб кетган бу кийим бошдаги бечора йигит унинг ўзи. Озғинлигини қара! Бирор марта тўйиб овқатланмаган одамга ўхшайди. Нега бунча ийманмаса бу йигит. Бечора, ҳаммадан тортинади. Ўзидан ҳам ҳижолат қилади, бу йигит. Аммо, кўзлари... Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан олиб қочишга мажбур бўлмайдиган кўзлари бор эди уни.... Кейинчалик эса бу кўзлар, бу нигоҳларни сотиб юборди. Бир уй бежирим туфлига, кўзни қамаштирадиган хориж кийимларига-ю, қасрларга, амалга сотиб юборди бу кўзларни. Нега?! Мана шу ҳаёт унинг орзуси эмасмиди?! Бир умр шуни истамаган эдими ахир?! Тўғри, ёлғизгина ўғли-ю, биринчи муҳаббати бўлган хотини ҳам ҳозир ёнида бўлса яхши бўларди. Лекин, бунинг учун у айбдор эмас. Хотини уни тушунишни истамади. Ўғлини ҳам бемаза фикрлар билан йўлдан урди. Ўғлини ўз ишхоналаридан бирига раҳбар қилмоқчи бўлиб қўнғироқ қилганда, ўғли харом пулларингиз керак эмас деди. Яна нима қилиши керак эди. Ялиниб бориши керакмиди? Унинг ёшлигида бирор одам ёрдам қўлини чўздими? Ҳеч ким! Ҳамма бир пулга қиммат насиҳатлар беришдан нарига ўтмаган...
Йигит тобора унга яқинлашиб келарди. Мана у рўпарасида турибди. Оёқларини босиб, кўкраги томонга чиқяпти... Йўқ, бу унинг ёшлиги эмас, қарға экан. Кўзларини ўйнатиб қарға унинг устига чиқиб боряпти. Мана у кўкрагининг устида кўзларини лўқ қилиб турибди. Қарға бирдан унинг юрагини чўқилай бошлади. Ажаб, нега тап тортмаяпти бу ярамас. Гўё тирик одамнинг эмас, қандайдир ўлаксанинг устида тургандек хотиржам чўқилаяпти... Бирдан қарға шундай қағилладики, қулоқ пардалари тешилиб кетгандек бўлди.
У бирданига ўрнидан турди-ю, эшик ёнидаги деворда турган кўзгуни олиб, ерга урди. Кўзгу юз, минг бўлакка бўлиниб кетди. У барча азоблардан қутилдим деб ўйлади. Чуқур нафас олди. Олди-ю нафасини қайтиб чиқара олмади. Чунки, ерда ётган кўзгу парчалари унинг чўқиланган юрагини, нигоҳсиз кўзларини акс эттириб ётарди. Деразадан тушаётган қуёш нури эса кўзгулар орқали виждон ўқларини отарди.
16.04.2012




Манбъа: http://ijodkor.com
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: Даврон Ҳотам E
Кўрилди: 839 | Шарҳлар: 7 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 7

0  
1 Davron   (22.06.2012 09:54) [Материал]
Assalomu aleykum! Bu mening brirnchi hikoyam. Tabiiykamchiliklari bor. Fikrlaringiz kerak. Sharhlar yozib turinglar...
0  
2 УммуМадина   (26.06.2012 16:47) [Материал]
Биринчи хикоя муборак булсин. Жуда хаётий хикоя булибди.
Яна янги-янги хикоялардан кутиб коламиз.
Дарвоке, драматургияда узингизни синаш нияти сунмадими?
0  
3 Davron   (26.06.2012 17:11) [Материал]
Мақтов учун рахмат. Драматургияда ҳам ўзимни синаш ниятим хали ҳам бор. Фақат журъат қилолмаяпман. Албатта ҳозирча.... Қўллаб турсанглар уриниб кўришим мумкин.
Тез орада сайтимизда Элмурод Юсуфнинг бир драмасини эълон қиламиз.
Биз билан бирга бўлинглар!
0  
4 Elmurod   (27.06.2012 11:18) [Материал]
Шоир шеърга сиғмай қолганида насрга ўтар экан. Биринчи ҳикоянгиз билан табриклаймиз.
0  
5 Рислиғой Ҳотамова   (05.07.2012 14:13) [Материал]
Укажон бунақа қайнашингда қаернидир ёриб чиқасан. омад! Фақат буюк соддалик ҳақида унутма! Ёзганларингни ҳама тушинишини хохлардим.
0  
6 Davron   (05.07.2012 17:06) [Материал]
Рахмат опа... Буни хам хисобга оламан!!!!
Дўстлар сизлар бу фикрга кандай қарайсизлар?
0  
7 УммуМадина   (05.07.2012 17:53) [Материал]
Абу Ҳумоюннинг "Тухум ҳақидаги битиги" эсимга тушди... Санъат халқ учунми ёки санъат санъат учун... Менимча иккинчиси. Мухлиснинг кўп бўлгани яхши, лекин сон эмас сифатда гап деб ўйлайман. Ижодизга ривож!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0