Жума, 20.09.2024, 02:23
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Янги китоб: Райҳоний рангли сувратлар
Бугун шоир Авлиёхон Эшоннинг янги китоби муаллифнинг гўзал тилаклари битилган дастхати билан қўлимга келиб тушди.
“Райҳоний рангли сувратлар” номи билан чоп этилган ушбу қалингина (160 саҳифа) китоб афсуски атиги 550 нусҳа чоп этилибди. Аслидаку, сўнгги пайтларда (Қирғизистонда)нашр этилаётган тўпламларнинг 100 ададда чоп этилаётганини эътиборга олсак, бу ҳам ёмон эмас. Адабиётга бўлган талабнинг қай даражада эканлиги сир бўлмай қўйган!
Янги китоб мутоаласини бошлар эканман “бу дунёда ўзини ўзи енгишни олий вазифа” деб билган Шоир Авлиёхон Эшон устозимизга узоқ умр, ижодий парвозлар тилаб, у кишининг ижодларидан наъмуна ҳавола этмоқдаман. Марҳамат!
китобхон, Даврон Ҳотам

НИҲОЯСИЗ РИВОЯТ

1.
Уфқ ёришмасдан,
Азон маҳали
Кимнингдир шафқатсиз,
Моҳир қўллари
Сокин оқаётган дарё юзидан
Мовий пардаларни олди сидириб.
Сўнг эринмай қоқди зилдай кўрпани.
Савачўп остидан тўкилган тўзон --
Сув ичиб туманга эврилган ҳаво
Мушукдай ўрмалаб тангкўчалардан,
Қаттиқ ухлаб ётган мўъжаз қишлоқни
Ямлаб ютмоқ учун чопди шарпасиз.
Олам ҳам,
Одам ҳам уйқуда эди.
Оқшомда танuилган пашшахоналар
Сузиб бораётган елканлар каби
Оқариб турарди олис-олисда.
Новдага тўшини босган қушчалар
Ҳали етилмаган мева ёнида
Туш кўриб ухларди тонг чеҳрасини.
Кўзи ҳозиргина илинган итлар
Fингшиб қўяр эди уйқуларида.
Қўрuонларга ҳамла айлаган туман
Жуда қуюқ эди --
Кучи етмас эди унга шамолнинг.
Уни чопқи ила бўлмасди чопиб.
Супуриб бўлмасди супурги билан.
Борлиқ туман эди,
Тўзон ва uубор.
Ҳайқира бошладим:
-- Атрофда ким бор?
…Офтоб ҳовучидан тўкилган оҳанг
Оламни эркалаб уйuотганида,
Fаройиб тилсимнинг ечимин билмай,
Чулuаниб ётарди қишлоқ туманга.
Фақат узун-узун тераклар учи
Ҳали енгилмаган лашкар туuидай
Ҳилпираб турарди осмонни йиртиб.
Одамлар юзида таҳлика эмас,
Ҳали зоҳир эди осойишталик.
Гўёки табиат қишлоқ аҳлининг
Синаб билмоқчидай сабр-тоқатин,
Fалати томоша кўрсатган, холос.
Гўёки борлиқнинг юзи ёришгач,
Ҳар битта эшикнинг зулфини қоқиб,
Кимдир бахт улашиб чиқадигандай.
Ҳолбуки, кун кечди.
Ундан кейин ҳам
Туман аримади қишлоқ бошидан.
Қушлар учиб кетди, қиров қоплаган
Бўм-бўш инларининг кечиб баҳридан.
Бўридай увиллаб юрган итларнинг
Кўринмасдан қолди энди қораси.
Важоҳати бузуқ мушуклар эса
Еру кўкка сапчиб, эшикни тирнаб,
Ўқ каби отилиб чиқди кўчага.
Фақат
Одам қолди туман ичида.
…Кимга арз этайлик, кимга юкуниб,
Кимнинг этагини босайлик юзга?
Кимга етмаяпти бир пайса савоб,
Ким йўл топиб берар биздай йўлсизга?
Атроф оппоқ туман, бошимиз тегар
Кўринмас оламнинг деворларига.
Ким таскин беради осмон ва ернинг
Фарқига бормаган беморларига.

2.
Қирқ кун туман ичра қолган гўшанинг
Овозаси кетиб етти иқлимга,
Афсунгар, фолбинлар, кўзбойлаuичлар
Қадами узилмай қолди қишлоқдан.
Ва лекин фалакнинг бундай ёзмишин
Англаб етмоқ учун ожизлик қилган
Найрангбоз тўданинг uазаб, нафратдан
Бўuриққан юзлари қишлоқ аҳлининг
Шундоққина кўзи олдида бирдан
Ўзгара бошларди аянчли тусда.
Маuлуб бўлган чоuи ўзидан эмас,
Ўзгадан ўпкалаб юрмоқни афзал
Билган бу одамлар қовоuин уюб,
Қўлларини силтаб, лаш-лушин йиuиб,
Тарқалиб кетишди турли томонга.
Яна ёлuиз қолди
Одам ва туман.
Яна ёлuиз қолди, ҳар куни тоuдан
Ўтин териб эмас, қоп-қоп туманни
Орқалаб ортига қайтган ёсуман.
Ҳолбуки,
Атиги икки чақирим
Нариги қишлоқда ўзга эди ҳол.
Осмон тиниқ эди, туман, тўзонлар
Айланиб ўтарди унинг ёнидан.
Гоҳида одамлар юмушларидан
Бир зумга алаҳсиб, бошларин чайқаб,
Қараб қўйишарди Туманқишлоққа.

3.
Еру кўкни туман қоплаб, халойиқ --
Йўл ахтариб, топмай юрган кезларда,
Қишлоқ четидаги кулбада ёлuиз
Умр кечирарди муршиди комил.
Тариқат йўлига кирган ул ориф
Огоҳ эди элнинг кечмиш, ҳолидан.
Шу боис,
Қошига келган улуснинг
Арзини хотиржам тинглади, лекин
Кўксидаги қайuу, ҳасрат оташи
Куйдириб борарди жисми жонини:
-- Сизда гуноҳ йўқдир…
Қирқ кун ўтириб,
Тагига етмоқчи бўлдим бу сирнинг.
Китоб варақладим, гоҳ мулоҳаза,
Гоҳи мушоҳада қилдим уззукун.
Умрим саҳфасини варақлаб, афсус,
Кечган ҳаётимдан бўлмадим рози.
Гоҳи ҳою ҳавас сурони ичра
Дунё сувратига бўлиб маҳлиё,
Эшитмасдан қолдим қалб овозини.
Гуноҳим кўп эди --
Нафси ҳайвоний
Ақлмас, шайтонга қилиб итоат,
Мени банди айлаб, судради чоҳга.
Буни кеч англадим…
Ҳақ зикрин қилиб,
Ўз нафсимга қарши бошладим жиҳод.
Ҳозир ҳам бу кураш бир зум тўхтамас,
Гоҳида енгаман, гоҳ енгиламан.
Ҳозир ҳам кўзимни тўсган ҳижобни
Йиртиб юбормоққа етмайди кучим.
Ожизман,
Шафқатга зорман, муҳтожман.
Ўзи муҳтож бўлган мендай бандадан
Тадбир сўрамоқнинг борми ҳожати?
Билмадим…
Эҳтимол, ҳаром луқмадан
Ор қилсак топилар дарднинг чораси?
Эҳтимол, кимнидир чалиб йиқитиб,
Тантана қилмоқдан воз кечсак агар,
Эҳтимол, қалбимиз сирли эшигин
Таважжуҳ, зикр ва фикр, саодат
Калитлари билан очиб бирма-бир,
Дўсти азиз ишқи билан тўлдирсак,
Ташна бўлиб ётган кўнгил жомини,
Эҳтимол, сувратдан юз чандон гўзал
Бўлса эди бизнинг сийратларимиз,
Эҳтимол, қувuинди қилсак юракдан
Таъмаи балони, кибри ҳавони,
Эҳтимол, ўшанда
Қишлоқ осмони
Тоза бўлар эди дил ойнасидай…

4.
Ул соҳиби ҳолнинг эл-улус билан
Суҳбати етмасдан ниҳоясига,
Кўнглимнинг uуборин юва бошлаган
Ривоят тўсатдан тугади. Тамом.
Бироз шошиб қолдим…
Шу пайтга қадар
Ўқиб чиқдим турфа ҳикоятларни.
Ибтидоси мавжуд бўлгани каби
Бор эди уларнинг хотимаси ҳам.
Лекин ўртасидан туйқус узилган
Ривоят, нақлга келмагандим дуч.
…Кейин нима бўлди?
Жавобсиз савол
Ҳозир ҳам бузади ҳаловатимни.
Ҳозир ҳам ипларни боuлай олмасдан,
Ўзимдан ўпкалаб,
Бошимни қучиб,
Ухламай чиқаман мук тушиб ерга.
Ўйлайман, эҳтимол, ориф каломи
Барчани ўзининг ҳолидан воқиф
Айлаб, етаклаган камолот сари.
Балки манглайига муштлаб оломон,
Кўз ёшлари томган кўч-кўронини
Аравага ортиб, бир-бирин туртиб,
Кўчиб ҳам кетгандир ўша қишлоқдан…
Баъзида сочилган фикримни жамлаб,
Ушбу ривоятнинг хотимасини
Ёзмоқчи бўламан, очиuин айтсам.
Фақат бир андиша тўсар йўлимни --
Балки, ишқ бодаси сармаст айлаган
Дили гўё ориф, соҳиби сухан
Етказар нақлни ниҳоясига.
Эҳтимол, туманнинг ичида қолган
Қишлоқнинг борлиги ёлuондир асли.
Эҳтимол, улуснинг қалбига туман
Ҳеч қачон чўкмасин, деган ўй билан
Тунни тонгга улаб, хаёлга ботиб,
Кимдир тўқигандир бу ривоятни.
Билмадим…
Ҳар ҳолда, Оллоҳ арқонин
Маҳкамроқ ушлаган фақр банданинг
Ушбу ривоятми, афсона ҳақда
Тайёр хулосаси бўлса, ажабмас.
Мен эса…
Илоҳий сирлар маҳзани --
Қалбининг доuини юва олмасдан,
Гуноҳи солинган оuир қопини
Ҳар куни орқалаб,
Юз-кўзи терлаб,
Тўрт қадам нарини кўра олмаган,
Туман ичидаги одамман, холос…

2010.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (07.01.2013) | Муаллиф: Авлиёхон Эшон
Кўрилди: 1516 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 додхо   (02.02.2013 03:38) [Материал]
райхоний ранг канака ранг?
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0