Жума, 20.09.2024, 02:11
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Кўзингни юм, кўзларингни юм.
Илаш ТЎЙЧИ

Биз ўтармиз, ғамгин дарё,
Бағрингдаги қайроқ қолур.
Хазон бўлган юраклардан
Илоҳий бир титроқ қолур.

Биз ўтармиз, яхши-ёмон
Ичра қораю оқ қолур.
“Кетдингми?”- деб ортимиздан,
Бевафо бир сўроқ қолур.

Биз ўтармиз, ғамгин дарё,
Ёвуқми ё йироқ қолур.
Диллар узра айрилиқдан
Парча-парча ямоқ қолур.

Биз ўтармиз, куну тунлар
Муҳаббатдай уйғоқ қолур.
Бағримизни тзлдирганча
Садоқатли титроқ қолур.

Биз ўтармиз...

***
Вужудингда йиғлаган ишқнинг
Оҳига чўм, оҳларига чўм.
Тийнатингга етмоқ истасанг,
Кўзингни юм, кўзларингни юм.

Ўн саккиз минг олам элининг
Нигоҳлари қуршайган бир зум.
Гар кавокиб сайрин тиларсан,
Кўзингни юм, кўзларингни юм.

Қароғингда йиғласа осмон,
Юрагингни шамс дилига кўм.
Пойинг узра тиз чўкар жаҳон,
Кўзингни юм, кўзларингни юм.

Аё, Румий тариқатидан –
Тўкилади ҳикмат тўла хум.
Зиё тушсин ҳур хилқатингдан,
Кўзингни юм,кўзларингни юм.
***
Ярим тун,
Хаёлим изғийди,
Энг ёруғ кунларнинг қатида,
Шеър излаб яшайман ошиқдай,
Юракнинг қўл етмас тахтида.

Ярим тун...
Боғларнинг нафис юраги,
Япроқлар эртагин сўйлайди.
Биламан қайдадир бир юрак,
Менинг соғинчимни ўйлайди.

Ярим тун.
Гиёҳлар шивири
Жонимга жон каби ботади.
Шеър излаб яшайман ошиқдай,
Мени тонг отади, отади...

Ярим тун...
Хаёлим изғийди.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (28.08.2012) | Муаллиф: Илаш Тўйчи
Кўрилди: 781 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 хакпараст   (19.11.2012 01:10) [Материал]
Ростдан хам шу шеърларни Илаш Туйчи ёзган булса койил! Аммо ёзганмикан?!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0