Амал – (мансаб эмас, илмнинг қабатидаги амал) Бандлигимнинг таянчи. Бандлик – Меҳнат отлиқ кўникма (қанийди, Кўникма Эҳтиёжга дўнса) зуҳури. Меҳнат қуролим – Сабр тошларидан терилган тасбеҳ. Меҳнатдан топилган қадриятимни Таваккул ҳирқасига алмаштиражакман. Ҳирқа – юпунлигим юпанчи. Хотиржамлик – бу ҳақда Риҳлатдан сўнг айтиш мумкин. Умид – Тадорик ва Риҳлат пайти йўлдошим. Балки айтганларим мақтанчоқнинг эътирофига ўхшар. Лекин феълимда бўртиб турган сифат мақтанчоқлик эмас, амалпарастликдир. Ҳар қандай “парастлик” каби амалпарастликда ҳам ожизлик мавжуд. Ожизлик қувончимнинг истеҳкомидир. Хуллас, мен бир ожиз амалпарастман.
1998
ОНИЙ ҲАСРАТ БИТИГИ
Мен ҳар тонг ўз ихтиёрим билан уйғонмайман - мени шарпалар уйғотади. Уйғотар эканлар, ҳар кунги талабини олдимга кўндаланг қўядилар. Уларнинг талаби шарпаларни одамлар қаторига қўшишимдан иборат. «Бу ерда диққинафас бўлиб кетдик», - дейишади улар хаёлимга нуқиб. «Биз ҳам жамиятга кўринишни истаймиз», - оёқ тирашади улар. Бу шарпалар ким ўзи дерсиз? Улар менинг шууримда тўралган тимсоллардир. Эътироф этиш керакки, мен «Санъат» исмли севикли маъшуқамга уйланган пайтимда бахтиёр эдим. Кейин йиллар ўтди, тимсоллар туғилдилар. Вақт ўтиши билан улар улғайдилар. Энди эса... - Мен сизларни бу аҳволда одамлар кўзига кўрсатолмайман, тушунсанглар-чи ахир. Бунинг учун мен сизларни «адабий шакл» деган кийим билан таъмин этишим, атрофдагилар шуурига мувофиқ тахайюлда тасвирлашим керак, - дейман асабий. - Албатта, бизларни едириб-ичириш, кийинтириш сенинг бурчинг, - дейди «Рамзий тимсол» деб азон чақирган болам юзсизларча, - эплолмасанг, бизни топма эди. Кенжатойимнинг бу гапи менга оғир ботади. Ожизлигимдан хўрлигим келади. Шу алфозда худо кўп фарзанд ато этган, лекин болаларини боқолмай қийналаётган фақирнинг изтиробини тушунгандек бўламан. Алоҳа, рўпарамда икки эшик бўй кўрсатади – бирови «Борса келмас», иккинчиси «Борса хатар». «Борса келмас» дегани мен жисман мавжуд бўлган ўлчамдан бошқа ўлчам – бу менинг тимсол-фарзандларим яшаётган маъво. Балки сиз бу оламга рўбарў келмагандирсиз, лекин сизни ишонтириб айтаманки, бу олам сиз ҳақиқий деган борлиқдан кўра минг карра реалроқ. Ҳар ҳолда, у ерда қоронғулик йўқ, шу боис у жойда ашё ва ҳодисалар ўз рангида зуҳр этадилар. Иккинчиси эса мен руҳан яшаёлмаётган уч бирлик (яъни бўйи, эни, баландлиги) олами. Ниҳоят, хархашалардан қутулиш учун болаларимнинг оламига кўчиб ўтмоқчи бўламан (ахир улардан воз кечолмайман-ку). Аснода «мукаммаллик хосхонасига ўлим эшиги орқали ўтилади» деган ҳикмат шууримда ёришиб боради. Дарвоқе, кўришгунча...
2000
ШОИР ҲАЙКАЛИГА БАХШИДА БИТИК
Суронли жанг майдонида Шоир турар қўлтиқтаёққа суяниб. Бу майдонда у ўзига ўзи аскар, ўзига ўзи саркарда. Бу майдонда унинг на қўшини бор ва на аслаҳаси. Унинг шаффоф истеҳкомлари бор фақат – булар унинг ёзган асарларию хатм қилган китобларидан олган таассуротлари. Суронли жанг майдонида қўлтиқтаёққа суянган Шоир турар ўктам ва мағрур. Унга отилган, унинг кўксига аталган ўқлар мўлжалга етмай, ҳавода муаллақ қотар – истеҳкомларга санчилиб тўхтайди улар. Ниҳоят, душманнинг ўқлари тугайди. Шу аснода рақиб томон Шоирни қулатиш учун ҳеч қандай қуролга ҳожат йўқлигини фаҳмлаб қолади, бунинг учун Унинг қўлтиқтаёғини олиб қўйсалар, бас – Шоир йиқилади. Лекин Тангрининг ўзи инъом этган бу Таянчни олиб қўйишга ким журъат қила олади, ким?!! Ахир, бу иш иблиснинг ҳам қўлидан келмайди-ку! Суронли жанг майдонида Парвардигорга таваккул қилганича турар Шоир ҳайкали!..
2001
НУРПАРАСТ СОЙИР ҲАҚИДА БИТИК
Кадар қоплар, зулмат босар атроф-жавонибни. Катта йўлнинг миёнасида мен турибман – Нур излаган одам. Олис ёқда милтиллаган чироқ чорлар ўзига. Умид шиддат билан мени у томон бошлар. Зора... Йўқ, бу мен тилаган нарса эмас. Бу шунчаки «Хуш келибсиз!» деб ёзилган чироқлар жамъи. Яна атрофга боқаман зорланиб, интизорланиб. Узоқларда ёнаётган маёқ эътиборим тортади. Илинж қистовида ўша ёққа еламан. Балки... Йўқ, буниси ҳаммас. Гарчи унинг нурлари ҳаддан зиёд ўткир бўлса ҳам, гарчи унинг пешонасига «саводхон»ларни юпатиш учун «Нур манбаи» деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам. Яна тараддуд отини эгарлайман...
Ҳадемай Қуёш чиқади. Лекин шу тобда мен унинг ҳузурига чопиб бормаслигимни яхши биламан – ҳаттоки, олий коҳинликни ваъда қилса ҳам.
Шуларни хаёлимдан ўтказар эканман, мени сафарга ундаган ҲИММАТнинг эришмоқ имкониятигина эмас, балки воз кечмоқ салоҳияти ҳам эканини англай бошлайман. Хуллас, ташқарида борар жойим битди. Балки ичкарига йўл соларман энди?.. Эҳтимол... Ҳа, шубҳасиз шундоқ бўлажак!
2001
ОЖИЗ МАХЛУҚ ҲАҚИДА ФЕЪЛЛИ БИТИК
Икки йиртқич бир-бирига ташланарлар. Уларнинг бир-бирларини ғажиб ташлашларига ўртадаги мустаҳкам панжара монеълик қилар. Улар қўрқувларини яширишга уринишиб, иррилашарлар. Гарчи инон-ихтиёрлари ўзларида бўлмаса ҳам, улар шу аснода хавф-хатардан ҳоли эканликлари учун Худога шукур қиларлар. Панжарадан нари борар эканлар: “Яхшиям қафасда яшайман”, - дея ўзларича овунарлар улар.
2002
“БОШСИЗ ЧАВАНДОЗ” ҲАҚИДА БИТИК
Жаллоднинг ойболтаси ярқ этади – кундадаги бош юмалаб, оёқлар остига тушади. Боягина мақтулнинг кўзларида рақибига бўлган чексиз нафрат чақнаётганди, энди бу кўзларда мутеъ сукут ҳукмрон. Боягина жаллоднинг юзига тупурган оғиз ҳозир унинг оёғини ўпгудек бўлиб ётибди. Бу ҳол жасадни изтиробга солди. У ўз калласини тупурмоқчи эди – аммо, афсуски, энди унинг оғзи йўқ. Ноилож қолган жасад жаллоднинг оёғи остида ётган ўз бошини тепиб юборди-да, сакраб отга минганича чоптириб кетди. Вужудидаги сўнгги томчи жасоратни ўзгаларга улашгани кетди “бошсиз чавандоз”.