Жума, 20.09.2024, 02:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Қарздор
Раҳмон ҚУЛИ

Дўстим, сизга бир гап айтайин:
Қарз узгани келдим дунёга.
Катта-кичик, мени таниган
Элдан қарзман, сизлардан қарзман.

Муомала меъёрин билмай,
Дўстдан қарзман, ётлардан қарзман.
Хақларига дуолар қилмай,
Отамдан қарз, Онамдан қарзман.

Қанча соил қўлни қайтардим,
Мискиндан-у, гадодан қарзман.
Яратганга шукурлар қилмай,
Дўстим, бугун Худодан қарзман.

Бир ойда бир хабар ололмай,
Холамдан қарз, Аммамдан қарзман.
Олганимни қайтиб тўлолмай,
Опам, Синглим, Укамдан қарзман.

Янги-янги кийиролмадим,
Завжамдан қарз, қизимдан қарзман.
Анча-мунча ҳол сўролмасдан
Опам билан синглимдан қарзман.

Тўйларига кириб, киролмай,
Ўлимида туриб, туролмай,
Хурматимни жойига қўйган
Маҳалламдан, кўчамдан қарзман.

Ўзингизга айтаман секин:
Хафтами-ой, бир йилдан кейин.
Тақдиримда: Тамом! –деб ёзган
Ўлимдан ҳам қарзим бор, лекин!..

Ўйлай-ўйлай шу ўйга етдим,
Буни сиздан яшириб нетдим.
Сўнгги пайтлар мени ўстирган
Ватандан ҳам қарз бўлиб кетдим.

Сойдан қарзман, тоғлардан қарзман.
Куйиб-ёнган боғларан қарзман.
Уйи куйган, жигари ўлган
Юрак-бағри доғлардан қарзман.

Душман поймол қилган номусин,
Ўн беш ёшли қизлардан қарзман.
Мўйлов чиқмай жангларда ўлган,
Укаларим, сизлардан қарзман.

Қамоқларда ноҳақ ётганлар,
Эл юкини ёлғиз тортганлар.
Қийноқларда эти қотганлар,
Ҳаммадан кўп сизлардан қарзман.

Ўз юртимни поймол қилдирдим,
Душмандан қарз, Ватандан қарзман.
Шаҳид бўлиб ўлмасам энди
Лаҳаддан қарз, кафандан қарзман!
23.01.2011.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (09.03.2013) | Муаллиф: Раҳмонқули
Кўрилди: 754 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 3.5/2

Шарҳлар: 2

0  
1 Абдурахим   (13.03.2013 20:55) [Материал]
Аллоҳ осон қилсин
0  
2 umida   (25.06.2013 03:44) [Материал]
bahtimizga  tinch boling.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0