Пайшанба, 19.09.2024, 22:41
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ҚАРЗ ЮКИНИНГ АЗОБИ
Даврон ҲОТАМ

Эзар мени елкамдаги қарз,
Босқонидан юрагимда дарз.
Ҳаёт берган энг мушкул бир дарс -
ҚАРЗ юкининг азоби...

Кўзларимни кулдирмаган ҳам,
Пичоқ сайиб ўлдирмаган ҳам.
Уйқуларим ўғирлаган ғам –
ҚАРЗ юкининг азоби...

Ишонч учун тўланмаган ҳақ,
Илож учун тўланмаган ҳақ.
Ёвдан тортиб олинмаган ҳақ -
Қарз юкининг азоби...

***
Остонадан кузатиб қайтдим
Мулозамат этмадим... айтдим
Қайтиб кетинг...

Деразамни синдирар шамол,
Югуради юрагим... беҳол
Эслаб бир куйни...

Хориб ўтар кунларим тунга,
Жоним қурбон ахир бир унга...

Мен ҳам кўчай
энди кечамдан.
... Англолмайман бугунги ҳолим,
Кайфиятим ўғирлар ёлғон.
Кимга уволим?

Ўксиб, ўксиб кетар юрагим –
“Менинг ахир йўқми, керагим?”
... Остонада кўзларим унди
Мен севаман – жону тан кўнди.
Энди қайтинг ...
Илтимос
Юрагим билан.

***
Сен баҳор тонгига ўхшайсан,
Нигоҳинг уятган, титроқли.
Оқ булут – рўмолинг ўрайсан,
Сен ҳали маъсума, ҳаёли.

Сен яшил рангдаги тушимсан,
Қуёшга нур берган ҳаёлим.
Майсалар шароби – ёшимсан
Шабнамга айланган аёлим.

***
Исённинг бошини кесдилар,
Танини мажақлаб эздилар.
Қонини қайнатиб, тўкдилар...
Жаллодга нишонлар тақдилар.

Кўзлардан юлинди чақмоқлар,
Тилларга солинди ямоқлар.
Золимлар товони ярақлар
Хотинлар эрларин чақдилар.

Тунлари шубҳада ётдилар,
Қўрқувдан ҳомила топдилар.
Худодан йироқлаб, йироқлаб
Шайтоннинг лойига ботдилар.

Ё Худо! Марҳамат айлагин,
Итларни занжирла бойлагин.
Ўзимга хоинман ўзим ҳам
Мени ўз ҳолимга қўймагин.

***
Шеър ёзилмас анчадан буён,
Хириллашиб қолган туйғулар.
Дунё – аниқ сонлардек аён
Кўнгил сахро – ташна охулар.

Шеър ёзилмас анчадан буён,
Истеъфога чиқдими севги.
Тужжор бўлди... бойиди қуён
(шер ким бўпти, йўқ унинг тенги)

Шеър ёзилмас анчадан буён,
Оввораман қорин дардида.
Кўнгил йиғлар – “бу қандай замон,
Кирландим-ку дунё гардида”.

... шиддат билан оқмоқда дунё,
оқмоқдамиз, беному нишон.
Қутқарсангчи! Муҳаббат – зиё...
Севги йўқдир, анчадан буён.

***
Тил айланмас,
Дил кўнмас,
Истак ўлмас.
Ботқоқда яшайди нилуфар.

Адашган йўлчилар,
Телба ўйчилар,
Бу жин кўчалар.
Асрий ИТ хурар.

Ит хуради,
Карвон ўтади.
Бўталоқ юраги ўйнаб кетади.
Карвоннинг туяси бир-бир йўқолар.

Туя кўрдингми? Йўқ...
Қорнинг тўқми? Тўқ...
Ғайри кунлар урар дўқ:
“Юм оғзингни, НИЛУФАР”.

***
Видодан аввал,
Севаман, деб айт.
Майли, дегин –
Севардим бир пайт.
Фақат жим кетмагин.
Бир ширин сўз айт,
Табассум айлагин
ҳеч бўлмаганда.
Кўзингдан ёш тўккин,
Фақат
Жим кетмагин.
Кўзларингда ўйнасин хасрат
Ё
Розиман бўлса ҳам нафрат.
Чимилдиққа жилмайиб боргин.
Фақат жим кетмагин...
Мени аягин
Тушда кўриб бўлмас
Жимликни...




Манбъа: http://ijodkor.com
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (21.06.2012) | Муаллиф: Даврон Ҳотам E
Кўрилди: 1565 | Шарҳлар: 8 | Теглар: Дарон | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 8

+1  
1 УммуМадина   (26.06.2012 16:32) [Материал]
Ассалому алайкум.
Аввало, сайт ижодкорларига янги сайт муборак булсин. Жуда хам актуал, чиройли сайт очилибди.
Даврон Хотам ижоди мухлиси сифатида янги шеърлардан укиб "мазза" килдим.
Ижодизга барака. Янги ижод намуналаридан кутиб коламиз.
0  
7 ishonch_uz   (15.09.2012 16:24) [Материал]
Assalomu alekum.Shunday ajoyib sayt ochilganidan juda mamnun buldim,Davron Hotamni uzimga ustoz deb bilaman. ustozimning ijodiga barkamollik tilayman. Berchaga omad smile
0  
2 Davron   (26.06.2012 17:15) [Материал]
Ташаккур!!!
Камчиликларга йўл қўйсак, билдириб туринглар!
Ҳаммага раҳмат!
0  
3 УммуМадина   (27.06.2012 17:34) [Материал]
...Югуради юрагим... беҳол ...
...Хориб ўтар кунларим тунга...
...Мен ҳам кўчай
энди кечамдан...
Гўзал ташбеҳлар...
0  
4 Samandar   (28.06.2012 13:57) [Материал]
...Видодан аввал,
Севаман, деб айт.
Майли, дегин –
Севардим бир пайт.
Фақат жим кетмагин....

Жуда чиройли. муаллиф исми шарифини курсатмагни яхшимас аммо.
0  
5 Феруза   (07.07.2012 09:46) [Материал]
Ассалому алайкум сайт ижодкорларига.Хурсанд булдим бундай сайтлар бизда (Ушда) очилганига.Талабалик даврларимни эсга солди,ширин хотиралар огушига буркандим.Айни пайт ватанимда эмаслигим учун хамми билмайман, сайтдаги шеърлар калбимни титратди.Рахмат сизга Давронбек.Ижодингизга баркамоллик,ишларингизга омад тилайман.
0  
6 Davron   (07.07.2012 12:24) [Материал]
Рахмат сизга ҳам. Сайтимизнинг доимий аъзосига айланасиз деб умид қиламиз. Мақсадимиз тирикчилик ташвиши билан унутилаёзган руҳий озуқалар ҳақида бир оз бўлсада мушоҳадага ундашдир. Фикрларингизни доимо кутамиз ва қадрлаймиз!
0  
8 Хасанбой Гойибов   (03.12.2012 13:59) [Материал]
Гузал сатрлар... Тугри айтасиз Давронбек Яратган бизни уз холимизга ташлаб куймасин. Омийн, ё Раббул оламийн!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0