Жума, 20.09.2024, 02:21
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

СИРЛИ ПАРДАЛАР
Авлиёхон ЭШОН


Авлиёхон ЭШОН 1957 йилнинг 15 сентябр куни Ўш вилояти Лайлак туманидаги Андархам қишлоғида таваллуд топган. Дастлаб шу ердаги,сўнгра Овчиқалъача қишлоғидаги 37-Ўрта мактабда таҳсил олган. 1978 йили Ленинобод давлат педагогика институти (ҳозирги Хужанд давлат дорилфунуни)нинг тарих филология факултетини битирди.
1991 йили Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида«Тунги тиловатлар» номли илк китоби нашр этилди. Кейинги йилларда «Қайғу гули» (1995), «Қўшқанот» (2004), «Тилсим» (2006), «Кўзгу ичида» (2008), «Сирли пардалар» (2009), «Яхшилик» (2011) номли китоблари, кичик мактаб ёшидаги Ўқувчиларга мўлжалланган «Уч улоқча қўшиғи» (2010) ва «Қуёнбола туш кўрди» (2012) номли тўпламлари босмадан чиқди. Қирғиз ёзувчиси Нуумон Саадининг «Ўзлигингни унутма,Одам боласи!» номли қиссасини таржима қилган.
2009 йили қирғиз оқини Қурбонали Сабиров номидаги адабий мукофот соҳиби бўлди. Лайлак туманидаги Арқа қишлоғида истиқомат қилади


ВАЗИФА


Мен ўзимни енгишим керак!
Бунинг учун етарли асос--
Бу ёруғ дунёга
Ўзгани эмас,
Ўзимни енгмоққа
Келганман,
Холос.

1997.


ОЧУН


1.
Бу ислимий икки чизиқни
Қўймайин деб тўсатдан бузиб,
Бу аёлнинг қошига ҳаттот
Қилқаламни олган юргизиб.
Бирам нозик бармоқлар билан
Эшилган тун—қора сочлари.
Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улгу ўғирлаб,
ТЎлишади осмонда ойлар.
КЎзларида аксим кўрай деб,
КЎзгу аёл нигоҳин пойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб,
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.
Юрагимни сеҳрлайди ишқ—
Мулкни талар ҳижрон қўшини.
Қафасидан айро жон қуши
Ойинага урар тўшини.
Кўзларимдан қора боғични
Ечиб бўлмас—аёл талаби.
Унга таслим бўлурман, бирдан—
Бузилади юрак қолаби.
Бармоғига жонимни ўраб,
Етаклайди, унинг қулиман.
Кўкрагимни тўлдирган ҳаво
Жисмим ердан узар, куламан.
Бу аёлга кўнглимни боғлаб,
Тортилади саноқсиз ришта.
Бу ҳам энди мағлуб бўлди деб,
Оҳ чекади қирқта фаришта.
Энди аёл—ғолиб малика,
Ёйиб ташлар сарват, сепини.
Сувга шўнғиб тошлар тераман,
Маҳкам тишлаб қармоқ ипини.

2.
Бу аёл дор остида
Ўйнаб, тизади маржон.
Маржон тоши тош эмас—
Ип тишлаган қирқта жон.
Борми малҳам истаган
Юрагин ямоғига,
Келсин, хино қўймоқчи
Бу аёл бармоғига.
БЎлса агар харидор
Толим-толим сочига,
Дил қонин суртиб қўйсин,
Аввал дор оғочига.
Кимдир боқиб кЎзига,
Қолмоқ бЎлса ёдида,
Икки қабоғин ситиб,
Майдаласин жодида.
Бор бЎлса талаб аҳли,
Кирмасин олов-ўтга,
Жисмин кафанга ўраб,
Солиб келсин тобутга.

2009.


РУМИЙ


Улкан Кўзгу, улкан Кўзгу,
Кўзларингда акс этай.
Руҳимда Ишқ гулхан ёқур,
Теграсида рақс этай.

Бу қасрни куйдирган ул
Ўт ичинда чўмилдим.
Улкан Кўзгу, қорачиғинг
Уммонига кўмилдим.

Ишқ туғилди-- Мен йўқолдим,
Гулим, сендан "оҳ" қолур.
Қалб ўрнида бизни ютган
Осмон каби чоҳ қолур.

Улкан Кўзгу, соя бўлдим--
Очун йўқдур-- Очун бор.
Дил кўзига тошлар отган
Ўз танамда ўчим бор.

Юз йил кутай, очилгунча
Дарчаларнинг кўзлари.
Улкан Кўзгу, юзларингда
Қолди қайғум излари…

1997.

МУҲАББАТ

Кўксимга сездирмай кирган оққушлар
Кўзлар косасида элтадилар сув.
Оппоқ булутларни кийган юрагим,
Соғинч дарёсида юзларингни юв,
--Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат—Сулув.

Шафақранг қадаҳга чўмилган булбул
Оқшомгул баргидан ёзар дастурхон.
Шамоллар силкитган кўк дарахтининг
Тилло сандиғидан тўкилади дон,
-- Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат—Дармон.

Суви қочиб кетган қудуқлар ичра
Эрийди гуркираб ўсаётган тош.
Туннинг шохларига ўзини осар
Ғамзада армонлар кўзларида ёш,
-- Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат—Бардош.

Меҳрибон парилар тегрангда учар,
Гул сочиб самовий сурмаранг тахтдан.
Кўзимда чақинлар юклаган кема
Умид соҳилида кўтарар елкан,
-- Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат--Ватан!

1987.

ОҚШОМ ТАШБЕҲЛАРИ

Оқшомгул ёқади чироқларини,
Қоп-қора кўйлакка сачраб кетар чўғ.
Дарахтлар туширар байроқларини,
Шамолнинг қўлида яроғлари йўқ.

Қумғонлар аёлдай оловга кирар,
БЎйнидан тЎкилар дурри маржони.
ШЎх сувлар илдизга қараб югурар,
Бармоқлар тафтидан яйрайди жони.

Устунлар ўраниб олар чопонга,
Ҳовлини айланиб сўз юрар--илиқ,
Сачратиб исини ҳамма томонга,
Хокандоз ичида ўйнар исириқ.

Бошига ёқутни қадар осмонлар,
Ўт-ўлан яширар оққушларини.
Супалар устида ўтирган жонлар
Дуога тўлдирар ҳовучларини.

Сузмалар халтаси олма шохидан
Тупроққа тўкади қайғуларини.
Ҳурлари гул териб кўнгил боғидан,
Қийиққа тикади туйғуларини.

Оқшом ўтиб кетар. Тушиб келар тун.
Fичирлаб бўшайди эски сўрилар.
Ўчоқлар бошидан ҳайдалар тутун,
Одамдай қорайиб турар мўрилар.

1993.

АЗИЗ САИДГА АРЗИ ҲОЛ

Пешонамни тилкалар Омоч.
Чақалоққа ном қўйдим—Армон.
Учиб кетар яшил қалдирғоч.

Қўшчи ботиб борар тупроққа.
Тиззасини куйдирар қайғу.
Юрак тушар бирдан титроққа.

Бошоғидан қулаб тушар дон.
Ердан сизиб чиққан сув—қайноқ.
Дастурхонда тишланмаган нон.

Бахтнинг музлаб борар танаси.
Кўзи очиқ катта ғалвирда
Қовурилган буғдой донаси.

1991.

СИРЛИ КЕЧА


Тун ярмида уйғониб кетдим,
Ой кўринди осмондай улкан.
Юракдаги музлар устида
Ҳурлар ёқиб ўлтирар гулхан.

Умр бўйи кўнглимга ботган
Қора тошлар ғамдай ёрилиб,
Учиб чиқди улар ичидан
Қумри қушлар нурга қорилиб.

Юрак қизир чирманда каби--
Қанотларин теккизди малак.
Вужудимга қондай югурган
Куйларга рақс тушди капалак.

Бу кечада осмон оқарди,
Ойга боқсанг, кўринар аксинг.
Ҳеч ким билмас, ям-яшил майса
Илдизига сув бўлиб оқсанг.

1994.

* * *

Юрагим тонг каби борар ёришиб,
Ўчади қорайган эски доғлари.
Илоҳий зиёга сокин қоришиб,
Мевалар тугади кўнглим боғлари.

Руҳимнинг боғланган занжирин узиб,
Саодат бошимга қўнмоқда балким.
Кўксимнинг ичида тинчимни бузиб,
Тонггача ухламай юрди аллаким.

Ишқ келди—боримни бирдан унутдим,
Дийдамда порлади қайтадан ёлқин.
Ўзимдан бир қадам олдинга ўтдим,
Ўзимни ўзимга қилурман талқин.

Ҳижрон, қўлларингни бошқа узатма,
Энди бу юракка келолмайсан бас.
Музлаган тош бўлиб кўксимда ётма,
Арқонни узарман одам каби—маст.

Ё, Оллоҳ, ҳаётбахш насимлар эсиб,
Нурга ғарқ бўлмоқда юрак ичлари.
Оламнинг кўринмас сарҳадин бузиб,
Руҳимга қўнмоқда севги қушлари.

2004.

* * *

Мен кимман?
Лаҳзага тенгми ҳаётим,
Ўзимни нимага айирбош этай?
Юрагимга етиб борсин деб додим,
Ёқамданми тутиб, қаттиқ силкитай?

Ё гулхан ичида терисин ташлаб,
Қочган илон каби қутқазай жонни?
Юрак бўғзидаги тошни тарошлаб,
Бузиб чиқайинми қадим зиндонни?

Илдиздай пармалаб борайми ерни,
Бўлайми қушларнинг ширин озиғи?
Ҳовучимда олиб келиб ёмғирни
Тўкайми, кўкарсин ернинг қозиғи?

Хазон ҳиди келса еру осмондан
Совуриб олайми ўзимни елга?
Қочайми оёғим олиб жаҳондан,
Ўлсам, ўлайинми чўкиб кўнгилга?
Мен кимман?

2005.

СУВ ПАРИСИ

Сув париси, томчилаб
Найсон ёғса тунлари,
Чайқалур юрагимнинг
Уммони тўлқинлари.
Қаҳрабо садаф териб,
Безаб қўйсанг қирғоқни,
Чағалай чақиб бергай
Сеҳрли чиғаноқни.
Чаноқ ичинда на дур,
На марварид тоши бор.
Ишқ деб куйган ҳур қизнинг
Бир томчи кўз ёши бор.
Ул қиз ўтиб бир куни
Юрагим кўпригидан,
Тўкиб кетди сувларга
Қатра ёш—кипригидан.
Унда сузган балиқнинг
Тилло бўлди тангаси.
ТЎр ташласам, дилимни
Куйдирди алангаси.
Ҳур қиз кечиб ишқидан,
Айландими малакка,
Сингиб кетди уммондан
Сув ичган камалакка.
Дур-гавҳарга айлантир
Тошларини ҳур қизнинг.
КЎз ёши поклаб берсин
Сувларини денгизнинг…

2001.


БУЗДИ ГУЛ УЙҚУСИНИ


Тун ичинда сайраган қуш бузди гул уйқусини,
Бир кўрай деб тонг отмайин ғунчанинг кулгусини.

Ногаҳон келмиш садодан чўчиган ҳур қиз каби,
Қўлидан ерга туширмиш гул ўзин кўзгусини.

Қатра-қатра гулбаргида ичди шабнам сувларин,
БЎлди сархуш сайроқи қуш унутиб қайғусини.

Гул қизарди ўз ҳуснидан, эҳтимол, аҳволидан,
Билмайин ошкор этарга қай йўсин туйғусини.

Бир ажиб ҳолат ичинда бу гўзал ҳолга боқиб,
Сезмади ой ағдарганин кўзадан ёғдусини.

Эй қушим, сен ўргат менга рози дил изҳорини,
Ичмасам дейман ҳажрнинг жом тўла оғусини.

Асли чин шоир ўзингсан, бас, Эшон шогирд тушиб,
Олса арзир қуш тилидан энг тоза улгусини.

2008.

БИР ҲОВУЧ ЧЎF
Ҳаёт---гулхан, юзларимга
Тушди иссиқ сояси.
Вужудимни чирмаб-чирмаб,
Ўйнади ўт толаси.

Олов босиб кечди умрим,
Fам келди кул титгани.
Бир ҳовуч чўғ топилмади
КЎнглимни иситгани.

2008.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (07.07.2012) | Муаллиф: Авлиёхон ЭШОН
Кўрилди: 1276 | Шарҳлар: 4 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 4

0  
1 Ravshan   (09.07.2012 02:57) [Материал]
Bu go'zal satrlar....
Бундай гузал сатрларни укиркан киши рухи канчалар бир майинлик огушига чукади, бу майинликда суз кудратининг яна бир жилоси ва саси бор. Бу сасда биз кангул ва калб изтироблари, замон ва макон ичиндаги эврилишларни туямиз.
Ижодкорга факат тасонно айтмок мумкин холос.....
0  
2 хакпараст   (19.11.2012 01:13) [Материал]
А.Эшонни укиш учун М.Солих, Р.Парфини укилса кифоя. Шеърият олами бундай зур плагиатликка хх асрда учради. ачитнасан киши.
0  
4 developer   (08.03.2013 23:41) [Материал]
Сиз илмни энди урганияпсиз шекилли... Ухшаб турибди, урганиш бошида хамма нарсани биладигандай туюлади...
0  
3 хакпараст   (03.12.2012 23:11) [Материал]
Авлиёхон эшон деганлари бир умр кучирмачилик билан машгул булиб яшади.Эссиз шеърият, эссиз шоир деган суз!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0