Жума, 20.09.2024, 02:08
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

ХАЁЛ
Матлуба МУҲИДДИНОВА

ХАЁЛ
Моҳтоб чертади дарчамни унсиз,
Юлдузлар кўзимда тунамоққа шай.
Мен-чи хотирингга кўмилиб сенсиз,
Чўли ироқ дастидан йиғлаётган най.

Нигоҳинг талашар қай бир нигоҳни,
Табассуминг – лабимда ёрилган қўшиқ.
Адашиб кўксингда синган сўроқни
Ютар томоғига қай битта бўшлиқ.

Кетдинг: гулханларим баландроқ дилда,
Оқлаган хаёллар оқаверади.
Юраккинам исминг кўз ёрган гулда
Хазонлар ўпиб ёнаверади.

ТОШ
Майли, вужудимда ўсаверсин тош,
Дош бериб йилларнинг дағдағасига.
Отгали исмини атайман Бардош
Дайди ғуссаларнинг қаҳқаҳасига.

Майли, вужудимда ўсаверсин тош,
Дилга бутхоналар кирмагай кўчиб.
Исмини атайман Ҳақиқат, ундан
Талончилар руҳим кетолмас ечиб.

Майли, вужудимда ўсаверсин тош,
Қиёмат кунига қўяман асраб.
Исмини атайман Муҳаббат сулув,
Ўлсанг, мозорингда туради йиғлаб.

***
Бас, энди сўзлама
таъналарингга
Кўзларини сузиб ўтолмагай кун.
Бахт деб ном қўйганим – азобларингга
Азоб бериб кетмоғим мумкин.

Тиз чўкиб турибман:
ишонч сеники,
Оёқсиз қоламан токи қиёмат.
Совуқ пешонамга кўп кўрса худо,
Аразлаб кетмасин диёнат.

Орқага қайрилмас
ҳориган қуёш.
Армонлар танглайда тилинг туяди,
Сенсиз қолган куним балки кун бўлар.
Муҳаббатсиз қолсам куяди.

СЕВГИ
Индолмайман: хижил бўлади сукут,
Тортинчоқ экишни ё ёполмайман.
Бисотимни титиб анчадан бери
Сизга муносиб бир сўз тополмайман.

Камбағал исмим ҳам, қамбағал чирой,
Омад кўчангизда от чополмайман.
Кўзингиз тунига кириб боргани
Муносиброқ либос ҳеч тополмайман.

Келасиз, тиз чўкиб қайта ва қайта,
Журъат ўчоғига ўт ёқолмайман.
Ишқим ўлчами йўқ, руҳимда – кенглик,
Тутгани бир дуруст қўл тополмайман.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (08.09.2012) | Муаллиф: Матлуба Муҳиддинова
Кўрилди: 692 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 хакпараст   (19.11.2012 23:33) [Материал]
Матлубахон, яна шеърлар ёза бошлаганингиз муборак! Факат шу...узингиз тушунасиз...исломга кайтишлик хам саодат!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0