Пайшанба, 19.09.2024, 22:12
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Баҳорим аллақачон Кузга сотяпти
Ҳосият Бекмирзаева

Келдим, ёнингизда турибман –
Сиз сезмайсиз.
Сизни деб бу дунёда
Юрибман –
Сиз сезмайсиз.
Бегона, бегона, бегона экансиз.
Тўғри –
Сиз – зўрсиз! Сиз – зўрсиз!
Йўлингиздан қуёш чиқиб
Ортга ботяпти –
Сиз сезмайсиз.
Баҳорим аллақачон
Кузга сотяпти –
Сиз сезмайсиз.
Ортингиздан ҳақиқий ҳис тортяпти –
Сиз сезмайсиз.
Сиз – зўрсиз!
Сиз – кўрсиз!

***
Умид охирида ўларми энди?
Умид ва ёки кўнарми энди?
Умид, кечир, деб Ҳақдан
Гуноҳимни сўрарми энди?!

***
Бандидан узилди зап-зангори барг.
Умиднинг умри битмаган ҳайрон барглари.
Умиднинг битта-битта тўкилиб битган қайдлари.
Сарғаймай тўкилган барглар,
Шивирлар...
Видонинг сўнгги садоси,
Худди ишқнинг адоси.
Бу боғни энди тарк этаман,
Зангор баргларни босиб ўтаман.
Ортда даҳшат, сўнгсиз оҳ!
Хазон эмас бу –
Зангори гуноҳ.

***
Келсанг кўрасан,
Кутавериб соғинч мени эскитгандир.
Балки соғинч мени йиқитгандир.
Уни тинсин!
Юрагимни иргитгандим итларга,
Ўша итлар мени йиқитгандир?!
Келсанг кўрасан
Балки мени
Хосиятли кимдир
Бир умр кутгандир?
Ва охири унутгандир?!

***
Ҳаёт гўзал, эслат ўғлим
Қарама умрим дарчасидан...
Ҳувиллар
Ҳаётимда изғирин увиллар.
Вужудда яхши-ёмон қоришар
Фақат сенга қарасам юзим ёришар.
Тошдек юракни юмшат ўғлим,
Ҳаёт гўзал деб эслат ўғлим!

***
Сизга ҳеч ёқмайман, сезади кўнглим.
Бўшлиққа сингиб кетгандирман,
Балки сабаб мен ўзим.
Балки яхши танимайсиз,
Танишни балки истамайсиз.
Тўхтанг...
Юрагингиз билан келишиб кўринг
Севишни,
Учушни, орзу қилишни, кулишни,
Мен билан бира сузишни,
1000 километрга югуришни,
Дунёни пиёда айланиб кўришни
Хохларсиз балки...
***
Нозик, нимжон, ожиз одамман.
Енгиллашган сари қанотларим ортиб боради,
Юксакларга тортиб боради.
Ақлли тубан(даги) оғир одамлар
Кўкка қараб ҳайрон бўларлар...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (01.07.2013) | Муаллиф: Хосият Бекмирзаева
Кўрилди: 829 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 4.0/1

Шарҳлар: 1

0  
1 Аъзам   (03.07.2013 18:21) [Материал]
scdcХосиятхон гапни узоқдан бошламай, пўсткалласини айтадиган қиз. Ноҳаликка тоқат қилолмайди.Шеърлари ҳам шундай. Палаги тоза деб шуни айтишса керак. Устозимиз Қўлдош Мирзонинг (умрлари узун бўлсин) ўзига хосликлари Хосиятхан шеърларида ҳам кўриниб турибди. Ижодингизга барака!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0