Пайшанба, 19.09.2024, 22:37
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қирғизистон » Шеърият

Улуғ мусофир
Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, курилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлаган. 1973 йилда Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтини битирган. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ҳамда бўлим бошлиғи (1975-1982; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим (1982-1984) бўлган.

Илк шеърий тўплами – “Рангин лаҳзалар” 1978 йилда чоп этилган. Шундан кейин шоирнинг “Юрак қирралари”(1981), “Очиқ кунлар”(1983), “Гуллаётган тош”(1984), “Уйғоқ тоғлар”(1986), “Хулво”(1988), “Сайланма”(1997) тўпламлари босилиб чикди.

Шавкат Раҳмон машҳур испан шоири Федерико Гарсиа Лорканинг шеърларини дастлаб рус тилидан, “Лорка. Сайланма”(1979), кейинроқ эса испанчадан ўзбекчага таржима қилган. “Лорка. Сайланма”(1989)

Шунингдек, у Хуан Рамон Хименес ва Рафаэл Алберти шеърларини ҳам испанчадан ўзбекчага ўгирган.

Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон 1996 йилнинг 2 октябрида узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этган эди.

ХИРГОИЙ

Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз,
қачон тиз чўкувдик, ҳамон иззамиз,
сирқираб оғрийди шишган тиззамиз,
ўриндан озгина турсак майлиму?

Ўтганлар бари бек, қолган жавдирар,
гардинда кўринмас ғуллар шалдирар,
меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар,
ўз беким ерида юрсак майлиму?

Насимлар гулламиш озод тоғларда,
озодлик муждаси сўлу соғларда,
боболар қийналиб тиккан боғларда
ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?

Неча минг аллома, жўмардлар ўлган,
тафаккур сасиган,
руҳлари сўлган,
уруғлар айниган тап-тақир чўлда
ўз беким давлатин қурсак майлиму?

Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат,
ҳануз давом этар маккор тижорат,
билмадим, қаердан ушбу жаҳолат,
нега сиз бўлмайсиз сира хижолат?
Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!

ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади...
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади... қолмади довлар.
Хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда...
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

ТУХМАТ

Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
энди бутун дунё билар бу ҳақда.
Қандай мўмин эди,
қандай яхшийди
анқайиб жимгина терганда пахта.
Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам? —
юксак қалъалардан боққан ўғрилар
улкан мамлакатнинг бутун айбини
содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб.
Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди,
майдонларни босди бир ювош зулмат.
Шоирлар уйғота олмаган элни
уйғотиб юборди маломат, туҳмат.
Кеча ўғри бўлди, бугун ваҳшийдир,
бўҳтонга кўмилиб турар асабий.
Ўзин майдонларга сиғдира олмас,
болалар қонига ўтар ғазаби.
Яхшилик туғади, ёмонлик ҳам гоҳ,
бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб,
бугун ҳам саҳардан қаро шомгача
жимгина илжайиб терарди пахта.

ШАРҲИ ҲОЛ
Шуҳрати сочилди бодияларга...
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда
тинимсиз айланар чирқираган руҳ.
Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
илинждан ўзга бир туйғу сиғмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади
Фитналар домида пишган зулмдан
айвсиз босилди қўзғолган ёдлар,
ўзликни топтаган маккор илмдан
кулгуга айланиб кетди фарёдлар.
Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
юз йиллик адоват заҳрини қусиб;
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.
Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур,
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.
Туркистон —
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чирқирар...
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги махлуқот...
Демак, бор,
баҳайбат зулм бор ҳали,
ҳали бор одамни қувган овчилар,
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар,
шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг,
ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга.
Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар,
жигарлар йўлинда темир тиканлар,
гадолик илмини ўргатар энди
аждод-авлоди-ла босиб шилганлар.
Бурғулар чириган...
занглаган тиғлар...
итлар томоқ ичар олтин тожидан,
мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.

УЙҚУ

Халойиқ ишонди,
кўз ёшдан ийди,
айбдор болтамас,
айбдор кунда.
Қасосин олмоқдан ўзини тийди
жаллодлар ниқоби йиртилган кунда.
Кон қўлида сузар бедод салтанат,
барча тафсилотин, қани, ким ёдлар?
Бу содда халойиқ мунча алданар,
пихиллаб кулади энди жаллодлар.
Ўтар ошкоралик ҳаш-паш дегунча,
келажак кўрсатар ким кулар, йиғлар,
милён айғоқчилар далил тергунча
қайралиб турса, бас,
исфаҳон тиғлар.
Қайдадир
булбуллар толиқиб сайрар,
ҳавода учгандай милён малойик.
Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар,
уйқуни уради шўрлик халойиқ.

КЕНГЛИК соғинчи

Армоним улғайди...
кеча сўйлардим —
қанийди бўлса деб бирорта мард дўст.
Бугун қон йиғларман —
денгиз бўлсайди,
бўлсайди улуғвор уммонларга йўл.
Армоним улуғдир...
кўзёшим улкан,
ўлсам, жасадимга юртим тўлажак.
Сўнгги зурёдимни заҳарлар қуллар,
сўнгги чечакларим айниб сўлажак.
Эй, беклар,
заҳар ич — ўзбегинг қолиб,
ўзгага бўйсундинг,
ўлганинг шулдир.
Шунданми, бошида теридан қолип,
саксовул сингари майишган будун.
Бир саҳро...
самога тикилар банда...
эрюзли хотунлар...
хотун юзли эр.
Ўзликни ўстирай,
борми маҳзанда
хоинлар сийдиги сачрамаган ер.
Ҳой, одам, ким эдинг,
топган-тутганинг
бир бўлак ёмбимас,
қўрқинчли безак?!
Шоирлар сиғинган ўшал юрт қани?
Эрким деб тутарсан бир парча тезак.
Денгизга қуйшлмас бирорта дарё,
қумлар қамалида бижғиган диёр.
Бу йўлнинг сўнгида бир улкан фарёд,
бир ўлим, баҳайбат битта ўлим бор.
Йиғласанг йиғлагин
битта денгиздай,
жондан тўйган бўлсанг,
уммон каби ўл,
чунки бир денгиз йўқ тақир кенгликда,
чунки йўқ улуғвор уммонларга йўл.

БУЗИЛГАН ДЕВОРЛАР

Қадимда
мевалар етилган пайтда
савоб деб яшаган комил аждодим
мусофир чанқоғин боссин деб атай
бузиб қўяр экан боғлар деворин.
Эрон даштларидан Хитойга қадар
девори бузилиб ётган боғ эди,
бу боққа мусофир кирган дафъада
астойдил севинган элим бор эди.
Бор эди
бу элнинг худо безаган,
камолга туташган олтин чоғлари,
қарғишлар қарғадай қўнган ерлардан
қалтираб ахтардим ўшал боғларни.
Ахир, ер ютдими...
комил инсонлар
қолдими сарғайган афсоналарда?
Метин деворларда — чақиртиконлар,
қулфлар шодаси — дарвозаларда.
Бир қўлимни бердим, есин чаёнлар,
бошқасин узатдим каламушларга,
юрагим гулларин отдим аямай
кўзлари қотирма падаркушларга.
Битта гул юзига юзимни босиб,
оғринган чоғимни тоғлар кўрмасин.
Энди бу ҳолимни мозийдан тошиб,
девори бузитган боғлар кўрмасин.
Гирватдай айланар зулм дунеси...
қаъридан анқирди қора тер ҳиди,
гўёки бу қадим йўллар худосиз,
гўёки бутун бир элим берк эди.
Берк эди,
берк эди,
чексиз деворлар
ичида инграрди чексиз бир шўрлик,
тинимсиз муштладим дарвозаларни,
ошиқ қўлларимни қонатиб бўлдим.
Ошиқ кўзларим ҳам....
ёвуз чақнаган,
кимнидир сўкаман, бандаи ғофил,
ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган
шўрлик мусофирман,
улуғ мусофир.

ИҚРОР

Рубобий шеър ёзсам...
қайтсам бир нафас...
ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,
қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас хаёлчан ўсмирга дўнсам.
Воҳ, ўшал лаҳзалар...
ўтдими буткул
гунафша атирли тансиқ туйғулар,
саҳарги боғларни уйғотган булбул,
ойларнинг нурларин элаган сувлар.
Яшил шажар эдим...
Қандоқ соғиндим...
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим, мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон митлатим дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғордим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Бас, қушлар сайроғи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўиласинлар хўб,
заҳарли титимдан тўкитсин шаккар.
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
Воҳ, ятанг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

ГИРЯ

Бу осмон осмонми,
темир пардами,
бу ёғду синчлари тизитган дорми?
Мунчалар эгилди қора гардани...
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Бу замон кимники,
макон кимники,
қатрон-ла ёпилган йўллар кимники?!
Анордай сочилган қонлар кимники,
бу қонли билаклар, қўллар кимники?!
Ваҳшат кечасида диллар тўкилди,
юзминг бағри вайрон бирдан ўкирди,
жасадга ёлғондан кафан тўқилди,
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Мовийранг равоқли зиндон аршидан
оятлар маржони узилиб кетди,
тағин қон сачраган туннинг авжида
чирқираб йиғлади бир тўда етим.
Вақтнинг шарпадай гунг ғассоллари
сойларнинг йўлларин буриб юборди,
тарқади тамуғнинг шум дажжоллари,
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Ғафлатда кулганлар,
кўксин керганлар,
ёрларин зулматга қўйиб берганлар,
фаришта буваклар кулин терганлар
номус доғин ювар майхоналарда.
Мол-дунё ишқида чандон ўлганлар,
ишратдан юзлари салқиб сўлганлар,
занглаган кишанга меҳр қўйганлар,
димоғин хушлайди райҳоналардан.

Имоним деганлар,
миллат деганлар,
ёвга терс қарамак иллат деганлар,
ўзликка хиёнат қилма деганлар
зор қақшаб йиғлайди вайроналарда.
Йиғласин —
сўнгаклар қисирлаган пайт —
даҳшатдан сарғайган ўт-ўланлардай,
жон қуши бойланган иссиқ лабларда
лаҳзани музлатган гўяндалардай.
Тўрт фасл қоришиб ўтди ёруғдан,
бағримни чаёндай чақди андуҳим,
жўмардлар деганим кечган оғриқдан
дарвешга айланди зулфиқор руҳим.
Неча бор муножот қилдим худога,
нечун сен бунчалар ёлғиз яратдинг,
дилимга бахш этиб тошдай ирода,
кўзимни баҳайбат дардга қаратдинг.
Нечун ўзгаларнинг шандир хаёли —
настарин очилган,
сайрар қумрилар?!
Нечун етимларнинг ўткир фарёди
шажардай чайқалур тасаввуримда?!

Тўрт фасл —
оситган кулфат аршига,
гўёки мудҳиш бир манзилга келдим.
Куйган кечаларнинг қалтис авжида
чирқираб йиғлайди бир тўда етим.

ҒАМГИН ШЕЪР

Умр ҳам ўтгандай...
гўё бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик,
гўё бир нафаслик равшан қуюнда
қалби сўқирларга афсона бўлдик,
қушларни музлатган қора буюқда
соямиз қўшилиб девона бўлдик.

Мармари қўрғонлар оёқларида
умрини ёндирган дарвозабонлар...
қутурган жаҳолат таёқларидан
силласи қуриган дарёзабонлар...
дунёнинг қайроқтош табоқларида
кимларга йиғлади пари саболар.

Отларнинг чириган калласи каби
моҳият рафтори кўринган чоғлар,
ойларнинг увалиб тушган палласи,
юраклар гулини куйдирган доғлар,
кимларга аталган эди файласуф
қоялар бошида қорайган дорлар.

Иғво чечаклари...
фитна боғлари...
салтанат пойидан оққан базмлар,
туҳматни шопирган кунлар новлари,
раққос либосини кийган назмлар,
вақтнинг милёнта кар гўрковлари
эзилиб кимларга лаҳад қаздилар.

Умр ҳам ўтгандай...
наҳот бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик?
Бир нафис гул кўрдик ёвуз жунунда,
орзулаб исмини армона қўйдик,
исми жисмига мос армона бўлди,
бу гулга тикилиб вайрона бўлдик.

Зулм мошинлари...
шайтон сорлари...
шаҳват гирдобида сузган садолар,
кўзлари тошлардай қаттиқ ёрлари
жавҳарин нишолда қилган гадолар.
валилар ўқчиган буюк тонгларни
қай гўрга яшириб қўйди разолат?

Дунёни тебратган зиёбонлар ҳам
кафанга бурканиб фалакка ўрлар,
ўтлардан чинқириб биёбонларда
ваҳшийлар оғзидай очилган гўрлар
ҳақорат сойлари қўшилган жойда
токай қонимизни ичар қонхўрлар?

Саҳро эгалари — ғам тепалари...
зулматда йиғлаган чечаклар дарди,
мозийга йўл солган кун тевалари,
юракнинг туйғудан ёришган қаъри,
вақтнинг шафқатсиз неваралари
қайларга оборар бизларни айриб?

Умр ҳам ўтгандай...
офтоб сўлгандай...
қайғули харсанглар хаёлни эзар,
жаннатни соғиниб ётган чўлларда
қашқирлар галаси қонсираб кезар.
Эй, гулим,
кўзларга ёшлар тўлганда
соямиз қўшилган дамларни эсланг!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Elmurod (28.06.2012) | Муаллиф: Шавкат Раҳмон
Кўрилди: 970 | Шарҳлар: 3 | Рейтинг: 5.0/2

Шарҳлар: 3

0  
1 Samandar   (28.06.2012 14:16) [Материал]
Ёвга терс қараган мусумон эмас!

портлаган сатрлар.
0  
2 УммуМадина   (28.06.2012 18:01) [Материал]
Севимли шоиримизнинг сара шеърларидан намуналар учун ташаккур. Қизиқ, раҳматли шу кунларни кўрганда кандай шеърлар ёзган буларди экан...
0  
3 Рислиғой Ҳотамова   (05.07.2012 14:05) [Материал]
Шавкат Раҳмон шеърияти мени хайратлантириб чарчамайди!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0