Жума, 20.09.2024, 02:10
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Шеър ҳақида сўрма Шоирдан
Аъзам Раҳим (Абдуразаков) 1971 йил Ўш шаҳрида туғилган.
1978-1986 йиллари Ўшдаги 23-ўрта мактабда ўқиган.
1986-1990 йиллари Ўш қурилиш техникумида таҳсил олган.
1991- 1997 йиллари Фарғона Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
1991 йилдан буён мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради.
Қирғизистон маорифи аълочиси.
Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Сабр чечаклари» (1995), «Ялдо карвони»(1999), «Шаҳсувор туйғулар» (2005) шеърий тўпламлари муаллифи.

ШУКРОНА

Эврилар,
Эврилар,
Эврилар кўнгил.
Буюк кенгликларнинг уфқида мудом.
Гўдакнинг ғунчадай лабида кўрдим
Ҳайратнинг сатҳига сиьмаган ором.

Энди
Мувозанатин йўқотиб қўяр
Эркин ҳаволарда муаллақ ўйлар.
Чиркин ташвишларим ўзини сўяр.
Умидим бўйлари осмонни бўйлар.

Кунларнинг тилида муқаддас оят.
Сўзимга кўчади шукрона калом.
Тунлар оромида фақат муножот,
Тазарру боьларин кезиб бардавом.

Ҳар бир қарич ерга экиб кетаман
Хокисор илинжим уруғларини.
Очиқ қўллар қазган ариқчаларда
Оқизиб кўзимнинг шўр сувларини.

Ҳидоят нуридан талпиниб қалбим
Осойиш юртида кезади масрур.
Оралиқ оламнинг ҳайратларига
Кўзини чирт юмиб кетади мағрур.

Ризолик қидирган илинжим тили
Бутун вужудимни турар титратиб.
Йўқотган китобим топиб олдимку,
Баьримга босаман гардини артиб.

Энди фикру ўйим сарҳадларида
Илоҳий шукуҳдан юрак парвона.
Гарчанд тилим лолу ҳайрон турса-да,
Ундан таралади садо – шукрона…

ХХХХХХХХХ

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Кўзимга термулиб ўтирса кўзим.
Ҳою ҳаваслардан йироқроқ узлат.
Сўзимга эврилиб турса, бас, бўзим.

Дўст ҳиёнатидан ёқилган олов
Тафтида тобланиб турмаса ьаним.
Кўнгил маслагига қўйилган тушов –
Иблислар ҳамласи букмаса қаддим.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Еру осмон узра таралса ифор.
Товланмаса бунда сурату сийрат.
Ноҳақликдан юрак топмаса озор.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Эзгу ўйлар бўлса факат ташвишим.
Суҳбатдошинг бўлса оқ самимият.
Сўзланмаса сўзлар сохта, оташин.

Бир хилқат излайман,
хаёлий хилқат.
Кўнгил тубидан-да чуқурроқ тилсим.
Излаб-излаганим биламан фақат,
Яратган амрида топиш, топмасим…

16.06. 2006 . 14-40.

Даврон Ҳотамга

Шеър ҳақида сўрма шоирдан.
Дардни сўра, аламни сўра.
Хотиралар ёзиб чарчаган
Қалб дардкаши қаламни сўра.

Шеър ҳақида сўрма шоирдан.
Ловуллаган оловни сўра.
Юракдаги улкан минордан
Балқиб турган яловни сўра.

Шеър ҳақида сўрма шоирдан.
Руҳ исинган маҳзанни сўра.
Тил учида айтолмай қолган
Таърифи йўқ масканни сўра.

Шеър ҳақида сўрма шоирдан.
Сукунатнинг тилсимин сўра.
Қаердадир унутиб қўйган
Шеърнинг сўнгги қисмини сўра…

КАЙФИЯТ

Ҳали хаёлимда орзулар тирик,
Бардошнинг бошига ёққан эмас қор.
Юракнинг қатига қадалган гулнинг
Югурик ўйлари тўқийди ашъор.

Отаётган тонгнинг ҳарир пардаси
Мудроқ туйғуларни турар силкитиб.
Тунлар сочларини таратиб ойга,
Интизор кўзлар-ла туради кутиб.

Фараҳ ой юзидан бўсалар олиб,
Ровийлар кўшкидан келтиради нур.
Демак,
умидимнинг йўллари равон,
Тонгнинг насимида туғилажак ҳур.

Демак,
кўзларимга сурур бахш этган,
кунларнинг сафига сафдошдир шукуҳ.
Орзулар раҳида ўсгувчи гулнинг
Бугуни сўлимдир,
эртаси ёруғ.

ххх

Дарё - кўнгил,
соҳилида чечак унар.
Саҳро - юрак,
томирида оташ ёнар.
Осмон - бағир,
кўз илғамас сарҳадларда
тумшуғида ҳулво тишлаб қушлар учар.

Эвриламан дарё, саҳро, осмонларга.
Тушларимда деворларим нураб борар.
Ҳеч тинмасдан ёмғир ёғар,
ёғаверар.
Йўлакларим юрагимга ариқ қазар.

Пўртана сув оқиб борар,
оқаверар.
Юрагимнинг кенгликлари зардоб йиьар.
Тўлиб-тошиб йўл қидирар қайтмоқликка,
Бир чеккадан зилол сувлар сизиб чиқар…

ЯПРОҚ

Тўкилар пойингга куз япроқлари,
Сен бемалол уни босиб ўтасан.
Қизиқтирмас сени чеккан оҳлари,
Борлиқни титратиб ўтиб кетасан.

Сўнггиси сочингга осилиб қолар,
Бўйингга маст бўлиб тебранар телба.
Сен юлиб оласан,
олмасанг агар,
У юрак остига урар бир зарба.

Қўлингда ғижимлаб эзасан аста,
Минг битта бўлакка бўлинар япроқ.
Бир дарахт қолади –
юраги ҳаста,
Сочларини юлиб қолади бир боғ.




Манбъа: http://www.ijod.uzbek.kg
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (17.03.2013) | Муаллиф: Аъзам Раҳим
Кўрилди: 893 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 Абдурахим   (26.03.2013 21:34) [Материал]
Аъзамжон туби  жўшкин сокин дарёга ухшайди...
0  
2 Шодиена   (08.05.2013 15:09) [Материал]
Менимча махзун шеърлар...
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0