Пайшанба, 19.09.2024, 12:58
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Ўзбекистон

Материаллар сони: 93 Саҳифалар: « 1 2 3 4 ... 9 10 »

Назар Эшонқул

(Энг узун туш)

Сен бу дунёга халоскор ўлган куни келган эдинг…

У уч кундан бери туз тотмаган, тобора ҳолсизланар, кўнгли айнимоқда эди. Сўл хиёбондаги таъқибдан сўнг баттар тинкаси қуриб, юришга ҳам мадори қолмаган, ўпкаси куйиб кетаётгандай ачишар, гарчи таъқиб этувчиларни бир соатча олдин чалғитиб кетган бўлса ҳам ҳамон ўзини босиб ололмас, олазарак бўлиб, атрофига қарар, ҳар бир шарпадан чўчиб тушар, ҳар бир қадамини шубҳа ва ишончсизлик билан ташлар, кўп югурганидан шишиб кетган ўпкаси ҳансирар, тиззалари қалтирар ва билинар-билинмас боши айланарди. Бу очликдан эди; у уч кунча аввал шаҳар чеккасидаги ахлатлар уюми орасидан бир бўлак чайналмаган гўшт парчасини топиб олгандан бери ҳеч вақо татимаган ва ошқозони ўзини унутиб қўйганидан норози бўлаётгандай ҳар дам — ҳар дамда қулдираб қўярди. Тушдан сўнг негадир ичи дамлай бошлади. Энди эса бутун вужуди қалтирарди. У ўзи ҳам билмайдиган қандайдир жинкўчадан ўтар экан, уфунот анқиб турган яшилтоб ифлос ҳовуздан қониб ичиб олганди. Йўқ, ифлос сувдан иргангани учун шундай бўлаётгани йўқ. У ифлос ва бадбўй нарсаларга кўникиб қолган. Кечалари билан егулик излаб, ахлат ундуқларини титиб юрар, агар сасий бошлаган бўлса ҳам егулик топилса, ўйлаб ўтирмай паққос туширар, бундан ҳатто вужудида лаззат ҳам туярди.

Унинг ошқозон-у ичаклари худди айиқнинг ошқозонидай ташландиқ ва ҳидланган хўракларга кўниккан, энди қўланса гўштларни тишлаётганда вужудида бирон марта жирканиш туймасди: аксинча, баъзи кунлари ана шу егуликни топиш ҳам амримаҳол эди. Эрталаб офтоб тушмайдиган қандайдир кўчадан (кўчалар ва хиёбонларнинг ҳеч қандай маъноси қолмаган эди) ўтар экан омборга ўхшаш, темир-терсак қалашиб ётган бинонинг олдида яшилтоб, атрофини қурбақа йўсини босган ҳовуз кўриб қолган ва бу ерларда ўзини ҳеч ким кузатмаётганига амин бўлгач, ҳовуздан тўйиб ичиб олганди. У ичиб бўлгандан сўнг сувдан мағзава ва балчиқ ҳиди келаётганини сезди, нафасидан ҳам мағзава ҳиди анқий бошлади. Зўриқиб қайд қилгиси келар, лекин бунинг сира иложи йўқ эди; Ошқозони бўм-бўш, қанча ўғчимасин, ичидан кўкариб кетган сувдан бошқа ҳеч нарса тушмасди- у шундагина пешанаси терлаб кетганини англади. Бу нохуш нарсадан дарак берарди: у шамоллаб ёки заҳарланиб қолган бўлиши мумкин. Касал эканлигини хаёлига келтирмаслик ва ўзида умидсизлик ҳис этмаслик учун тинмай юрар ва атрофга ҳеч ким таъқиб этмаяптимикин деган шубҳада олазарак бўлиб кўз ташларди. Таъқиблар уни мушукдай сергак ва чаққон қилиб қўйганди. У иложи борича қоронғуроқ ва овлоқроқ кўчалардан юришга ҳаракат қилар, юзини кўрсатмаслик учун қулоқчинини тушириб олган, увадаси чиқиб, кир-чирга беланган ёмғирпўшининг ёқалари кўтариб қўйилганди.

Гарчи далв ойининг охирларида кун тўсатдан қиш фаслига хос бўлмаган тарзда исиб жўнаган бўлса-да, унга деярли ҳеч ким эътибор бермасди ёки эътибор беришсалар ҳам ўлгудек ичиб олган бўлса керак, деган хаёлга боришарди: кийими, исқирти чиққан ёмғирпўшини айтмаса, иш излаб, дайдиб юрадиган қора ишчилардан фарқи йўқ эди; у негадир ҳеч кимга юзини кўрсатмасликка ёки биров билан дуч келмасликка ҳаракат қилар, агар қаршисидан йўловчи келаётган бўлса, юзини эълонлар тахтасига буриб ўзини худди ўқиётгандай кўрсатиб турар ва яна йўлга тушар, ўзини кимсасиз кўчаларга яширарди. Биров билан тасодифан рўбарў келиб қолса, ерга қараганча тез ўтиб кетишга ҳаракат қиларди: кечалари эса шаҳар чеккасидаги ташландиқ саройда ётиб қолар ва туни билан совуқни енгиш учун юриб чиқарди. У жуда ҳам устаси фаранг эди; бир манзилда ҳа деб ўралашмас, ғанимлар диққатини тортишни истамасди. Кўпроқ кимсасиз хиёбонларда изғиб юрар, шаҳарни беш панжасидай биларди; бироқ кейинги ойларда шаҳар тез ўзгараётган, кундан кун бегоналашиб бораётганди. Шаҳар унинг учун ёт ва чиройли қилиб қурилган қатл майдонига ўхшаб қолганди. Шаҳар марказидаги махлуқ эса ҳар кеча тинмай ўкирар ва у ажал анқиётган бу товушдан қочиб шаҳардан узоқларга кетиб қолгиси келарди. Шаҳар бегоналашган сари у ҳам ўзига бегоналашиб борарди: кўчаларга сердаъват шиорлар ва рангли лавҳалар илиб ташланганди. Ғанимлар афтидан, бу шаҳарни шиорлар салтанатига айлантирмоқчига ўхшарди – шиорлардаги ҳар бир сўзда нафрат ва ғазаб уфуриб турар, у шиорларни ўқийвериб, боши айланар, ўзини ўта ожиз ва маҳкум ҳис этар, бу сўзлар унинг бағрини пора-пора қилиб ташлар, шиорлардаги ёпишқоқ ва шилқим сўзларга асир тушаётганини англаб қоларди. Шиорларни эса кўп жилдли китобдай ўқиб тугатиб бўлмасди: аслида ҳам шаҳардаги барча шиорларни бир жойга йиғса, мисли кўрилмаган улкан китоб пайдо бўлиши мумкин эди. Ҳаммаси буйруқ, давъат, хитоб оҳангида жаранглар, ҳаммасидан шаҳар ўртасидаги махлуқнинг товуш саси келиб турарди. Булар аслида ҳам махлуқнинг товушсиз ўкириклари эди. Ҳар бир кўчада, ҳар бир уйда махлуқнинг ҳайқириғи мавжуд эди. Бу ҳайқириқ эмас, қилич, махлуқ қўлидаги истило қиличи эди.

Муаллиф: Назар Эшонқул
Ўзбекистон | Наср | Ўқилди: 865 | Сана: 11.08.2013 | Шарҳлар (0)
Кукрак бези саратони билан касалланиб, дунёдан бевакт куз юмган мархума турмуш уртогимнинг сузлари... Ушбу шеърни унинг ёркин хотирасига багишлайман.

Муаллиф: Акмал Шарипов
Ўзбекистон | Шеърият | Ўқилди: 817 | Сана: 07.08.2013 | Шарҳлар (2)
Кўзлари илонга ўхшаган аёл
Олдимга оҳиста ёйди дастурхон.
Кейин келажакдан бошлади-ю фол,
Мавҳум тақдиримни айлади баён.

Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ
Ўзбекистон | Шеърият | Ўқилди: 977 | Сана: 02.08.2013 | Шарҳлар (2)
(ёш шоирларга маслаҳат)

“Ҳижрат эркаклар учун вожиб”, дейдилар, аммо, тўғриси, мен Ўзбекистондан чиқиб кетишни орзу қилмаган эдим.
Турғунлик йилларида чоп этилган китобларимни варақлайман. Аксарий шеърлар айрилиқ, уйқусизлик, видолашув, қўмсаш ҳақида. Аксарий шеърлар ҳеч қачон уйидан чиқмаган одамнинг саёҳати ҳақида, ҳеч қачон йиғламаган одамнинг кўз ёшлари ҳақида ёзган шеърларидир.
Шеър табиатан англанмас бир нарсадир. Эски шеърларимни ўқиётиб, уларни англамайман:

Тобора оқарар бошидаги соч,
Тобора узоқлашар ундан,
Бошини силаган ул меҳрибон қўл.

Тобора узоқлашар,
Узоқ-узоқларда хилпирар
Ўзга бир давлатнинг байроғи каби.
(“Она билан хайрлашув”, 1981)

Муаллиф: М.Солиҳ
Ўзбекистон | Адабий ўйлар | Ўқилди: 922 | Сана: 01.08.2013 | Шарҳлар (2)
Шуҳрат Ризаев

Ўзбекнинг инжа шоири Зокиржон Фурқатнинг “Танланган асарлар”ида шеърият муҳибларига ҳануз жумбоқ бўлиб келаётган бир таржиъбанд-мусаддас бор. Уни олимларимиз шартли равишда “Уч хароботий” деб номлаганлар. Шеърнинг ҳар олтилик банди уч шоирнинг якрафтор сифати таърифи билан бошланади: “уч хароботий эрурмиз…”, “уч аламкашмиз”, “уч қаландармиз”, “уч биродармиз”, “уч мусофирмиз”, “уч адойимиз”, “уч навойимиз”, “уч ғарибиймиз”, “уч вафойимиз”, “уч балокашмиз”, “уч мукаддар”… Сўнгги йилларда “Сайланма”лари эълон қилинган бизга замондош, кечагина ёнимизда яшаб юрган уч шоир ҳақида ўйлаб туриб, негадир жигарсўз Фурқатнинг ўша таржиъбанд-мусаддаси ёдга келди.

Бу уч шоир авлоддош эди – 60 дан эндигина уч-тўрт сана ўтиб улгурган ҳозирги шоирларга тенгдош. Бугун уларнинг учови ҳам марҳум. Билишимча, уларни бир-бирига ўта яқин дўст, сирдош биродар сифатида таърифламоққа далиллар ҳам кўп эмас. Учови уч тарафдан – бири гўзал водийнинг Ўшидан, иккинчиси Қашқадарёдан, учинчиси эса Хоразм томонлардан. Аммо уларни бирлаштирадиган чўнг бир робита борки, бу – авлоддошлик ва поэтик қисматдошлик…
Ўзбекистон | Адабий ўйлар | Ўқилди: 805 | Сана: 11.07.2013 | Шарҳлар (0)
Эсимда лаҳзалик бахтиёр ҳаёт
Ва бизни бахтиёр қилолмаган қиш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни кутиш керак, кутиш ва кутиш!..”

Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ
Ўзбекистон | Шеърият | Ўқилди: 971 | Сана: 09.07.2013 | Шарҳлар (0)
Аҳмаджон Мелибоев

Бир cуҳбатда мендан биринчи ўқиган китобимни сўраб қолишди, эслай олмадим, аммо ёшлигимда бошқа тенгдошларимга нисбатан китобни кўп ўқиганим аниқ. Домлалар: “Китобни ким кўп ўқиса, ундан зўр одам чиқади”, дейишарди. Кексалар насиҳат қилишар экан, “Китобда бор гапни айтаяпман, болам”, деб қўйишарди. Биз бўлсак, бу гап қайси китобда айтилган экан-а, деб қизиқиб, зўр одам бўлиш учун қўлимизга нима тушса, ўқиб кетаверардик. У пайтлари китоб ҳозиргидек мўл эмасди. Ягона китоб дўкони туман марказида бўлиб, у ерга бирор сабаб билан бориб қолгудек бўлсак, албатта, бирорта китоб сотиб олардик. Ўқиб бўлганимиздан кейин, бошқа тенгдошларимизга бериб туриш ёки биргалашиб ўқиш одат эди.

Муаллиф: Аҳмаджон Мелибоев
Ўзбекистон | Адабий ўйлар | Ўқилди: 983 | Сана: 05.07.2013 | Шарҳлар (0)
Дилшод ЖАМОЛИДДИНОВ

Мен сенгача рашк нелигин билмас эдим.
Сени севдим-
Тинмай қизганавердим,
Ўз ёғимда ўзим жизланавердим,
Сенга ёқсам дедим-изланавердим.

Афсус,бир хатодан ғаш юракларинг,
Гулмиди ва ёки тош юракларинг,
Муқаддас нарсалар ҳаққи онт ичсам
Қандай бераяпти дош юракларинг!?

Муаллиф: Дилшод Жамолиддинов
Ўзбекистон | Шеърият | Ўқилди: 990 | Сана: 02.07.2013 | Шарҳлар (0)
– Дада, қаёққа бораяпмиз?
– Қўрғонга.
– Қаерда у?
– Борганда кўрасан.
Болакай бошқа савол бермади. Туроббой отни «чуҳ»ларкан, дам-бадам ортига – аравада ётган хотинига қараб қўярди. Тоғнинг эгри йўллари ўнқир-чўнқир, арава ҳар силкинганда, Туроббойнинг кўкси ҳам қўзғалгудек бўларди. «Бечора, – деб ўйлади тағин ортига боқиб, – кўрган куни нимага арзиди?»

Муаллиф: Жўрабек РАМАЗОНОВ
Ўзбекистон | Наср | Ўқилди: 888 | Сана: 30.06.2013 | Шарҳлар (2)
Хуршид ДАВРОН

Сент-Экзюпери “Кичкина шаҳзода” асарини Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан кунларда ёза бошлади. Ёзувчи бу қайғули эртакни ўзининг бешафқат замонасига қарши қўяди. “Мен жуда оғир қайғудаман, юрагим эзилиб кетди, – деб ёзган эди у ўша кунларда дўстига йўллаган мактубларининг бирида. – Мен инсонга хос бўлган фазилатлардан маҳрум авлодни кўриб қайғуряпман… Бутун вужудим билан ўз замонамдан нафратланаман. Бу замонада инсон ташналикдан ҳалок бўлишга маҳкум…
Мени қуршаб турган дунёда фақат бир муаммо бор: одамларга ҳаётдан маънавий қониқиш ҳиссини қайтариш керак… Шеъриятсиз, рангин бўёқларсиз, муҳаббатсиз яшашнинг қизиғи йўқ… Биз нақадар тубанлашиб кетганимизни англамоқ учун XV асрда оддий деҳқонлар куйлаган қўшиқни тинглашнинг ўзи кифоя…”
Адиб назарида дунё ҳалокатга учраб, саҳронинг қоқ ўртасига қулаётган учоққа ўхшарди.
“…Олти йил муқаддам самолётимнинг мотори бузилиб, Саҳрои Кабирга қўнишга мажбур бўлдим. Ёнимда на механик, на биронта ҳамроҳ бор эди. Қанчалик қийин бўлмасин, самолётни бир амаллаб ўзим тузатишга аҳд қилдим. Ё моторни тузатаман, ё ҳалок бўламан. Бир ҳафтага базўр етадиган сув қолган.

Муаллиф: Хуршид Даврон
Ўзбекистон | Адабий ўйлар | Ўқилди: 880 | Сана: 29.06.2013 | Шарҳлар (0)
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0