Жума, 20.09.2024, 02:07
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Ахир сиз юраксиз ўласиз
Даврон ҲОТАМ
...га
Ортимизда ўсаётир баҳайбат бир СЎЗ,
Уч эмас, уч мингта бошли бир маҳлуқ.
Ортимиздан тикиб келар КЎЗ
Эй ёр, асрасин дуо қил, Ҳолиқ.

Ортга боқма, ортимизда ғалати соя,
Сояларга суяниб бўлмас.
Тунда барча гул ранги қора
Тунда ҳукм чиқариб бўлмас.

Биламан,
Фаришта эмаснинг бириман,
Шу учун мен сени севаман.
Сен ожиз, мен ожиз
Қодир Тангримиз!
Аммо, бор эканда аъжуз ва маъжуз.

Худога таваккул қилолсанг,
Тангрининг йўлида севолсанг.
Ғийбатлар уйини ёқолсанг
Кел менинг уйимга...
Келмасанг гар, ортимда қолма
Ортимиздан ўсаётир баҳайбат бир СЎЗ.

***
Тушларимга кириб чиқасан,
Рости ширин бўлар бу тушлар.
Мийиғимда кулиб юраман
Ҳаёлларим чўқилар қушлар.

Тош отаман қушлар учади,
Сен сувга ҳам айтилмас тушим...
Армон қуши бола очади
Зумда мижиб қочади қизим.

***
Барини бошлайлик бошидан,
Бошқатдан булоққа борайлик.
Бойчечак терайлик...
Бошлайлик янада наридан.
Сен ўтгин нозланиб,
Мен боқай оловлар қаъридан.
Йўқ!
Йўқ, яна шу хато...
Югуриб,
Булоққа босайин юзимни,
Сен эса ўтиб кет
Улгуриб.

***
Пичирлаб-пичирлаб қўяман.
Индаманг.
Сўзларни лабимда сўяман,
Қонидан сиз хино қўясиз.

Кўзларим ёшлари сохтадир,
Йиғламанг.
Бошимни урганим пахтадир.
Ҳар ҳолда сиз бахтли бўласиз.

Юракни ғижимлаб ташладим,
Ташламанг.
Ахир мен ишқ билан яшадим.
Ахир сиз юраксиз ўласиз!

ТЎРТЛИКЛАР
Сўз сўзингга сиғмайди,
Кўз кўзингга сиғмайди.
Раҳминг келсин ўзингга
Онанг бошқа туғмайди.

***
Бугуним эртага ўхшамас,
Индинга эртани кутмайман.
Мен ҳозир ичганим заҳарни
Аниқки, эртага ичмайман.

***
Отаётган оппоқ тонг билан,
Тун элчиси шомда нима фарқ?
Иккиси ҳам бирдек, ваҳолан –
Бири Ғарбу бири эса Шарқ!

***
Бу жоним шунчалар ширин бўлмаса,
Ёлғиз бўлмасайди бу жон дегани.
Мен сени сира ҳам сотмасдим, эй дўст,
Бир сени танлардим, балки севгани.

***
Баҳор ўзим, куз ҳам ўзимман,
Саратонман, муз ҳам ўзимман.
Олишаман рақиб ўзимман,
Мағлуб ўзим, ғолиб ўзимман.

***
Сизни севиб қолдим муҳтарама ғам,
Чеҳраси безалиб-бўжалмаган ғам.
Қайғудан буюкроқ, ташвишдан улуғ –
Сизни севиб қолдим, севилмаган Ғам.

***
Гул қошида капалак,
Дардин айтолмай ҳалак.
Умрим қисқа деёлмас,
Эгнида гўзал кўйлак.

***
Гандираклаб қолди чумоли,
Мажақланди бели, оёғи.
Ажал бўлиб келган эканда
Келинчакнинг ҳарир рўмоли

***
Кўнгилдек яшагин кўнгулда,
Ҳисларим сувратин танигин.
Дўст бўлгин Худойим йўлинда
Сен менинг ёнимда қаригин.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (18.07.2012) | Муаллиф: Даврон Ҳотам
Кўрилди: 957 | Шарҳлар: 6 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 6

0  
1 УммуМадина   (18.07.2012 16:09) [Материал]
Сўзларни лабимда сўяман,
Қонидан сиз хино қўясиз...
Жуда ҳам гўзал...
Янги шеърлар учун раҳмат.
0  
2 Samandar   (19.07.2012 11:15) [Материал]
кўз тегмасин. куз ҳам.
0  
3 Феруза   (20.07.2012 10:41) [Материал]
Салом Даврон Хотам шеърларизда чукур маъно. "Мен чукур казийман чукур гур,жонгинам мен билан тушиб кур,"деб езган шоирни шеърларини эслатдингиз.Ким езгани эсимда йук-ку,лекин езиш услубингиз ушхар экан,мантик томондан хам ухшашлик туйдим,бу эса уз узидан каламингиз сайкаллашгани деб уйладим.Хато айтган булсам узр.Сиз келажакда таникли шоир буласиз иншаОллох.
0  
4 Davron   (20.07.2012 12:45) [Материал]
Салом! Эътибор учун рахмат! Ижодимни севимли шоирим Абдували Қутбиддин ижодига ўхшатибсиз! Бу учун ҳам катта рахмат!
0  
5 Феруза   (20.07.2012 13:41) [Материал]
Ха энди эслаб езиб куяй шоир исмини дегандим,сиз эртарок езиб куйибсиз. Ха Абдували Кутбиддин эди. Ижодизга омад.
0  
6 ZIKR_89   (24.07.2012 10:00) [Материал]
Даврон акани шеърларини укисам ёки тингласам хаёлий янги сайёрага учаман... smile
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0