Жума, 20.09.2024, 04:42
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ДУНЁНИНГ КЎЗЛАРИ
ҚИШЛОҒИМ

Қишлоғим шаҳарга қилади ҳавас,
Ўтлоқ, сўқмоқларин унутиб қўйиб.
Ўнгида автолар нафасидан маст,
Тушида чечаклар исига тўйиб...

Асов Ҳожиариқ энди гупурмас,
Оқизоқ нон таъмин билмайди ўғлим.
Нон-ку мўл, ялпизлар атир уфурмас,
Ариқ бўйларига тушганда йўлим.

Елкасида минглик рўзғорнинг юки -
Юракка жойласам, сиққудек қишлоқ.
Иймон, диёнат бор, шунга ҳам шукур.
Қишлоқлик қалбида инсоф ҳам уйғоқ.

Баъзида заҳматкаш юрак толиқиб,
Фалакдан кутгандек бўлади шафқат.
Саркорлар ўтади елдай ҳовлиқиб.
Элим ишлайверар, қувонч - меҳнат.

Измида темиртан аравалар бор,
Барча мушкуллари бўлгандай енгил.
Бироқ елкасидан аримас ғубор,
Ҳамон башанглашмас кийим-у энгил.

Шаҳарлик бўлсам, дер ҳавасга тўлиб.
Лекин юрагида тўла оғриқлар,
Мақсади - боғлари қолмасин сўлиб,
Ялпиз ҳидлаб оқаверса ариқлар....
1995

ЁМҒИР ВА МЕН

Ёмғир ва мен - бу кеча дайди -
Суҳбатдошмиз, кўча кезамиз.
Ёмғир шивирлаб ҳеч тўймайди,
Балки тонг отгунча кезамиз.

Бўйсунаман ёмғир измига,
Менга ҳамдард керакдир дилкаш.
Қулоқ тутсам ёмғир сўзига,
Аригандек бўлар дилдан ғаш.

Бир кўчадан ўтамиз илҳақ,
Кўз тикамиз бир деразага.
Бекасидек дераза бефарқ,
Парво этмас мендек задага.

Ёмғир шивирлашин қўймайди:
“Ўзни дадил тутгил, ҳой йигит!
Менинг билан дардлашиб, дайдиб,
Шаҳар кезсанг, ғам бўлар унут!”

Балки қизга алла айтади
Жамоли-ю ғурури бу кез.
Кўчасидан неча қайтадан,
Ёмғир ва мен қолдирамиз из...

Ёмғир ва мен бу кеча дайди -
Суҳбатдошмиз, кўча кезамиз...
1980

ДУНЁНИНГ КЎЗЛАРИ

Майсалар мудрайди шабнам бағрида,
Бедор ҳаётини унутиб бир зум.
Майсалар кафтида чақнаган нурдан
Топиб олдим кўҳна дунёнинг кўзин...

У менга боқарди, боқарди элга,
Кўрмоқчи бўларми муруватимни.
Шивирладими оҳ, “Берма, - деб, -елга
Орзу-умидларинг, куч-қувватингни!”

Синагиси келиб оқибатимни,
Ўйларга берилар ҳазиндан-ҳазин.
Соғинганми содиқ дўст суҳбатини,
Кутар мендан меҳр, илиқ дил сўзим.

Ўксик туюлди оҳ, дунё наздимда,
Фироқдан жигархун, ғамлардан зада,
Лекин ошкор этмай мунгин ҳеч кимга,
Олиб кетмоқ бўлар маҳшарга қадар.

Тугал билмоқ истаб дилда борини,
Теранроқ термулдим олам кўзига.
Бироқ ичга ютиб оҳ-у зорини,
Бир сўз демади у мендай дўстига!

Бардошига таҳсин ўқиб дунёнинг,
Силай олдим фақат мағрур бошини.
У-чи, кўзга суртиб нурни-зиёни,
Майсаларга тўкди шаффоф ёшини.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (13.09.2012) | Муаллиф: Муҳаммадсоли УЛУҒБЕК
Кўрилди: 724 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 4.0/1

Шарҳлар: 1

0  
1 Inas   (13.09.2012 13:15) [Материал]
"Yomg'ir va men"da ajoyib surat chizilibdi.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0