Чоршанба, 18.09.2024, 07:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ДИЙДОР ШИРИН
РИСЛИҒОЙ ҲОТАМОВА

БАЛАНД ДОР

Баланд дорга осилдим мен,
Қўл чарчади, дил чарчамас.
Баланд дорнинг дарди баланд,
Дил англамас, дил англамас.

Баланд жойдан ерга боқдим ,
Ер бир гўзал, ер бир гўзал.
Одамлари бирам яхши,
Тили асал, тили асал.

Баланд жойда хўрлик кўриб,
Дил чарчади, қўл чарчамас.
Яна баланд интилибман,
Азобдан маст, азобдан маст.

Мен аросат, на ерликман,
На осмонда эркатойман.
Хамма мени севар, сезар,
Мен ҳеч кимни сезмай лолман.

Тўй қиламан Ойда машҳур
Бўлганимда, бўлганимда.
Ойдан кайтгум, ер бағрига
Ўлганимда, ўлганимда.

ЁРИМ ЙЎҚ

Севги гўзал деманг менга майсалар,
Севги нима, мени хатто кўнглим йўқ.
Айрилиқнинг жодугари най чалар -
Ёринг йўқдур, ёринг йўқдур, ёринг йўқ.

Райҳон ҳиди келган боғдан хайдалдим,
Энди ҳижрон дарди кутар сочиб чўғ.
Юзин бурди гулга қўлим чўзгандим,
Ёринг йўқдур, ёринг йўқдур, ёринг йўқ.

Беҳуш қилиб юракка қўйди захар,
Алам пайконидан келиб теккан ўқ.
Тўрт томондан келди ёқимсиз хабар -
Ёринг йўқдур, ёринг йўқдур, ёринг йўқ.

Ёлғизликка маҳкум қилса фироқинг,
Қайтмасалар ўша дамлар маъсуд шўх.
Қиёматда дейишар шу гуноҳинг,
Ёринг йўқдур, ёринг йўқдур, ёринг йўқ.

МУҲАББАТ ДАРДИ БОШҚАЧА

Қилиб қўяр дилни паришон,
Учрашганда завқи бошқача.
Қийнар ҳамон ёмондан-ёмон,
Муҳаббатнинг дарди бошқача.

Рашкинг келиб, қийнашларинг бор,
Сездирмасдан ўйлашларинг бор,
Ёр васлидан бошқаси бекор,
Муҳаббатнинг дарди бошқача.

Сен анорнинг донасисан ишқ,
Юрагимнинг ноласисан ишқ,
Бемор дилим чорасисан ишқ,
Муҳаббатнинг дарди бошқача.

Ҳамма бирдек мубтало, адо,
Ўн саккиздан ўттиз ёшгача.
Олтмишда ҳам беради садо,
Муҳаббатнинг дарди бошқача.

* * *

Ёнингда юрмасам розиман сени,
Кўрмасам дудоғинг титроқларини.
Хаттоки назарим қийнамас сени,
Ҳак билсин ошиқнинг фирокларини.

Ғунча баргларини йиғлаб силадим,
Кокилинг атрини тутса хумори.
Соғиндим сезмадинг, севдим сезмадинг,
Сен ўзга ошиқнинг жондайин ёри.

Чорасин тополмай, илож қилолмай,
Кўзларим дардига яширдим сени.
Сен билан Аллоҳдан бошқа билмайди,
Жоним, юрагингдан хайдама мени.

* * *

Мен сенгга бахт бермадим, бахт берарга майли бор,
Мени узун қўлим йўқ, мени бағрим жуда тор.
Дил адирда бир гиёҳ, атроф лолазор эди,
Айтгин, менда шу ишқдан, бошқа нима бор эди.

Тўйинг бўлса, зўр бўлсин, ўзим хизмат қиламан,
Ўзим олов ёқаман, ўзим анор тиламан.
Куёв бўлиб келмасам, куёв билан келаман,
Мен сени ёрлигингмас, борлигингни севаман.

Кўзимдага ёш эмас, ҳаяжондан оққан тер,
Шу терни артиб олай, рўмолчангни менга бер.
Қара тунгги осмонда, тўлин ойми ё хилол,
Бош кўтариб қараш ҳам, энди келяпти малол.

Тош қизарди, ер қизил, оқаётган қон эмас,
Қўлимдаги пичоқмас, у жонимга зор эмас.
Фақат битта илтимос, севгимизнинг хурмати,
Менга ҳам насиб қилсин, ошиқликнинг иззати.

Шу оқшом осмон бўлай, сен хам ойдек тўлиб бер,
Кулгингни ҳовучимга, шакар қилиб солиб бер.
Сўнг бошимдан бир сочай, оппоқ бўлсин жону тан.
Бошқа нарсани сезмай, мен шу ширин кулгудан.

Битта ишққа шу битта, хиёнат ҳам етади,
Мен ҳам бошкани севсам, севги ўлиб кетади.
Кет кетавер қизгина, кўзларингни кўрмайин,
Мени кўр қалбим ўлсин, ёлғончини севмайин.

ЁЛГИЗ АЁЛЛАР

Кечалари уйқу сўраб шамолдан,
Безор бўлиб ғийбатлару малолдан,
Менинг отам қайда, деган саволдан,
Чўчиб яшар, қанча ёлғиз аёллар.

Ёр қўлига сув қуйишни соғиниб,
Кузатишни ё кутишни соғиниб,
Боласига меҳр бериб, овуниб,
Куйиб яшар, қанча ёлғиз аёллар.

Ёстиғидан излаб ёрин исини,
Нозу ишва тарк этганда кўзини,
Гунохкордек сезиб доим ўзини,
Қўрқиб яшар, қанча ёлғиз аёллар.

Иғвогарлар иғвосига берса зеб,
Яна такрор севилишни кўрмай эп,
Тақдиримда яна қандай кун бор деб,
Қўрқиб яшар, қанча ёлғиз аёллар.

Тўйлар муборак

“Тўйлар муборак”га яйраб кетди дил,
Келинчак лабида титраб турар ноз.
Мана кириб келди, босиб паёндоз,
Оловдайин ёниб, кўзи қораси,
Нозли келинчакнинг куёвболаси.

Бугун йўлларингга сочилади гул,
Бугун чимилдиққа ёғилади нур.
Давринг келди йигит, давронингни сур,
Қўлинг шира қилсин, анор донаси,
Нозли келинчакнинг куёвболаси.

Ўғил бўлсин, элга сардор бўлгудек,
Қиз берсин, дилсуяр дилдор бўлгудек.
Бахт берсин, ҳар кунинг баҳор бўлгудек,
Ё Тохир ё Зухро қизнинг отаси,
Нозли келинчакнинг куёвболаси.

Давранинг тўрида файзи бошқача,
Ғурури бошқача, шахди бошқача.
Куёвлик даврининг гашти бошқача,
Бир танти шердилнинг шердек боласи,
Нозли келинчакнинг куёвболаси.

ДИЙДОР ШИРИН

Англагувчи бўлса яхши кўнгил сирин,
Ҳаё ёнган нигоҳларда дил яширин.
Айриликдан безиб кетган ошиқ юрак,
Садо берар, дийдор ширин.

Фарзанд йўлин қараб қолган оналардан,
Баҳорини кутиб ётган лолалардан,
Ёрни дея юрак бағри поралардан,
Сўранг, дейди: “дийдор ширин”.

Тупроқ аро пинхон ётар қанча инсон,
Ҳаёт асли ғаниматдир, эй тирик жон,
Чин висолдан умидвордир аҳли иймон,
Хабар келар. Дийдор ширин.

БОШҚАЧАДА.

Сайрашади шомда қушлар
Ваъда қилиб ширин тушлар.
Оқшом каро бўлгунича.
Мани ёрим келармишлар.

Дилга ёкар ширин сўзи.
Жоним олар қаро кўзи.
Савлатидан сир босади-ей.
Бошқачада ёрим ўзи.

Кўнглим яйрар меҳри билан,
Севгининг зўр сеҳри билан.
Яшаганга нима етсин.
Йигитларнинг марди билан.

Боғ шамоли, кўнглимни ёз.
Дардлашайин дедим бир оз.
Мен тилимга нима келса
Эркаланиб айтдим холос.

Манга асал олиб келинг.
Чойга кўшиб дамлаб берай.
Танлаб, танлаб куйнинг зўри.
Тановорга ўйнаб берай.

АЛЛАГИН ТЎЛИН ОЙ

Аллалагин тўлин ой, ёр отаси ухласин,
Ёрни олиб қочганим, сендан бошқа сезмасин.
Гунохимни кечиргин, тонг отади шошмасам,
Кўролмайман тонгда ҳам, деворидан ошмасам.

Чимирилса майли қоши қаламлар,
Нози билан гўзал асли санамлар.
Менга етар кўзларини кўрганим,
Шунда кетар дилимдаги аламлар.

Остонаси тилло уйим ёр учун,
Дилимдаги ширин куйим ёр учун.
Чимилдиқда чиройига термулай,
Севги билан ёнган дилим ёр учун.

Аллалагин тўлин ой, ёр отаси ухласин,
Ёрни олиб қочганим сендан бошқа сезмасин.
Гунохимни кечиргин, тонг отади шошмасам,
Кўролмайман тонгда ҳам, деворидан ошмасам.

ОМОНАТ
Ошиқмангиз бунча нахорга,
Меҳр кўйманг, кўклам баҳорга,
Хазонларин тўккан анхорга,
Бу дунёда кўзлар омонат.

Меҳр билан термулиб турган,
Сирга тўлган, сеҳрга тўлган,
Кипригида жонингиз турган,
Бир жуфт қора кўзлар омонат.

Тингланг бироз Вақтингиз бериб,
Дарди бўлса дардингиз бериб.
Дилдан келиб турибди эриб,
Аччиқ, ширин сўзлар омонат.

Фақат нафснинг ғамини еманг,
Ҳар не топса бўлади қаранг.
Эртага ҳам кўраман деманг,
Нурдан иссиқ юзлар омонат.

Молу давлат ғамин едилар,
Дийдори не даркор, дедилар.
Армон билан кафан кийдилар,
Тупроқдаги излар омонат.

КИМНИ СЕВАЙ МАН


Кипринг титрасин, битта кўрай ман.
Атрингдан адо-ю тамом бўлай ман.
Сенсиз яшолмасам, нима қилай ман.
Айт, сени севмасам, кимни севай ман.

Сўзингдан жонимга титроқ югурса.
Сени деб ҳар бир томир узулса.
Кўнглим остонангда йиғлаб ўтирса,
Айт, сени севмасам, кимни севай ман.

Кўзларинг алдади, этдим итоат.
Кўнглимда ишқ билан қилдим ибодат.
Сен дуо қилмасанг, бўлмас ижобат.
Айт, сени севмасам, кимни севай ман.

Товонга ботса тош, тегмагин менман,
Соянгдан юз буриб кетмагин менман.
Кўйингда кул бўлиб турганинг менман,
Айт, сени севмасам, кимни севай ман.

* * *

Телба қилса, сенинг ишқинг телба қилсин,
Жаннатингдан бармоққа тенг кулба берсин.
Қодир иймон ҳикмати-ю қудратини,
Суяги йўқ тилга эмас, дилга берсин.

Гарддек кезай, Эрам отлиғ ажринг аро,
Нафс дардлари куйсин, тоза дардинг аро.
Рахмон эгам, бандам дегин, рахм этгин,
Каҳрабодек сарғайса ранг, дардинг аро.

Гуноҳим кўп, етти денгиз ювгунча бор,
Умрим эса бир лаҳза ё бир кунча бор.
Бу дунёдан излаб, йиғлаб топган қадрим,
Туёқ топтаб ўтиб кетган юлғунча бор.

Бисмиллоҳ дей, эриб кетсин оғзимда тош,
Фаришталар артсин юзим ювганда ёш.
Қиёматда қаро юзда қайрилмайин,
Яратганим, ёлворайин, бергин бардош.

Телба қилса сенинг ишқинг телба қилсин,
Жаннатингдан бармоққа тенг кулба берсин.

МУҲАММАД ЮСУФГА

Титрамагин қизгалдоқ.
Йиғламагин бинафша.
Ялпиз бунча маъюссан,
Миттигина юракча.

Қара дардкаш қидириб.
Йиғлаяпти Муҳаббат.
Сендан баттар мўлтираб.
Йиғлаяпти Муҳаббат.

Сен соғинган юракни
Соғинганлар қанчадир.
Бир аламим ғижжакда.
Бир аламим найдадир.

Мен ҳам унинг сатрини.
Ашъорини соғиндим.
Нурга тўлган ва азиз
Дийдорини соғиндим.

Гарчи дардга тўладир,
Ўхшамади кўзларим,
Ўхшамади изхорим,
Ўхшамади сўзларим.

Ўлмайдиган ошиқ у.
Тинмайдиган қўшик у
Ҳали қанча гўзалнинг.
Кўзидан қочар уйқу.

Шеър ўкиб сўнг ёқимли,
Кулмас Муҳаммад Юcуф.
Ялпиз ухла, бўлмаса,
Келмас Муҳаммад Юсуф

РАШК
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас,
Япроғи қуриган садоқат эмас,
Канда бўлган тоат - ибодат эмас,
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас.

Тенгсиз ошиқману машуғиммассиз,
Суйиб айтолмайман қўшиғиммассиз.
Бўғзимга тиқилиб, ночору сассиз,
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас.

Олов товонида эзғиланган кул,
Сиз хурга кўшилиб, бўлолмадим хур.
Дилим шох истагин қилиб кўйган қул,
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас.

Кетманг, ёлворади кўзларим қаранг,
Кетманг, ёлворади сўзларим қаранг,
Ростга арзимадим, розиман алданг,
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас.

Тиз чўкиб, бош эгдим дор қайдадир ёр,
Ишқингизда мендек хор қайдадир ёр.
Ўлдирдингиз, ўлдим сўнгги сўзим бор -
Мени рашк йиғлатди, Муҳаббат эмас.

[/b]ҚИЗ СЕВГИСИ[b]

Маҳаллага таърифинг
Етганини сездингми?!
Севги сени сеҳрлаб
Кетганини сездингми?!

Қайдан келди бунча ноз,
Дудоғингда хол яйрар.
Ўн еттига кирган кирган қиз
Нигоҳида ёр танлар.

Кун тугаб, тонг бошланар
Хаёллар тугамайди.
Тунда соғиниб ёрни,
Кундузи қарамайди.

Шамол тортса рўмолин,
Титраб кетган қизларей.
Гул билан бўй бўйлашиб,
Бўйга етган қизларей.

Шамол сочди ҳар ёнга,
Кокилингни атрини.
Бошлаб келгин Муҳаббат
Шу қизларни бахтини.




Манбъа: http://ijodkor.com
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (20.06.2012) | Муаллиф: Рислиғой Ҳотамова W
Кўрилди: 1811 | Шарҳлар: 3 | Рейтинг: 1.7/3

Шарҳлар: 3

0  
1 mansur1   (27.06.2012 21:31) [Материал]
ajoib,maza kildik rahmat.
0  
3 ishonch_uz   (13.10.2012 09:30) [Материал]
maza qildim, ajoyib misralar raxmat
0  
2 УммуМадина   (29.06.2012 11:17) [Материал]
Ажойиб шеърлар учун раҳмат. Рислиғой Ҳотамованинг шеърларини ўқиганда, худди ашула айтаётгандай бўлади киши. Сатрлар куйга ҳамоҳанг...
Яна янги шеърлардан кутиб қоламиз.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0