Жума, 20.09.2024, 02:24
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

АЙЛАНДИ
МУҒАННИЙ

Далолат даркорга айланди,
Муҳаббат озорга айланди,
Ҳушомад изҳорга айланди,
Бозорлар мозорга айланди.

Ой чиқиб ой ботар – кун чиқмас,
Бир ботган кўнгилдан тун чиқмас,
Ишонган Ҳофиздан ун чиқмас,
Табиблар беморга айланди.

Зоғларни сийлашар гул билан,
Мардликни ўлчашар пул билан,
Шаҳарлар шуҳрати тул билан,
Суҳбатлар қиморга айланди.

Қўшнисин танимас ён қўшни,
Ўйлашар Ҳокимга ёқишни.
Қозонга босишар Оққушни,
Ходима хушторга айланди.

Зарралар юлдузга даъвогар,
Кечалар кундузга даъвогар,
Қуёнлар қундузга даъвогар,
Соддалар айёрга айланди.

Мақталган гўзалнинг турқи йўқ,
Ҳалолдан ҳаромнинг фарқи йўқ,
Бир яхши замоннинг тарҳи йўқ,
Ўғрилар сардорга айланди.

...Бозорда инсофдан сўзламанг,
Ҳукумат борми деб, бўзламанг,
Деҳқонни бозордан изламанг,
Айёрлар тайёрга айланди.

Матоҳнинг арзони одамзод,
Сотолмай сарсони одамзод,
Сиёсат сарсони одамзод,
Тиғдорлар туғдорга айланди...

...Инилар оғани чопишар,
Қирғинга баҳона топишар,
Тобутга гўшанга ёпишар,
Йиғилар “ёр-ёр”га айланди.

ТУРКИСТОН, кўксингда ўтлар бор,
Тарихин унутган зотлар бор,
Умидин узмаган ётлар бор,
Муқимлар сайёрга айланди...

Ҳожилар мақсади зиёрат,
Нокаснинг кўнгида тижорат,
Муҳожир авлодлар ҳижолат,
Байт-уллоҳ бозорга айланди.

Шоирга қилмангиз эътироз,
ҲАҚ сўзга келмагай инқироз,
Сиғинган пирингиз хотинбоз,
Ибодат шикорга айланди.

ИЛОҲИМ, йўқсилга чора бер,
Ҳокимнинг ити ҳам пора ер,
Манфаат оқни ҳам қора дер,
Ҳақиқат инкорга айланди.

Айланар бу дунё аломат,
Қайдасан, азизим қиёмат,
Етайлик иймонлар саломат,
Тириклик бекорга айланди.

Муғанний, рўйхатга битилдинг,
Гаровга ўйнамай ютилдинг,
Кўрмадим десангу қутилдинг –
Дуторинг сеторга айланди...
1992-й.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (25.08.2012) | Муаллиф: Муғанний
Кўрилди: 791 | Шарҳлар: 1 | Теглар: Муғанний | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 Maxdumiy   (27.08.2012 15:24) [Материал]
Muhtaram shoirimiz Mug'anniyning (G'anijon Holmatov)sh'erlarida teran hayot mavzusi asos qilib olinadi.Ushbu sh'erida ham bu narsa yaqqol namoyon bo'lmoqda.Baxtimizga hasos shoirimini umrlari uzoq,ijodlari yanada sermahsul bo'lsin,Omiyn!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0